Зўравонликдан холи ҳаёт ёки ўлим охирги чора эмас... (видео)
Ёш олиманинг гендер тенглик, феминизм, зўравонликка қарши кураш масалалари бўйича тадқиқоти бугунги кунда қай даражада муҳимлиги ҳақида.
Бугунги суҳбатдошимиз «110 метр баландликда» лойиҳаси меҳмони, гендер тенглиги масалалари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси Камола Алиева.
— Хўш келибсиз. Сизнинг гендер тенглиги масалари бўйича чиқишларингизни кўп кузатганмиз. Бугун аҳоли орасида гендер тенглиги тушунчаси ҳақида қандай тафовутлар ва қарашлар мавжуд?
— Гендер тенглиги тушунчаси ҳақида илм одамлари орасида бошқача, аҳоли орасида бошқача тушунчалар бор. Яъни кўпчилик гендер тенглик тушунчасини салбий тушунади. Аслида гендер тенглик бу икки жинс, яъни аёл ва эркакнинг ҳуқуқ, имкониятлари тенг деганидир. Гендер тенглиги тушунчаси бу аёлларнинг ҳуқуқлари эркакларникидан баланд бўлиши керак ёки эркакларнинг ҳуқуқлари аёлларникидан баланд бўлиши керак дегани эмас.
— Бугунги кунда ишхоналарда аёлларни ишга олиш масаласида дискриминацияга дуч келамиз. Мана шундай аёлларнинг ишга олинишидаги стереотипларга нима сабаб — аёлларнинг ўз ҳуқуқини билмаслигими ёки ҳаракатсизлигими?
— Бу бўйича тадқиқотим доирасида 300 дан зиёд респондентлар ўртасида сўровнома ўтказгандим. Ўшанда кўпроқ аёллар қатнашганди. Чунки ишга қабул қилишда ва меҳнат фаолияти давомида гендер стереотиплари ва камситиш ҳолатларига аксарият аёллар дуч келади. Аммо бу ҳақда очиқ гапириш жамиятимизга тўғри келмайди, деган ёзилмаган «қонун» мавжуд.
Кўпинча, аёллар бундай ҳолларда индамай чидашни афзал кўришади. Сабаби, аёл киши ёшлигидан қийинчиликларга «бардошли» бўлишга ва эътироз билдирмаслик руҳида тарбияланади, бунинг оқибатида эса шу каби ҳолатлар такрорланаверади. Маълум бўлишича, иш берувчи аёлларни ишга олаётганда тумуш қуриши, фарзанд кўриши, ёш келин эканлиги ва туғруқ таътилига чиқиб кетиши билан боғлиқ саволларни берган ва агар иш берувчига аёлнинг жавоблари тўғри келмаса ишга қабул қилмаган.
Бундан ташқари аёлларга лавозим беришда булар оиласи сабаб карьера қила олмайди, деган важ билан уларнинг ривожланишига кўринмас тўсиқлар қўйилган. Ва мана шу тўсиқларга қарши аёллар ҳаракат қилмаган. Яъни, улар курашгани билан фойдаси бўлмаслиги ёки ишдан кетиш хавфи кучайишини сабаб қилиб кўрсатишган.
Мен бошқа соҳа вакиллари билан суҳбатлашганимда улар ҳам иш берувчи томонидан «сиз фарзанд кўрар экансиз, биз сизни ишга ололмаймиз» деган дискринимацияга дуч келган. Афсуски, ҳатто ҳуқуқшунос бўлишига қарамай, ўзига бўлган бундай муносабатни табиий деб қабул қилган аёллар ҳам бор. Яъни кўпчилик буни жинсий камситилиш деб тушунмас экан.
— Балки аёлларнинг профессионал мутахассис бўлиши учун имкониятлар, шароитлар яратилмаётгандир, яъни қизларнинг касб танлашида ҳам стереотиплар мавжуд...
— Ўрта Осиёда, умуман бутун дунёда қизлар ва ўғил болаларни ҳар хил тарбиялаймиз. Яъни уларни шахс сифатида андозалашга ҳаракат қиламиз.
Ўғил болалар аксарият ҳолатларда мард ва қўрқмас, ўз ҳаққини талаб қиладиган, ҳиссиётларини яширмайдиган, бошқарувни ўз қўлига оладиган шахс сифатида тарбияланса, қизлар андишали, итоаткор, кечиримли, сабрли, ўз фикрини билдиришдан ва ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишдан тийиладиган қилиб тарбияланади. Ушбу стереотип ёндашув оқибатида раҳбар лавозимларни кўпинча эркаклар эгаллайди, аёлларни эса ижрочи характердаги ишларда учратамиз.
Масалан бизда аёллар учун ўқитувчилик, шифокорлик, ҳамширалик ёки уй хизматкорлиги каби касблар мос келади, деб ҳисоблаймиз .Ва қизларни паст маошли ишларга жалб қиламиз. Қизлар касб танлаётганда бирор соҳага алоҳида қизиқиб эмас, балки оиладаги вазифаларга чамбарчас боғлиқ бўлган касбларни танлашини истаймиз. Айтайлик, қизларни ахборот технологиялари бўйича қобилияти тан олинмайди, яъни йўналтирилмайди.
— Қизлар ва ўғил болалар орасида тенгсизлик эса зўравонликни келтириб чиқаради. Аёлларнинг зўравонлик қурбони бўлса-да, ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмасликлари, жабр кўрса-да оиласини сақлаб қолишга ҳаракат қилиши ҳам унинг бирор касб-ҳунарга эга бўлмаганлиги, ўзини моддий таъминлай олмаслиги, яъни қарамлигига боғлиқ эмасми?
— Охирги пайтларда сабр-косаси тўлиб ўз жонига қасд қилаётган ёки фарзандлари билан ўзини поезд тагига ташлаётган аёллар ҳақида тез-тез эшитамиз. Бу масала бўйича ҳам сўровнома ўтказганимда, 20-30 фоиз респондентлар оилани сақлаб қолиш учун аёл киши сабрли бўлиши керак, деган жавобни беришган. Ундан ташқари бу масала ижтимоий тармоқларда ҳам кўтарилганида кўпчилик аёл ўз оиласини сақлаш учун сабр қилиш керак, чидаши лозим, дея фикр билдиришади. Ваҳоланки, бу ерда аёлнинг ҳуқуқлари, яшаш ҳуқуқи, эркинлиги поймол қилинмоқда. Зўравонлик ҳеч қачон урф-одат ёки қадрият билан оқланиши керак эмас. Урф-одатларни одамлар ўзлари ўйлаб топадилар. Агар қадриятлар ёки урф-одатлар инсоннинг ҳуқуқлари ва эркинлигига зарар етказаётган бўлса, улардан кечиш керак.
— Демак менталитетимизда аёл биринчи ўринда оилани сақлаб қолишга масъул, деган тушунча мавжуд. Яъни аёл зулмга чидаш керак, эр хиёнат қилса кечириши керак, у қайтиб келса кутиб олиши керак.... Сизнингча қачонлардир мана шу қарашлар ўзгарадими?
— Республикамизда ҳам аёллар ҳуқуқлари ва зўровонликка қарши курашадиган қонуний ҳужжатлар қабул қилинган. Масалан, Конституциямизнинг 46-моддасида эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқлидирлар, деб белгиланган, 65-моддасида эса оналик ва болалик давлат муҳофазасида дейилган. Демак, бу ерда фақат она ва болага урғу берилаяпти, ўз-ўзидан эркак дискриминацияга учраяпти. Қўшни давлатларнинг конституцияларини ўрганганимда у ерда оталик, оналик ва болалик давлат муҳофазасида дейилган. Демак, оталар ҳам оилага масъул.
Эркак кўчаникидегани, оилани фақат молиявий томондан таъминлаш дегани эмас, у ҳам оилани сақлаб қолишга, соғлом муҳитни яратишга, бола тарбиясига масъул. Қачон оиладаги зўравонликка барҳам берилади, қачонки тўхтамасдан бу ҳақда гапирилса, бу ҳақда илмий тадқиқотлар кўплаб олиб борилса, ОАВлар бу ҳақда тўхтамасдан чиқишлар қилса, ижтимоий роликлар кўпайса. Зўровонликнинг кўпайишига ёки камайишига тедекўрсатувларнинг ҳам ҳиссаси катта.
Мана шу кузатишларим натижасида менда баъзи эътирозлар пайдо бўлди. Масалан, «Севимли» телеканали орқали эфирга узатиладиган «Менинг қайнонам генерал» номли кўрсатувида жамиятимизда энг кўп муҳокама қилинадиган қайнона ва келин муносабатлари акс этади. Бунда келинларнинг овқат пишириши билан бирга уларнинг чаққон бўлиши, барча уй юмушларини ўз вақтида бажаришлари орқали «идеал келин» образи шакллантирилади. Келиннинг оила аъзоси сифатида ҳақ-ҳуқуқлари, дам олиши, бола тарбияси билан шуғулланиши, инсон сифатида ривожланиши, касбий жиҳатдан ўз устида ишлаши борасидаги масалалар кўрсатувда умуман кўтарилмайди. Фақатгина аёлнинг оиладаги ўрни ҳақида гапирилиб, кўпроқ келиннинг бошқа оила аъзоларига тобе бўлиши кераклиги уқтирилади. Бу эса жамиятимизда гендер стереотипларини тарғиб қилиб, жамиятда гендер тенгсизликни нормал ҳолат сифатида қабул қилишни мустаҳкамлайди.
Юқоридаги мисоллар орқали, аёлларни нафақат турмуш ўртоқ, келин, она, уй бекаси, балки шахс сифатида ўзини намоён қилишига, профессионал ривожланишга ҳуқуқи борлигини кенг тарғиб қилиш кераклигини таъкидламоқчиман. Эркакларнинг аксарият қисми очиқчасига тенгликка интиладиган аёлларни ёқтирмаслиги сир эмас. Шунингдек, жамиятимизда кўпчилик аёлларининг тенгликка интилмаслиги ҳам бор гап. Фикримча, шу сабаб, ишга кириш жараёнида ёки меҳнат фаолиятида аёлларнинг гендер дискриминациясига учраши «оддий» ҳол сифатида қаралиб, ушбу стереотипларни жамият онгига сингиб кетганидан далолат беради. Аммо, бундай вазиятлар ҳуқуқий оқибат келтириб чиқариши мумкинлигини англаб етиш лозим, деб ўйлайман.
Сериалларимизда аёлларни ёмон образларда кўрсатишади, яъни аёллар моддиётга ўч, шантажчи қилиб гавдалантиришади. Қачон қарасанг, қайнона келин ғижиллашгани ғижиллашган. Бу ҳам ўсиб келаётган ёш авлод онгига хоҳлаймизми йўқми, ўз таъсирини кўрсатади.
— Аёлларга қилинаётган зўравонликларга қарши кўпинча аёлларнинг ўзлари курашади. Бирорта эркакни аёллар ҳуқуқлари бўйича курашаётганини кўрмаяпмиз. Аёллар ҳуқуқлари билан курашадиганларни ғарбда феминистка дейишади. Умуман бизнинг жамиятга феминистлар керакми?
֫—Респондентларнинг аксарияти бизда феминизмни нотўғри талқин қилиниши, унинг асл моҳиятини тушунмаслик оқибатида жамият буни умуман қабул қилмаслиги ҳақида фикрлар билдиришган. Баъзи жавобларда эса қисман қабул қилиниши мумкинлиги, аммо бир қатор тўсиқлар барибир менталитетимизга бориб тақалиши ҳақида фикрлар билдирилган.
Фикримча, жамиятимиз феминизмни қабул қилиши учун, аввало ушбу тушунчани тўғри талқин қилиш даркор. Бу эса ўз навбатида, ушбу йўналишда тўғри тарғиботни йўлга қўйиш орқали амалга оширилиши мумкин. Юқорида айтиб ўтилганидек, ҳар бир жамият ўзининг миллий қарашларидан келиб чиқиб феминизмни қабул қилади. Жамиятимизда феминизм орқали аввало, аёл ҳуқуқлари ҳам инсон ҳуқуқлари эканлигини, аёлларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, уларга тенг имкониятлар яратилиши кераклиги ғоясини тарғиб қилиш мақсадга мувофиқдир.
Шу ўринда, шарқона феминизмга таъриф бериш лозим, деб ҳисоблайман. Шарқона феминизм – бу аёлларнинг таълим олишга, эркин касб танлаш ва ишлашга бўлган ҳуқуқлари, оила қуриш масаласида танлаш имкониятига эга бўлишга, жамият томонидан хотин-қизларга нисбатан босимни камайтиришга, асрлар давомида шаклланиб жамият онгига сингиб кетган гендер роллардан холи бўлишга ва уларни бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришга, ўз шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишни талаб қилишга, зўравонлик ва тазйиқлардан холи бўлишга чорловчи дунёқарашдир.
Шарқона феминизм ғарбда тарғиб қилинадиган феминизм ғояларидан фарқ қилади, аёл ва эркакнинг бутунлай тенглик ғоясини утопия эканини қабул қилган ҳолда, аёлларнинг ўзбек жамиятидаги ўрнини юксалтиришга қаратилган ҳаракат сифатида баҳоланиши мақсадга мувофиқ, деган фикрдаман.
Ҳеч қайси шаҳар бир кунда қурилмаган. Инсоният тарихига назар ташласак, ҳар бир янгилик ёки ўзгаришлар кўпинча муайян қаршиликларга дуч келган. Аммо, вақт ўтиши билан одамлар бундай ўзгаришларни ижобий тарафларини кўриб, унинг тўғри ёки муқобил шаклда қабул қилишга эришишган. Гарчи феминизм ғояси бизнинг жамиятимизда катта қаршиликларга дуч келаётган бўлса-да, бу тушунчани шарқона шаклда ва кўринишда мавжуд бўлиши мумкинлиги, бу эса ўз навбатида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамият касб этиши ҳақида ўйлаб кўриш вақти келди.
— Кейинги пайтларда эшитаяпмиз, оилаларда учинчи шахснинг аралашуви билан оилалар бузилиб кетмоқда. Ёки бўлмаса сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган вазиятда яна учинчи томоннинг аралашиши билан оила сақланб қолинишига ҳаракат қилмоқда. Бу эса на ота-онасидан, на маҳалладан қўллаб-қувватлов ололмаётган, айтайлик, келиннинг «сабр коса»си тўлишига, ҳатто ўз жонига қасд қилишигача олиб келмоқда. Яраштиришни иложи бўлмаган оилаларни статистика учун тиклашга уриниш ҳолатларининг аянчли оқибатларига маҳалла ҳам сабабчи бўлиб қолмаяптими?
— Бизнинг қонунларимизда маиший зўравонлик тушунчаси йўқ. Аввало, мана шу тушунчани шакллантиришимиз керак. Биласиз, Республика хотин-қизлар кенгаши ташкил қилинган. Оилавий зўравонлик қурбонларига амалий кўмак бериш учун ишчи гуруҳи ташкил қилинган. Бу ишчи гуруҳга турли давлат ташкилотлари ва ННТлар бириктирилган. Бу ишчи гуруҳлар билан комплекс чора-тадбирлар белгиланган. Йўл харитаси тузилган.
Оилавий маиший зўравонлик қурбонларига амалий кўмак берилмаётганига ечимлар изланмоқда. Тадқиқотчи сифатида оилавий маиший зўравонлик тушунчасини қонунчиликка киритишни таклиф қиламан. Келгусида зўравонликка қарши кураш тўғрисидаги қонунда айнан оилавий маиший зўравонлик бўйича жавобгарлик кучайтирилади. Масалан, ғарбда бу оғир жиноят ҳисобланади. Бизда эса эр-хотин жанжаллашиб қолса, қўшнилар шикоят қилса, хотин эридан шикоят қилмади, деб иш очилмайди. Яъни маҳалла нозири аралашмоқчи бўлса, зўравонликка учараган аёлнинг ўзи, «болаларимнинг отаси уят бўлади, иснод бўлади», деб даъвосини қайтариб олади. Бу нотўғри, яъни аёл даъво қилмаган тақдирда зўравонлик жазосиз қолмаслиги керак.
Яна бир гап — бизда психолог, суицидологларга талаб ва эҳтиёж катта. Лекин шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтмоқчиман, кўпинча телевидения орқали ўз муаммоларига ечим топмоқчи бўлган жабрланувчига психологлар жуда нотўғри муносабатда бўлишади. Ўзи руҳан сиқилиб нажот излаб келган аёлга кўрсатувда иштирок этаётган психологлар баланд овозда насиҳат берган ёки унинг ўзини барча кўргуликларига айбдор қилиб ташлашган. Шунинг учун психологларнинг квалификациясини қайтадан кўриб чиқиш керак, деб ҳисоблайман.
— Гендер тенглик, феминизм, зўравонлик каби масалалар фақат шу борада илми, тажрибаси бор аёллар ўртасида муҳокама қилинади, ечим изланади. Энди қишлоқларда ҳали гендер тенглик, феминизм, зўравонлик каби тушунчаларга эга бўлмаган, ҳаёт шу экан, қисматимиз шу экан, деб кун кўрмай ўтиб кетаётган баъзи аёлларни бу ҳолатлардан қандай олиб чиқамиз? Ахир миллатни оналар тарбиялайди, эркакниям она тарбиялайди...
— Эркакларни биз тарбиялай олмаймиз. Аммо видеороликлар орқали, психологик ёндошув орқали уларнинг дунёқарашини ўзгартириш мумкин. Мактабдан, боғчадан ёш авлодга гендер тенгликни, иккинчи жинснинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилишни ўргатиб бориш лозим. Айниқса, аёлни ҳар бир кўргуликка айблаш иллатини йўқотишимиз керак. Ахир уни айблашдан олдин оқибатларини, сабабларини ўрганишимиз керак, билмаймизку ҳаётида қандай қийинчиликларга дуч келган. Бу вазиятга ўз-ўзидан етиб келмагандир.
Қишлоқларда аёллар меҳнат билан овора бўлиб телевизор кўрмаслиги мумкин, балки радио эшитар, агар радио эшитишнинг имкони бўлмаса, манзилли кўмак бериш лозим.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан режа ишлаб чиқилган. Балки маҳаллаларда мутахассислар тренинглар ўтказиш керак. Зўравонликка қарши кураш фақатгина ҳуқуқшуноснинг, психологнинг, маҳалла мутахассисларининг эмас, ҳар биримизнинг масъулиятимиз, атрофимидаги зўравонликка ҳар бир шахс лоқайд бўлмаслиги керак. Агарда бизнинг мана шу чиқишларимиз битта инсоннинг ҳаётини яхшиласа, бу ютуғимиз. Баъзида аёлларимиздан эшитиб қоламиз, «сизларнинг ҳаракатларингиз ва чиқишларингиздан сўнг биз зўравонликдан холи ҳаёт ҳам борлигини, ўлим сўнгги чора эмаслигини билдик», деган иқрорларини, албатта бу жуда катта қувонарли ҳол. Биз бошқаларга бефарқ бўлмасак, бу йўлда бирлашиб ҳаракат қилсак мақсадга эришамиз, деб ўйлайман.
— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Барно Султонова суҳбатлашди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter