«Ароқ сотиладиган дўконлар ғоятда хавфли жойлардир» – Зимбабве вазири
Африкада коронавирус билан чалинганлар сони 3 миллион нафардан ошди. 1,3 миллиард аҳоли яшайдиган қитъада бу дарддан ҳозиргача 60 минг инсон қурбон бўлди.
Касаллик кўрсаткичларининг пастлигига асосий сабаб сифатида Африка мамлакатларининг иқлими, аҳоли қатламларининг ёшлиги, қитъа транспорт инфратузилмасининг яхши ривожланмагани асосий сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Қолаверса, статистиканинг тўғри олиб борилмаётгани ва аҳолини тестдан ўтказиш тизимидаги оқсоқликлар ҳам рақамларнинг реал ҳаётга мос эмаслигидан далолат.
Маълумотларга кўра, Африкада атиги 8 мамлакатда туғилишни рўйхатга олиш бўйича тўлақонли тизим ишлайди, фақат 3 давлат (Миср, Маврикий ва Сейшел ороллари)да ўлимни рўйхатга олиш тизими амал қилмоқда.
Шу сабабли тиббиёт марказлари сонларни қандай маъқул келса шундай кўрсатиб келмоқда.
Қитъадаги энг қолоқ давлатлардан бири – Зимбабведа айни кунларда пандемиянинг янги тўлқини авж олмоқда.
«Коронавирус карантини вақтида Зимбабве супермаркетларида спиртли ичимликлар сотилишига рухсат берилмайди», дея маълум қилди мамлакат Адлия, юридик ва парламент ишлари вазири Зиямби Зиямби.
Янги карантин чораларига кўра, спиртли ичимликлар дўконларига тақиқ ҳозирча январ ойи учун амал қилади. Фақат меҳмонхоналар ўз мижозларига уларни сотиши учун чекловлар қўйилмаган.
«Ароқ сотиладиган дўконлар COVID-19 тарқалиши учун ғоятда хавфли жойлардир. Мақсадимиз – одамлар уйда қолсин, инфекция тарқамасин ва ҳамма талабларга риоя қилсин», дейди мулозим.
Бундан ташқари, барча мажлислар, тўй ва диний маросимлар 30 кишидан оширмаслик шарти билан ўтказилади. Аммо дорихоналар ва банклар, асосий корхоналар фаолият кўрсатади.
Элчихоналарда ҳам аҳвол чатоқ
Иқтисодий қийинчиликлар барча соҳаларда сезилмоқда. Масалан, Зимбабвенинг турли мамлакатлардаги элчихона ва консулликлари жуда уятли ҳолатда ишлашга мажбур бўлишмоқда.
Миллий парламентнинг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси Каинднес Парадза хонимнинг Зимбабве телерадио корпорациясига маълум қилишича, элчихоналар ходимлари ярим бузилган уйларда яшашмоқда, машиналар эскириб кетгани сабабли, дипломатлар жамоат транспортидан фойдаланишга мажбур бўлишмоқда. Дипломатик миссиялар жойлашган биноларнинг аҳволи ҳам жуда абгор. Мамлакатнинг Нью-Йорк, ЖАР, Замбия ва Мозамбикдаги элчилари қароргоҳлари ҳам талаб даражасида эмас. Тез орада дипломатик миссиялар ижара ҳақларини ўз вақтида тўлай олмагани сабабли бинолардан ҳайдаб чиқарилиши мумкин.
Зимбабве ташқи ишлар вазирлиги 2021 йилда хориждаги ваколатхоналарни фаолиятини молиялаштириш учун 672 минг доллар маблағ сўраган. Бироқ молия вазирлиги пул йўқлиги сабабли атиги 114 100 доллар ажратган. Натижада тез орада чет элдаги дипломатлар оммавий бўшатилиши мумкин.
Зимбабве хорижда 28 та элчихона ва 11 та консулликка эга. Ўз навбатида мамлакат пойтахти Харареда 34 давлат элчихонаси ва 5 консуллиги фаолият кўрсатади. Бундан ташқари, 48 та хорижий давлатларнинг Зимбабведа аккредитациядан ўтган элчилари қароргоҳлари ЖАРнинг пойтахти Претория ва Эфиопия пойтахти Аддис-Абебада жойлашган. 5 мамлакат, жумладан Польша ва Чехия бу ердаги элчихонасини ёпди.
10 минг сохта хизматчи аниқланди...
Жаҳон озиқ-овқат дастурлари огоҳлантиришича, миллиондан ортиқ зимбабвелик сўнгги уч йилда тўхтовсиз кечаётган қурғоқчиликлар, иқтисодий беқарорлик ва пандемия туфайли очлик домига тортилган. Ҳозирнинг ўзидаёқ 7,6 миллион киши қашшоқликда кун кечирмоқда. 17 миллион аҳолисининг ярми қишлоқ жойларида истиқомат қилаётгани боис сув ҳаёт-мамот масаласига айланди.
Шунча кўргуликлар бўлиб турганда, 10 минг сохта давлат хизматчиси ишламасдан ойлик олиб келгани аниқланди. Жаҳон банки давлат хизматчилари ва компаниялари биометрик ҳисобини юритишга кўмак тизимини жорий этгач, мана шундай талон-торожликларга қўл урилгани ошкор бўлиб қолди.
«Биз ҳар бир ишчи ўрни, ҳар бир амалдор ва давлат хизматчисини биометрик текширувдан ўтказдик, – дейди Зимбабве давлат хизмати бўйича Комиссиянинг меҳнат ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлими бошлиғи Мозес Мике. – 10 минг «номаълум шарпа»нинг номи идораларнинг ҳисоб-китоб ҳужжатларида акс этган. Улар ҳақиқатда ишлашмаган, аммо уларга ойлик маошлари ўтказиб келинган».
Ҳозирда пулларни айнан ким олиб келгани, номлари қайд этилган шахслар аслида кимлар бўлгани, кўрилган зарар миқдорини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Айни пайтда Зимбабведа 300 минг давлат хизматчиси бўлиб, уларнинг иш ҳақлари учун давлат бюджети даромадларининг 90 фоизи тўланади.
Фермерларни рози қилишмоқда...
Қишлоқ хўжалигини бошқариш борасидаги яна бир масала туфайли тармоқдаги аҳвол жиддийлашиб турибди.
Молия вазирлиги аризасига кўра, шу кунларда ҳукумат оқ танли фермерларнинг коллектив давосини қаноатлантиришни режалаштирмоқда.
2000 йилларда қишлоқ хўжалиги ерлари ва мулкларни мажбурий қайта тақсимлаш чоғида улар йўқотилган ўз бойликлари ҳисобига 3,5 миллиард АҚШ доллари товон пули талаб қилишмоқда.
Мамлакат Британия мустамлакаси бўлган даврдан буён бу фермерларнинг хусусий мулклари бўлиб келган ер участкаларининг тортиб олингач, ҳукумат томонидан сотиб олиш тўхтатилганда фермерлар халқаро судга мурожаат қилишди. Британия аввалига эса Зимбабвега фермерлар ерларини сотиб олиш учун маблағлар тақдим этишга ваъда берган бўлса-да, томонлар келиша олмагани сабабли буни амалга оширмади.
Ҳукуматнинг ён бермаслик сиёсати оқибатда валюта тушумлари келтирадиган, экспортни таъминлайдиган соҳа тўлиқ барбод бўлди. Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва қатор давлатлар Зимбабвенинг фермерлик сиёсатига қарши мамлакатга иқтисодий санкцияларни қўлламоқда.
Муаммога узил кесил нуқта қўйиш мақсадида мамлакат раҳбарияти 65 фоиз улуши давлатга тегишли «Kuvimba Mining House» кон компаниясига оқ танли фермерларнинг товон пулларини тўлаб бериш мажбуриятини юкламоқда. Улкан миқдордаги маблағларни тез фурсатларда тўплаш учун ҳукумат давлатнинг қарз облигацияларини чиқариш ниятида.
Бу саъй-ҳаракатлар келгусида мамлакатнинг халқаро ташкилотларга аъзолигини қайта тиклаб, нафақат молиявий ёрдамлар олишини осонлаштиради, балки тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келишини фаол рағбатлантиради.
Бу шунинг учун ҳам муҳимки, ҳукуматнинг нотўғри иқтисодий сиёсати туфайли мустақиллик йилларида бутун саноат салоҳияти амалда йўқотилди. Инфляция ва ишсизлик даражаси ниҳоятда юқори. Импорт қилинаётган жиҳоз ва технологияларсиз беқиёс улкан ер ости қазилма бойликларини самарали қазиб олиш имконсиздир.
Бундан ташқари, электр энергиясини олиш ва қишлоқ хўжалигини самарали сув билан таъминлаш мақсадида Зимбабве қўшни Замбияга билан биргаликда йилига 750 миллион доллар фойда келтирадиган ва 10 минг одамни иш билан таъминлайдиган Батока-Горж ГЭСнинг қурилиш ишларини шу кунларда бошлаш арафасида. Бу ҳақда лойиҳа бош ижрочи муҳандиси Муньярадзи Мунодавафа «The Herald» агентлигига маълум қилди.
Ўтган ҳафта Замбези дарёсини бошқариш бўйича лойиҳа муҳокамасида тўғон иншоатини икки давлат чегарасида шакллантирилиши маълум қилинди.
Унга мувофиқ, ГЭСга яқин Зимбабвенинг Хванге қишлоқ округи кенгашида бир неча миллион долларга шаҳар қурилиши режалаштирилмоқда.
Ўтган йили 1 октябрдан хорижий сайёҳлар учун мамлакат чегараси очилди. Шу тариқа узоқ йиллар Роберт Мугабе (1987-2017) диктаторлиги даврида йўл қўйилган хатоларни янги ҳукумат тузатишга катта сиёсий ирода кўрсатиб келмоқда.
Лобар Шомуродова,
журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter