Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энди 100 млн сўмгача бўлган заргарлик буюмларини декларация тўлдирмасдан Ўзбекистондан олиб чиқиш мумкин

Энди 100 млн сўмгача бўлган заргарлик буюмларини декларация тўлдирмасдан Ўзбекистондан олиб чиқиш мумкин

Ўзбекистонда жисмоний шахслар қиймати 100 миллион сўмгача (Марказий банкнинг айни пайтдаги курси бўйича қарийб 8,2 минг АҚШ долларигача) бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан мамлакат божхона ҳудудидан олиб чиқишга рухсат берилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Ўзбекистон президентининг 31 октябрдаги фармонига таянган ҳолда хабар қилди.

Бунгача қиймати 5 минг доллардан ортиқ бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилган.

Янги фармонга кўра, қиймати 100 миллион сўм ва ундан ортиқ бўлган заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиши мумкин.

Шунингдек, ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомга киритилган кўшимчага кўра, заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларга заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритмасдан Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига тижорат мақсадларида олиб чиқишга рухсат берилади.

Аввалоқ президент раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда тайёр заргарлик буюмларини чет элга олиб чиқишга оид тартибларнинг мураккаблиги аҳоли ва тадбиркорларга ноқулайлик туғдираётгани, буни ҳал этиш учун заргарлик маҳсулотларини эркин бозорга олиб чиқишдаги тўсиқларни олиб ташлаш, якка тартибда заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини сотиш ҳуқуқини бериш, жисмоний шахслар томонидан заргарлик буюмларини чет элга олиб чиқиш тартиби соддалаштирилиши лозимлиги таъкидланганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг