ИИВ нашрида Юлдуз Усмоновага ҳуқуқий чора кўрилишига ишора қилинди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Бирлашган таҳририяти сайти (postda.uz) орқали халқ артисти Юлдуз Усмонованинг тизим ходимлари шаънига айтган гапларига нисбатан муносабат билдирилди.
Сайтда эълон қилинган журналист Камол Оллоёров «Ўйламай гапирган оғримай ўлар» мақоласида «...қизларимиз, аёлларимиз ибрат олиши керак бўлган санъаткоримизнинг тилидан учган сўзлар» кишида (хонандага нисбатан) «азбаройи, ачиниш» уйғотиши таъкидланади. Шунингдек, мақолада «...вақти-соати келиб, Юлдуз Усмонованинг «куйиб-ёнишлари» сабаби ойдинлашар, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилар ҳам», дея алоҳида таъкидланади.
«Балки, «кечирим сўраш» челленжи айнан у томонидан давом эттирилар. Нима бўлганда ҳам, бутун бир тизим ходимларини ҳақоратлашга, обрўйини ерга уришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», дейди пировардида муаллиф.
Дарвоқе, муаллиф башорат қилганидек, орадан кўп ўтмай хонанда ижтимоий тармоқ орқали узр сўрашга ҳам улгурди. Бироқ унинг «тазарру»си кўриб, узрнинг қадри қолмаяптими, деган хаёлга боришингиз аниқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Маданият вазирлиги Юлдуз Усмонованинг Ички ишлар ходимлари шаъни ва қадр-қимматини (хонанда уларга нисбатан «падарингга лаънат» иборасини қўллашдан ташқари «мана ҳурмат!» дея кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасидан бош бармоғининг учини кўрсатганди) ерга урувчи «баёноти»ни қоралаб чиққанди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter