Ёзувчилар уюшмаси Дўрмон боғи бўйича раддия берди
Кеча эълон қилинган “Ёзувчилар боғини стадионга айлантирган футболчилар” номли мақоладан сўнг Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати ҳолатни ўрганиш учун “Дўрмон” ижод уйи директори Асқар Умматқулов билан боғланди.
Маълум бўлишича, ҳозирги кунда чинданам Самарқанднинг “Динамо” футбол клуби футболчилари Дўрмон ижод уйида яшаяпти. Директорнинг айтишича, Дўрмонда футболчиларнинг биринчи марта туриши эмас, улар аввалги йилларда ҳам бу жойга келиб яшашган. Футболчилар тонгда эрталабки бадантарбия учун 5-10 дақиқа чигалёзди машқлари билан шуғулланишган.
– Аммо улар бақир-чақир қилиб, ҳамманинг тинчини бузгани, боғдаги чимларни ҳам тепалаб ташашгани йўқ, – дейди Асқар Умматқулов. – Улар аниқ мақсад билан келган йигитлар, соғлом ҳаётни тарғибот қилувчи одамлар. Тошкент вилоятида жойлашган ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига қарашли “Дўрмон” ижод уйида 114 кишилик жой бор. Аммо йил давомида ушбу ўринларни ёзувчи-шоирлар банд қила олмайди. Бўш турган жойлардан унумли фойдаланиш ҳамда ижод уйининг шароитини яхшилаш, ижодкорларга янада яхши қулайликлар яратиш, қўшимча даромад олиш учун “Дўрмон” ижод уйининг 38 ўринли қўшимча биносидан меҳмонхона сифатида фойдаланиб келинади. Аммо бу ерда тартиб-интизом ҳамма учун баробар.
Раддияда ёзилишича, бу вазиятдан Ёзувчилар уюшмаси хабардор. Футболчилар кўпроқ ва “ортиқчароқ” эмас, тарифда белгиланган пулни тўлашмоқда.
Бўш турган хоналардан қўшимча даромад топила бошлангач, топилган даромад ҳисобига, “Дўрмон” ижод уйидаги ташландиқ жойда чойхона ҳам ташкил этилган. Бугун у жойдаги ўнга яқин сўрида дам олувчилар ҳордиқ чиқаришмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter