Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ёдгоров сигаретни кулдонга асабийроқ эзғилади. Ва...

Ёдгоров сигаретни кулдонга асабийроқ эзғилади. Ва...

...Суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотлар бошланганиям чорак асрдан ўтди. Ҳануз давом этмоқда. Бу нимадан далолат: самара камлигиданми ё аввалгилари шунчаки юзакимиди? Бу жараён яна қанча давом этади-ю кутилган самарани қачон кўрамиз?

Кутилмаган саволларга доим тайёр турадиган Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров суҳбат бошиданоқ «ёқадан олишимиз»ни кутмаган чоғи, қўлида тутатиб турган сигаретни асабийроқ кулдонга эзғилаб, қаддини ростлади. Ва саволларга пайдар-пай жавоб беришга тушди.

Дарвоқе, суҳбатимиз давлатимиз раҳбарининг куни кеча эълон қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони мазмун-моҳияти хусусида кечди...

1

- Ислоҳотлар - мавсумий тадбир эмас, у давом этиб борадиган жараён, - дея гап бошлади Холмўмин Ёдгоров. - Ўтган йиллар давомида тизимда озмунча ўзгаришлар бўлгани йўқ, тўғри. Суд-ҳуқуқ тизимиздаги навбатдаги ислоҳотлар эса ўтган йиллар давомида орттирилган тажрибалар, қилинган таҳлиллардан келиб чиқиб, амалга оширилиши керак бўлган ишларнинг изчил давоми ҳисобланади. Рост, хато-камчиликлар бўлмади, дейиш қийин. Аммо муайян ютуқлардан кўз юмиш ҳам инсофсизлик бўлади. Юрт тараққиёти учун энг бирламчи омил нима? Ўлманг, ижтимоий адолат! Бусиз ривожланиш, кечирасиз-ку, тушингизга ҳам кирмайди! Ижтимоий адолатни таъминламасдан туриб тараққиётган эришиб бўлмас экан, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар давом этаверади. 

2

- Суд ҳокимияти мустақиллигини амалда таъминлаш ҳозиргидек давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганми ҳеч?! Ўтган қисқа вақтда қилинган ишлар самараси ўзини кўп куттирмади-ку?! Биргина мисол, «оқлов ҳукми» деган нарса судлар ёт бўлиб кетмаганмиди? Ўтган уч йилда 2273 шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Илгари «эшикни ичкаридан беркитиб» ишлаган бўлсак, бугун одамларнинг олдига ўзимиз боряпмиз. Ўтказилаётган сайёр судлар кўрилаётган ишларнинг ярмидан кўпроғини ташкил этмоқда. Сайёр қабуллар-чи?. Маҳалла ва ёшлар иттифоқи кафиллиги остида уч ярим минг нафардан кўп ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланганини айтинг... Бунақаси аввал бўлганми? Йўқ!

Шунча ўзгаришлар силсиласида тизимни яна-да ислоҳ қилиш эҳтиёжи пайдо бўляптики, буларнинг ҳаммаси давлат раҳбарининг сиёсий иродаси ҳосиласидир.

3

- Энди фармон ҳақида гаплашсак? Қитмирлик қилмай, гап бошидан шундан келмайсизми, акаси?.. Қисқа тушунча беринг?.. Диққат билан ёзинг унда: мазкур фармондан кўзланган асосий мақсад фуқаролар, кенг халқ оммасининг одил судловга бўлган талабини қаноатлантириш, жисмоний ва юридик шахс қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоя қилиш, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашдан иборат! Муҳтарам юртбошимиз Олий Мажлисга қилган Мурожаатини эсланг-а: «Қонунчиликни янгилашдан мақсад-фақат қонун қабул қилиш эмас, аксинча, янги қонунлар эртага одамларга қандай амалий наф бериши, уларнинг ҳаётини қандай енгиллаштириши ҳақида бош қотиришдан иборат бўлмоғи лозим...» деб қайд этган эдилар. Ана шу нуқтаи назардан, дарҳақиқат, ўтган вақт мобайнидаги суд амалиёти таҳлили судларда ишларини ташкил этиш ва тизимни янада ислоҳ қилиш лозимлигини кўрсатди.

4

- Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали самарали ҳимоя қилиш биргина мавжуд моддий қонун нормаларига эмас, балки амалдаги суд тизимига ҳамда судларда иш кўриш қандай ташкил этилишига, бир сўз билан айтганда, процессуал тартиб-тамойилларга ҳам боғлиқ. Фармонда бу борадаги муҳим вазифалар белгилангани билан ҳам аҳамиятлидир.

Хусусан, Фармон билан 2021 йил 1 январдан вилоятлар миқёсидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар негизида (судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда) ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилиши белгиланди. Яъни, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг ҳар бирида алоҳида-алоҳида фаолият юритаётган 3 та (фуқаролик, жиноят ва иқтисодий) судлар бирлаштирилиб, уларда (худди Олий судда йўлга қўйилган тартибда) алоҳида судлов ҳайъатлари ташкил этилади.

Бунда, биринчидан навбатда бошқарув, суд ишини ташкил этиш такомиллашади, иккинчидан, судлардаги ишларни апелляция инстанциясида кўришдаги мавжуд сансалорликка барҳам берилади, энг асосийси - суд хатоликларини ўз вақтида тўғрилаш имконияти юзага келади.

5

- Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати (маъмурий судлардан) жиноят ишлари бўйича судларига ўтказиш белгиланди.

Амалдаги маъмурий судларга - давлатнинг мажбурлов чораларини қўллаш ва давлат, давлат бошқарув органлари ва назорат органларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низоларни кўриш вазифалари юкланган эди. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга берилиши маъмурий судлар ваколатидаги ана шу мантиқий бир-бирига зидликка барҳам беради.

 Шу билан бирга, Фармонда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатларни кўришга ихтисослаштирилган туманлараро маъмурий судларни ташкил этиш, шунингдек вилоят ва унга тенглаштирилган судларни сақлаб қолиш қайд этилди. Бунинг ўринли томони шундан иборатки, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатларга оид ишларнинг вилоят марказидаги туманлараро судлари томонидан кўрилиши суд ишларига маҳаллий аралашувлар эҳтимолининг олди оланади.

6

- Фармонда айрим туман судлари тугатилиб, айрим туманларда янги судлар ташкил қилиниши ҳам қайд этилди. 

Бу ҳам суд тизими тузилмаси аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари, шунингдек, судларнинг иш юкламаси инобатга олинган ҳолда такомиллаштирилаётганидан далолат беради.

Хусусан, Фармонга кўра, тегишли туман (шаҳар) аҳоли сонидан ва судларнинг ҳақиқий иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда:

2021 йил 1 январдан Амударё, Нуробод ва Бойсун туман иқтисодий судлари тугатилиб, бу ҳудуддаги иқтисодий низоларни кўриш вазифаси яқин туманлардаги судлар зиммасига юклатилади. Чунки ушбу туманларнинг аҳолиси сони нисбатан кам ва иқтисодий судларнинг иш юкламаси ҳам унчалик юқори эмас. Масалан, Бойсун туман иқтисодий суди 2020 йилнинг ўтган 6 ойи давомида 21 та иш кўрган, холос. 

7

- Аҳоли сони нисбатан кўп бўлган ҳамда қўшни туман судлари узоқ масофада жойлашган Янгийўл туман ва шаҳар (аҳоли сони 275 минг) ва Ургут (аҳоли сони 507 минг), Хатирчи (аҳоли сони 193 минг), Пахтакор (аҳоли сони 124 минг) туманларида фуқаролик ишлари бўйича судлари ташкил этилади.

Шунингдек, Сўх тумани (аҳолиси 77 минг) анклав бўлгани, фуқароларга чегарадан ўтиб, Риштон туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиши қийинчилик туғдираётгани инобатга олиниб, ушбу туманда янги фуқаролик ишлари бўйича суд ташкил этилмоқда.

Бундан ташқари 2019-2020 йилларда янги ташкил этилган Бўзатов, Тахиатош, Бандихон ва Тупроққалъа туманларида ҳам жиноят ишлари бўйича судлар фаолияти йўлга қўйилиши назарда тутилган.

8

- Президент фармонида Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркиби тузиш ҳам белгиланди.

Бу судлов таркибининг вазифалари нималардан иборат бўлади? Шундай судлов таркиби тузиш жуда катта янгилик ҳисобланади. Чунки илгари бизда бундай судлов таркиби бўлмаган.

Бугун Ўзбекистон Республикаси жаҳонга юз бургани, кўплаб инвесторлар мамлакатимизда ўз фаолиятини юритишга қизиқаётгани ҳеч кимга сир эмас. Албатта, инвесторларни аввало биздаги мавжуд қонун-қоидалар қизиқтиради. Фармон асосида инвестициявий низоларни ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича алоҳида судлов таркибини тузиш уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатли ҳимоя қилинишини таъминлайди. Инвестициявий судлов таркибнинг ташкил этилиши натижасида инвесторларнинг ўз низоларини ҳал қилиш учун турли суд инстанциялари ўртасида ойлаб вақт йўқотишларнинг олди олади, муаммо битта суд доирасида ҳал қилиниши таъминланади. Инвесторларни биласиз, улар «вақтим - нақдим» мақолини қаттиқ яхши кўради.

9

- Яна саволлар борми? Етарли бўлди? Ундай бўлса, келганинглар учун раҳмат. Яхши кунларда кўришайлик...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг