Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Йирик можаро — Қирғизистон ЕОИИдан чиқиб кетиши мумкин

Йирик можаро — Қирғизистон ЕОИИдан чиқиб кетиши мумкин

Қирғизистон ЕОИИга аъзолик масаласини кўриб чиқиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат иқтисодиёт вазирлиги томонидан хабар берилган.

Айни вақтда Қозоғистон чегарасида Қирғизистонга тегишли юзлаб юк машиналари тўхтаб турибди ва мамлакат ЕОИИдан ушбу масалада ҳакамлик қилишни талаб этмоқда. Агарда муаммо ҳал қилинмаса, расмий Бишкек ЕОИИдаги вакилларини чақириб олишга ва ҳатто ташкилотдан чиқиш масаласини кўтаришга тайёр эканини билдирган.

Ҳозирча Қирғизистон иттифоққа аъзолик келишувига амал қилади, аммо яқин вақтлар ичида масала ҳал қилинмаса, вазирларни чақириб олиш механизми ишга туширилади.

«Қирғизистон учун муаммо ҳал қилинмас экан, ЕОИИга аъзоликдан ҳеч қандай мантиқ йўқ. Барча маҳсулотлар Қозоғистон билан чегарада тўхтаб қолмоқда. ЕОИИга бу борада мурожаат бўлди, аммо бошқарув қўмитаси Қозоғистоннинг тарафини олди. Агарда шу сафар ҳам яна ушбу ҳолат такрорланса, ЕОИИга аъзолик масаласи кўтарилади», — дея хабар берган Қирғизистон иқтисодиёт вазирлигидаги манба.

Қирғизистоннинг эътирозига кўра, Қозоғистон томони Хитойдан келаётган контрабандани тўхтатиб қолиш мақсадида чегарада маҳсулотларни тўхтатиб қолмоқда. Аммо даъво қилинишича, чегарадаги тўхталишларга Хитой контрабандаси эмас, балки Қозоғистондаги йирик логистика марказини назорат қилиш бўйича ички келишмовчиликлар сабаб бўлган. Бу эса ЕОИИ ичида тўсиқларни юзага келтирмоқда.

Қирғизистон иқтисодиёт вазирлиги томонидан таъкидланишича, ушбу ҳолат Россиянинг обрў-эътиборига салбий таъсир қилади. Чунки айнан шу мамлакат иттифоққа бирлашишда ташаббускор ҳисобланади.

Ўз навбатида Қозоғистон томони ўз бозори ва ЕОИИ бозорини Хитой контрабандасидан ҳимоя қилаётганини билдирмоқда. 8 июнда Қозоғистон молия вазирлиги Қирғизистонни экспортнинг ҳақиқий ҳажмини яшириш ва сохта транзитда айблаган. Қозоғистоннинг таъкидлашича, қирғизлар берган маълумотда 2019 йилнинг 9 ойида 45 миллион долларлик экспорт амалга оширилгани айтилади. Аммо Қозоғистондаги маълумотларга кўра 465 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 6 июнда Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги «Актилек» назорат ўтказиш пункида 500 та юк машинасидан иборат 8 километрлик тиқин юзага келганини хабар қилган эди. Бунга эса Қозоғистон молия вазирлиги ходимлари томонидан ўтказилган чуқурлаштирилган текширув сабаб бўлган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг