Йиғлагинг келади: «Китоб олами» чанг босиб ётибди...
Дўстимнинг туғилган куни эди денг. Дийдор учун зўр баҳона. Қуруқ қўл билан борилмайди, албатта. Энг яхши совға — китоб! Шу ниятда Ҳазораспдаги савдо марказларига йўл солдим.
Туман Ёшлар маркази рўпарасидаги икки қаватли бино тепасига отнинг қашқасидек ёзув илинган: «Китоблар олами»!
Бинонинг асосий қисмини турли пишириқлар ёки авиачипта сотувчи фирма ва ўқув маркази банд этган экан... Ичкарироқда турли анжомлар сочилиб ётибди. Боз китоб дўкони эшигига қулф урилган, фақат ойнаванд деворидан жавонларнинг деярли бўм-бўшлигини, фақатгина бир неча китобнинг чанг босиб ётганини кўриш мумкин.
Шу ердагилардан «Китоб дўкони қаергадир кўчганми?» деб сўрадим. Улар ҳеч нима билмаслигини айтишди. Иккинчи қаватга кўтарилдим. У ерда ўқув маркази ёшларга чет тилини завқ билан ўргатаётган экан.
Хуллас, Ҳазораспни айланиб-айланиб арзирли китоб дўконини тополмадим. Марказий буюм бозори шимолидаги дўконларнинг бирига ҳам «Китоблар» деган ёзув осиғлиқ. Бироқ у ҳам қулф, деразасидан ичкари бўм-бўшлиги кўриниб турибди.
Туман марказидаги Ойбек номли маҳаллада жойлашган чоғроққина дўконда эса китоблар номигагина қўйилган экан. Ўзини таништиришни истамаган ходимлардан бири китоб савдосидан кўнгилдагидай даромад кўриб бўлмаслигини, шу сабабдан пишириқлар сотишаётганини таъкидлайди...
Тўғри, китоб савдоси билан шуғулланиш осон эмас. Чунки китоб сотувчи зиммасида реклама ва тарғибот ишлари каби залворли вазифа ҳам мавжуд. У янги адабиётларни таништириш мақсадида жойларда тадбирлар ўтказмаса, китобхонлик моҳиятини одамларга тушунтириб, қизиқтириб бормаса, албатта бозори касодга учрайди. Бу борада китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун тегишли муассаса ва ташкилотлар билан изчил ҳамкорлик олиб бориш талаб қилинади.
Камига, бу йилдан бошлаб китоб савдоси билан шуғулланувчиларнинг мушкули баттар ортди: энди улар ҳам қўшимча қиймат солиғи тўлайди...
Бироқ бундан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида жойларда қандай ишлар амалга ошириляпти? Назаримда, Ҳазорасп туманида бу борадаги ишлар машҳур цирк усталарининг кўзни шамғалат қилиш усулига ўхшаб қолаётгандек, гўё.
Маълумки, китоб савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларга солиқ тўловлари бўйича катта имтиёзлар мавжуд. Бундан фойланиб қолиш ниятида айрим тадбиркорлар китоб савдоси билан шуғулланувчи субъект сифатида давлат рўйхатидан ўтишадию, бу ёғига ўзи хоҳлаган харидоргир маҳсулотларни сотиш билан овора бўлишади. Уларни тушуниш мумкин. Бироқ китобхонлик-чи?
Бинолар пештоқига «Китоблар олами» деган катта ёзувни илиб қўйиш билан китобхонлар кўпайиб қолмайди...
Эрпўлат БАХТ
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter