Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янгиланаётган Конституциядан «маънавият» сўзи чиқариб ташланди

Янгиланаётган Конституциядан «маънавият» сўзи чиқариб ташланди

Янгиланаётган Конституцияда ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга сабаб бўлувчи нормалар қаторида «халқнинг соғлиғи ва маънавияти» тушунчаси ҳам киритилган эди.

Парламент Қуйи палатасида бўлиб ўтган бугунги йиғилишда мазкур жумладаги «маънавият» сўзи «ижтимоий ахлоқ» ибораси билан алмаштирилиши айтилди.

Мазкур тузатишдан сўнг, Бош қомуснинг 33-моддаси лойиҳаси:

«Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга.

Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.

Давлат Интернет тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратади.

Ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, халқнинг соғлиғини ва ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, шунингдек давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади», дея дея қайта таҳрирланди ва депутатлар томонидан қабул қилинди.

Қуйи палата Спикери ўринбосари Одилжон Тожиевнинг таъкидланишича, мазкур тушунча амалдаги қонунчилигимизда ҳам, халқаро ҳужжатларда ҳам мавжуд.

Масалан, БМТнинг «Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги халқаро пакти 19-моддасида ҳар ким ўз фикрини эркин ифодалаш, ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга эканлиги, ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш алоҳида масъулият ва жавобгарлик юклаши белгиланган. Мазкур модданинг 3-бандида эса давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлиги ёки ахлоқини (инглиз тилида «public health or morals» жумласи ишлатилган) ёки бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш учун зарур бўлганда ушбу ҳуқуқлар қонун билан чекланиши мумкинлиги аниқ ёзиб қўйилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг