Янгиланаётган Конституция мол-мулкдан маҳрум этилишига чек қўяди
Мулкий ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш тизими ҳар қандай давлат ва жамият ривожланишининг асосий омили ҳисобланади.Мулкдор ўз мулки ишончли ҳимоя қилишига тўлиқ ишонсагина эртанги кунга умиди бўлади, тадбиркор бизнесини ривожлантиришга бор вужуди билан ҳаракат қилади.
Ривожланган давлатлар тажрибаси ҳам шуни кўрсатмоқдаки,мулкдорлар ва тадбиркорлар фаолиятига эркинлик берилсагина жамият ва давлат изчил ривожланади.
Яқин тарихимизда халқимиз тилида «снос» деб ном олган мол-мулкка тажовуз ҳолатларига гувоҳ бўлдик. Мазкур ҳолатлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини қўпол равишда бузиб, Ўзбекистоннинг халқаро имиджига ҳам салбий таъсир кўрсатди.
Мулк дахлсизлигини таъминлаш бўйича 2021 йилда Президент фармони билан ер ислоҳоти амалга оширилиб, унга кўра ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги, ер фақат электрон аукционда сотилиши, ҳокимлар ер беролмаслиги ва олиб қўймаслиги сингари тартиблар мустаҳкамланди, қишлоқ хўжалиги еридан янада кўпроқ одамлар фойдаланадиган бўлди.
Шунингдек, 2022 йилда қабул қилинган қонун билан ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиби белгиланди. Унга кўра, ер участкаларини мудофаа ва давлат хавфсизлиги эҳтиёжлари, республика ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль ва темир йўллар қуриш каби мақсадларда компенсация эвазига олиб қўйиш жамоат эҳтиёжлари деб эътироф этилиши белгиланди.
Эндиликда хусусий мулк даҳлсизлиги ва мулкдорларнинг ҳуқуқларини кучайтиришга қаратилган бир қатор қоидалар тўғридан-тўғри амал қилувчи конституциявий норма сифатида мустаҳкамланмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 65-моддаси қуйидаги таҳрирда баён қилинмоқда:
Фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш, ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчининг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди.
Ўзбекистон Республикасида барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади.
Хусусий мулк дахлсиздир. Мулкдор ўз мол-мулкидан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари ҳамда суднинг қарорига асосланмаган ҳолда маҳрум этилиши мумкин эмас.
Хусусий мулкни дахлсизлигининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашдан асосий мақсад хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолияти ҳимоясини давлат томонидан кафолатланиши ҳисобланади. Инсоннинг мол-мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этиш мумкин эмаслиги бўйича конституциявий норма юртдошларимиз ва чет эл инвесторларининг мол-мулкини маҳрум этилишига оид ҳавотирларга чек қўяди.
Янгиланаётган Конституцияда хусусий мулкнинг дахлсизлиги ҳуқуқи мулкдорга тегишли мол-мулк билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, аҳолининг уй-жойга бўлган ҳуқуқлари дахлсизлигини кафолатлаш ҳам халқимиз, ҳам ҳаёт зарурати ҳисобланади.
Хусусий мулк дахлсизлиги ҳамда ундан суд қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги нормалар Франция, Германия, Дания, Индонезия, Грузия каби давлатлар конституцияларида акс эттирилган.
Янгиланаётган Конституцияда Хусусий мулкни дахлсизлигини Бош Қомус даражасида мустаҳкамлаш бозор иқтисодиётини янада ривожлантириш, инвесторларни жалб этадиган жозибадор ишбилармонлик муҳитини яратиш, хусусий мулк дахлсизлигини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлашга шарт-шароит яратади.
Бекзод НАРИМОНОВ,
Тошкент давлат юридик университети бўлим бошлиғи,
Юридик фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter