Яна 139 та лойиҳа «Ташаббусли бюджет» ғолиблари қаторига қўшилди
Шу йилнинг феврал-март ойлари давомида ўтказилган ташаббусли бюджет жараёнларида фуқароларнинг фаол иштирокини инобатга олган ҳолда 2 215 та лойиҳа ғолиб деб топилган эди. Уларнинг қаторига 2 мингдан ортиқ овоз (жами 480 мингдан ортиқ овоз) тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 139 та лойиҳа ҳам қўшилди.
Сўнгги қўшилган лойиҳалар учун қўшимча равишда республика бюджетидан 85,4 млрд сўм маблағ ажратилиши Ўзбекистон Республикаси президентининг 2022 йил 4 апрелдаги қарорида кўрсатилган.
Мазкур ажратилган маблағлар доирасида қўшимча равишда фуқаролар томонидан илгари сурилган:
- 76 та умумтаълим мактабларини жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш;
- 23 та маҳаллаларда ичимлик суви тизимини яхшилаш;
- 13 та мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаш ва жиҳозлаш;
- 5 та соғлиқни сақлаш ташкилотларини таъмирлаш ва жиҳозлаш каби лойиҳалар молиялаштирилиши белгиланди. Қўшимча равишда ғолиб деб топилган лойиҳаларнинг рўйхати илова қилинади.
Маълумот учун: 2022 йилнинг биринчи чорагида ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёни натижалари бўйича фуқаролар томонидан билдирилган 2 215 та лойиҳа ғолиб деб топилган ва ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 1,1 триллион сўм маблағ кўзда тутилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter