Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ХВЖ Ўзбекистоннинг ўтган йилдаги иқтисодий фаолияти натижаларини ижобий баҳолади

ХВЖ Ўзбекистоннинг ўтган йилдаги иқтисодий фаолияти натижаларини ижобий баҳолади

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотлар соҳасидаги ютуқларини юқори баҳолади ҳамда мамлакатнинг макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, таркибий ўзгаришлар ва барқарор ўсиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

ХВЖ Ўзбекистоннинг 2024 йилдаги иқтисодий фаолияти натижалари бўйича сўнгги ҳисоботида ислоҳотларни изчил амалга ошириш муҳимлигини таъкидлаб ўтган ҳолда, айниқса, фискал барқарорлик, ташқи савдо ва давлат сиёсатини модернизация қилиш соҳаларида эришилган ютуқларни қайд этиб ўтди.

Жорий макроиқтисодий кўрсаткичлар

Ўзбекистонда барқарор ички талаб иқтисодиётининг юқори ўсиш (2024 йилда ЯИМ +6,5 фоизга ўсди) темпларининг асосий омили бўлиб қолмоқда. ХВЖ инфляциянинг пасайишини кутмоқда ва иқтисодий ўсиш 6 фоиз даражасида сақланиб қолиши кутиляпти. Энергетикада субсидияларини қисқартириш ва ижтимоий харажатларнинг мақсадлилигини такомиллаштириш келгуси ислоҳотларнинг асоси бўлиб қолиши лозимлиги такидланган.

Солиқ-бюджет сиёсати

ХВЖ кучли бюджет интизоми натижасида, тақчилликнинг ЯИМнинг 3 фоизи даражасида ушлаб туриш ва ташқи қарз чегараларига амал қилинаётганлигини ижобий баҳолайди.

Шунингдек, 2025-2030 йилларга мўлжалланган Давлат молиясини бошқариш стратегиясини жорий этиш бўйича қадамлар келгусида ижобий натижа бериши кутилмоқда.

Келгусида даромадларни ошириш мақсадида солиқ-божхона имтиёзларини оптималлаштириш, яширин иқтисодиёт билан кураш, пенсия тизимини ислоҳ қилиш ва давлат қўллаб-қувватлашини унификациялаш каби ислоҳотларга устуворлик берилиши айтиб ўтилган.

Пул-кредит сиёсати

ХВЖ Ўзбекистон Марказий банкини инфляция босимига жавобан асосий ставкани ошириш ва монетар сиёсат бўйича алоқаларини яхшилашга қаратилган ҳаракатларини юқори баҳолади.

Инфляция белгиланган даражага (5 фоиз) етгунча қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттириш, босқичма-босқич мослашувчан алмашинув курсига ўтиш ва давлат банкларининг хусусийлаштириш дастурини давом эттириш қўллаб қувватланади.

Молиявий сектор

Ютуқлар қаторига 2023-2024 йилларда кредит ўсишини секинлаштирган макропруденциал чоралар ва молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ташаббуслари киради.

Структуравий ва бошқарув ислоҳотлари

ХВЖ Ўзбекистоннинг иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги муваффақияти, жумладан, ЖСТга кириш йўлидаги ютуқларни, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи минтақалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиш ва Коррупцияга қарши виртуал академиянинг ташкил этилишини юқори баҳолади.

Институционал ўзгаришлар тезлашиши, меҳнат бозоридаги ислоҳотлар (шу жумладан, аёллар бандлигини ошириш), норасмий сектор улушини камайтириш ва инсон капиталини ошириш бўйича ислоҳотларни изчил давом эттириш кутилмоқда.

Шунингдек, энергия тарифларини ислоҳ қилишни якунлаш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини диверсификациялаш, ўрмонларни тиклаш ва статистика тизимини такомиллаштириш давлат бошқаруви органлари фаолиятининг шаффофлиги ва барқарорлигини мустаҳкамлайди.

Хулоса

ХВЖ маслаҳатлашувлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий суръатларини тасдиқлаб, солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсатида интизомни сақлаш, таркибий ислоҳотларни кучайтириш бўйича харакатларни давом эттиришни қўллаб қувватлайди. Ушбу ҳаракатлар иқтисодиётнинг ташқи таъсирларга чидамлилигини мустаҳкамлайди ва барқарор ўсишни таъминлашда муҳим қадамлар бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг