Хусусийлаштирилган ер участкаларидан солиқ олинмайди
Жорий йилнинг 15 август куни Адлия вазирлиги томонидан «Қонунчиликдаги янгиликлар» номли брифинг ва матбуот анжуманини ташкил этилди. Матбуот анжумани «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонуни бўйича ўтказилди.
Матбуот анжуманида соҳа мутахассислари томонидан Қонунда назарда тутилган тартиблар ва янгиликлар бўйича маълумотлар журналистларга етказилди.
Хусусан, Қонунга кўра, ер участкаларини хусусийлаштириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
- доимий фойдаланиш (эгалик қилиш) ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини юридик ва жисмоний шахслар томонидан сотиб олиш;
- ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотиш.
Ўзбекистон фуқаролари бўлган жисмоний шахслар ва Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахслар ер участкаларини хусусийлаштириши мумкин.
Қуйидаги ер участкалари хусусийлаштирилмайди:
хусусийлаштирилмайдиган фойдали қазилмалар конлари, давлат мулкидаги стратегик объектлар жойлашган ер участкалари;
- режалаштириш схемалари бўлмаган ҳудудларда жойлашган ер участкалари;
- табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари ва тарихий-маданий мақсадлар учун мўлжалланган ерлар таркибига кирувчи ер участкалари;
- ўрмон ва сув фондларининг, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, соҳил бўйлари, скверлар, хиёбонлар);
- хавфли моддалар билан зарарланган ва биоген заҳарланишга дучор бўлган ер участкалари;
- эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари иштирокчиларига берилган ер участкалари.
Тадбирда иштирок этган журналистлар томонидан соҳа мутахассисларига «бошқа ҳудудда доимий яшовчи фуқаролар томонидан Тошкент шаҳридан ер участкаларини хусусийлаштириб олиши мумкинми?», «Чет эл инвесторлари ер участкаларини хусусийлаштириб олиши мумкинми?», «Хусусийлаштирилган ер участкаларидан солиқ олинадими?» каби саволлар билан мурожаат қилишди.
Соҳа мутахассисларининг сўзларига кўра, мазкур Қонунга кўра юридик ва жисмоний шахслар томонидан хусусийлаштирилиб олинган ер участкаларидан солиқ олинмайди. Шунингдек, мазкур Қонуннинг ижроси бўйича қонуности ҳужжатлар ҳам қабул қилиниши ҳамда амалга ошириш механизми яратилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter