Хирургия маркази бепул акциялар эълон қилди
Академик В.Воҳидов номидаги ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида Халқаро хотин-қизлар куни ва Наврўз байрами муносабати билан пластик ва эстетик хирургия бўйича ҳамда жигар, ўт қопи, ўт йуллари ва ошқозон ости бези хасталиклари бўйича бепул акциялар бўлиб ўтади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Тиббий акциялар 14–19 март кунлари соат 8:00 дан 18:00 гача бўлиб ўтади.
Пластик ва эстетик хирургия йўналишида маммопластика, абдоминопластика, блефаропластика ва ринопластика йўналишларида ҳамда реконструктив жарроҳлик амалиётлари (тендопластика ва чандиқли деформация пластикаси) бўйича консультациялар ўтказилади.
Малакали мутахассислар пластик жарроҳлик учун кўрсатмалар ва қарши кўрсатмаларни аниқлаш, амалиётдан кейинги реабилитация ва тикланиш каби қатор масалаларда беморларга юзма-юз тарзда кўмак ва маслаҳатлар бериши кутилмоқда.
Шунингдек, ташриф буюрувчилар акция доирасида ўт-тош касаллиги, ўт йўллари жароҳатлари ва чандиқли торайишлар, жигар ва ошқозон ости бези ўсмалари, жигар трансплантацияси каби масалаларда ўз соҳасининг тажрибали мутахассисларидан маслаҳат олишлари, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича бепул текширувлардан ўтишлари мумкин бўлади.
Белгиланган муддат давомида консултация олгани келган фуқаролардан мавжуд бўлган тиббий ҳужжатлари (кўчирмалар, таҳлиллар, электрон ахборот ташувчи воситалар, шу жумладан, компакт-дисклар)ни ўзлари билан олиб келишлари сўралади.
Мурожаат учун телефонлар:
+998 712304914
+998 712304560
+998 712304548
Манзил: Тошкент шаҳар, Кичик Халқа йўли кўчаси, 10.
Мўлжал: Чилонзор метроси. Поликлиника, 6 кабинет.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter