Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Халқ таълими вазирлиги Сарвар Отамуродовнинг кескин чиқишини таҳқирлаш деб баҳолади

Халқ таълими вазирлиги Сарвар Отамуродовнинг кескин чиқишини таҳқирлаш деб баҳолади

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуродов Халқ таълим вазирлиги фаолиятидаги камчиликларга тўхталиб, айниқса, махсус мактаблардаги аҳвол оғирлигини, «аҳвол криминал бўлиб ётгани, давлат бюджетидан ажратилган пуллар талон-тарож, муҳит жуда ачинарли, ҳомиладор ёш қизлар борлиги»ни таъкидлаганди.

Халқ таълими вазирлиги партия раҳбарининг ушбу кескин чиқишига муносабат билдириб, қуйидагиларни маълум қилди:

Бугунги кунда республикада алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган 4 та таълим муассасалари мавжуд.

Булар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфидаги Бахт шаҳридаги ўғил болалар махсус коллежи ва Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи, Халқ таълими вазирлиги тасарруфида Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ўғил болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳамда Чиноз туманидаги 5-сонли қиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатидир.

Ушбу таълим муассасалари фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 26 ноябрдаги 268-сон қарори билан тасдиқланган Низомга асосан олиб борилади.

Мазкур мактаб-интернатларига ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг моҳиятини тўлиқ англаб етишга қодир бўлмаган, якка тартибдаги профилактика иши олиб борилаётганлигига қарамай, ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилишни давом эттираётган 11-14 ёшли вояга етмаганлар маълум бир муддатга (6 ойдан 3 йилгача, то ахлоқан тузалгунларига қадар) жойлаштирилади. Тарбияланувчилар ахлоқан тузалганларидан сўнг, умумтаълим мактабларида таълим олишни давом эттиради.

Халқ таълими тизимига қарашли Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ўғил болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида жами 113 нафар тарбияланувчига 43 нафар, Чиноз туманидаги 5-сонли қиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида жами 40 нафар вояга етмаган болаларга 20 нафар педагоглар таълим-тарбия беради.

Маълумотларда келтирилган жумлалар тўғрисида тўхталиб ўтадиган бўлсак, аввало «... ҳомиладор ёш қизлар бор, у шароитларда одам яшай олмайди» қабилидаги гаплар келтириб ўтилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, вазирлик тасарруфидаги юқорида келтириб ўтилган таълим муассасасида 11-14 ёш қизлар тарбияланади. Тарбияланувчи қизлар орасида эса бу каби ҳолатлар қайд этилмаган.

Шунингдек, Халқ таълими тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига ўқувчилар суд ажрими ва халқ таълими вазирлигининг йўлланмасига асосан чуқур тиббий кўрикдан ўтказилган ҳолда қабул қилинишини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Тарбияланувчиларнинг ҳомиладорлиги ҳақида тарқатилган нотўғри маълумотлар 11-14 ёшли қизларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан таҳқирлашга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига кўра, мамлакатимизда демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. 48-моддада эса фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканлиги таъкидланган.

Маълумотдаги яна бир ҳолатга эътибор қаратсак, «аҳвол криминал бўлиб ётибди, давлат бюджетидан ажратилган пуллар талон-тарож. Ўзи шундоқ ҳам хулқи ёмон болалар орасида муҳит жуда ачинарли...» дея айтиб ўтилган.

Мазкур ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари 2018 ва 2019 йиллар давомида бир неча бор Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, турли ташкилот ва идоралар ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг болалар жамғармаси ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимлари томонидан ўрганилган.

Ўрганиш давомида таълим муассасаси фаолияти ва тарбияланувчилар томонидан айтиб ўтилган салбий ҳолатлар аниқланмаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг