Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Халқ банки раиси тушунмовчиликларга изоҳ берди

Халқ банки раиси тушунмовчиликларга изоҳ берди

Фото: @platformauzb

Пандемия даврида пенсия ва нафақаларнинг пластик карталарга ўтказилиши ва бу борада юзага келаётган турли тушунмовчиликлар юзасидан Халқ банки бошқаруви раиси Фарҳод Саломов @platformauzb телеграм каналига расман изоҳ берди:

— Хабарингиз бор, республика махсус комиссияси қарорига кўра, пенсия ва нафақа пуллари вақтинчалик давр мобайнида зарурий чора сифатида пластик карталарга ўтказиляпти.

Сўнгги пайтларда бу масалада фуқароларимиз, хусусан, пенсионерларимиз томонидан турли эътирозлар билдирилмоқда.

ЖССТ маълумотларига кўра, қоғоз буюмларда коронавирус инфекцияси 4-5 кунгача сақланиб қолади. Айниқса, бу инфекция кекса ёшдаги одамларга тез юқиши ва уларда касаллик оғир кечиши мутахассислар томонидан кўп бора айтилди. Шунинг учун ҳам бу зарурий чора сифатида жорий қилинмоқда.

Умуман, Халқ банкининг беш минг нафарга яқин ходимлари юқоридаги вазифаларни амалга ошириш учун дам олиш кунларида ҳам кучайтирилган тартибда ишламоқдалар.

Қисқа даврда 619 мингта, яъни 377 мингдан зиёд «Humo» ва 242  мингдан ортиқ «Uzcard» пластик карталари очилиб, пенсия ва нафақа олувчи фуқароларимизга тезкорлик билан етказилмоқда.

«Миллий банклараро процессинг маркази» раҳбари Шуҳрат Қурбонов таъкидлаганидек, транзакция операциялар ҳажмининг кескин ортиб кетиши «Humo» тўлов тизимида шу йилнинг 7-8 май кунлари «қисқа муддатли юкламаларни келтириб чиқарган». Соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда муаммо қисқа муддатда ҳал этилди.

Янада қулайлик яратиш мақсадида 2020 йил 20 майдан бошлаб пенсионерларимизнинг хоҳишига қараб, уларнинг пластик карталари «Humo»дан «Uzcard»га ҳеч бир тўловларсиз алмаштириб берилади.

«Call centеr»имизга ва умуман ижтимоий тармоқлар орқали қилинаётган ҳар бир мурожаат тезкорлик билан ўрганилиб, ҳал қилинмоқда.

Бизга келаётган мурожаатлар таҳлилидан келиб чиққан ҳолда пенсия ва нафақа олувчи фуқароларимизга қуйида ўз тавсияларимни бермоқчиман:

  • «Humo» тўлов тизими амалиётга яқиндан жорий этилаётганлиги боис, кўплаб савдо ходимлари унинг терминалларидан фойдаланиш кўникмасига эга эмас. Шу сабабли харид қилгани дўконга кирганингизда, сотувчидан пластик ва терминал мос келишини албатта сўранг.
  • Картангиз ПИН-кодини тўғри теринг, акс ҳолда у блокланиб қолади.
  • «Humo» картангизга СМС-хабарнома ёки ПИН-код қўйдириш учун банк филиалларига боришингиз шарт эмас. 11-06 ва (71) 2102002 телефон рақамлари ёки ҳудудий филиалларимизга телефон қилиб, бу хизматларни масофадан бажаришингиз мумкин.
  • Пенсияларингизни нақдлаштириш учун фақат Халқ банки филиаллари ва банкоматларига боришингиз шарт эмас. Юртимиздаги барча тижорат банклари ва банкоматларидан пул ечилганда ҳеч қандай фоиз олинмайди.
  • Ва ниҳоят, ҳар қандай шароитда ҳам уйда қолинг ва биз сизнинг пенсия ва нафақаларингизни белгиланган график муддатларидан кечиктирмаган ҳолда яшаш манзилингизга етказиб берамиз.

АТ Халқ банки «Ишонч телефони» ва ҳудудий филиаллари телефон рақамларини кўриш учун мазкур ҳаволага киринг.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг