Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Электрон ҳукуматни ривожлантириш Ўзбекистон IT-соҳаси учун истиқболли масала бўлиб қолади

Электрон ҳукуматни ривожлантириш Ўзбекистон IT-соҳаси учун истиқболли масала бўлиб қолади

Алоқа, ахборотлаштириш ва IT-технологиялар соҳасини ривожлантириш – Ўзбекистон давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири эканлиги барчамизга маълум. Чунки ушбу соҳаларнинг ривожланиши халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга, мамлакатимизнинг иқтисодий ўсишига хизмат қилади.

Ўзбекистонда телекоммуникация технологияларини ривожлантириш, алоқа инфратузилмасини такомиллаштириш, «Электрон ҳукумат» тизимининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини яратиш, иқтисодиётни рақамлаштириш каби масалаларга Ҳукумат даражасида эътибор қаратиб келинмоқда. Шу билан бирга, электрон ҳукумат тизимини келгусида ривожлантириш учун қандай услублар ва ёндашувлар кераклиги долзарблигича қолмоқда.

Аҳоли электрон ҳукуматдан фаол фойдаланиши учун кўп ишлар қилинди. Бундан ташқари, рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш бўйича комплекс чоралар охирги йилларда республикамизда янада жадаллаштирилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йилнинг 28 апрелида «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Унга мувофиқ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт билан шуғулланувчи яхлит (интеграциялашган) тизим яратилди. Электрон ҳукуматни ривожлантириш, иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини рақамлаштириш, IT-паркларни ташкил этиш ва бошқариш вазифалари тўлиқ ушбу вазирликка берилди. Вазирлик қошида алоҳида Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Сўнгги йиллар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари барча соҳаларда, биринчи навбатда, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида кенг жорий этилгани билан ажралиб туради. Ҳозирда электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш, дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари ички бозорини янада ривожлантириш, республиканинг барча ҳудудларида IT-парклар ташкил қилиш ва ушбу соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш кўзда тутилган 200 дан ортиқ устувор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шу нуқтаи назардан, электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳаларини келгусида кадрлар билан таъминлашда IT-олий таълим муассасаларнинг ўрни ва самарали фаолияти муҳим аҳамият касб этиб боряпти.

Тошкентдаги ИНҲА университетининг электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича фаолияти

«Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш – бугунги кундаги энг устувор вазифаларидан бири. Бу борада Тошкентдаги ИНҲА университети томонидан электрон ҳукуматни давлат фаолиятининг барча соҳаларида жорий этиш йўналишида креатив ёндашувлар ишлаб чиилган.

Хусусан, Тошкент ахборот технологиялари университети билан биргаликда «Электрон ҳукумат ривожланиши индексини баҳолаш методикаси» ишлаб чиқилди, Дания, Латвия ва Жанубий Корея тажрибалари ўрганилди. Жаҳон банки кўмагида, банк ва Хитой, Молдова экспертлари иштирокида электрон ҳукумат ва рақамли трансформациялар бўйича семинарлар ўтказилди.

2019 йил сентябрида Тошкентдаги ИНҲА университетида ЕХҲТ лойиҳалари координатори ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда очиқ маълумотларни ривожлантириш бўйича конференция ўтказилди. Конференцияда очиқ маълумотларни ривожлантириш бўйича жаҳон тажрибаси, унинг Ўзбекистондаги ривожланиш ҳолати ва замонавий стратегик ёндашувлар, ривожланиш ва тажриба алмашиш бўйича йўл хариталари муҳокама қилинди.

2021 йил 15 апрелда Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида «Электрон ҳукумат ривожланишининг таҳлил кўрсаткичлари ва методологияси асосида Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтингини ошириш» мавзусида Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан илмий семинар ташкил этилди. Бежизга ушбу мавзу танланмаганди. Зеро, вазирлик ва идоралар, таълим муассасалари мутасаддилари ҳамда халқаро экспертлар иштирокида илмий семинар ўтказиш, электрон ҳукуматнинг роли ва бу соҳадаги янги тенденцияларни ҳар томонлама муҳокама қилиш нафақат Ўзбекистоннинг электрон ҳукуматлар халқаро рейтингидаги мавқеини яхшилашга, балки БМТ билан келгусидаги муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган истиқболли вазифаларни ҳам самарали ва мувофиқлаштирилган тарзда амалга оширишда муҳим қадам саналади.

Олдимизга қўйилган вазифаларни самарали ҳал этишда илмий семинарлар ва давра суҳбатларининг ўтказилиши муҳим. Олий таълим муассасалари, давлат ва халқаро ташкилотлар, шунингдек, ихтисослаштирилган IT-муассасаларнинг бу йўналишда кучлари бирлаштириши, шубҳасиз, яхши натижаларни кафолатлайди. Ушбу тадбирларда ҳар бир қатнашчи ўз тажрибаси билан ўртоқлашиш, бошқаларнинг тажрибасини ўрганиш, конструктив ва сермаҳсул таклифлар олиш имкониятига эга бўлади. Бу эса электрон ҳукуматнинг ҳар томонлама тараққий этишида ижобий аҳамият касб этади.

Илмий-амалий тадбирлар билан бир қаторда, университет аҳолининг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, хусусан, ёшлар ва хотин-қизларнинг рақамли технологиялар бўйича билимларини оширишга қаратилган қатор амалий тадбирларда иштирок этиб келмоқда. Жумладан, сўнгги йил мобайнида БМТ, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, Google, Microsoft ва бошқа IT-компаниялар билан биргаликда рақамли технологиялар марказлари очилди, Google фестиваллари ўтказилди, хотин-қизлар учун IT-танловлар, Technovationwomen, DiGIgirls ва бошқа тадбирлар ташкиллаштирилди. Шунингдек, Рақамли авлод лойиҳаси амалга оширилди. Биз учун жуда муҳим бўлган «Миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳаси ўтказиляпти, унинг доирасида 200 минг нафардан зиёд ёшлар ўқитилди. Ушбу лойиҳа бевосита IT-парк ҳамкорлигида амалга ошмоқда.

Тасдиқланган «Электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш рейтингида Ўзбекистон Республикасининг мавқеини яхшилаш бўйича 2021 йилга мўлжалланган амалий тадқиқотлар режаси»ни амалга ошириш учун Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетининг ишчи гуруҳи тузилган. Ушбу режани амалга ошириш доирасида «Электрон ҳукуматни ривожлантириш кўрсаткичлари ва методикаси таҳлили асосида Ўзбекистоннинг халқаро рейтингини кўтариш» илмий-тадқиқот лойиҳаси тайёрланиб, Инновацион ривожланиш вазирлигига ҳамда Aхборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказига юборилди. Тез орада уни молиялаштириш масаласи ижобий ҳал етилади, деган умиддамиз.

Электрон ҳукуматни ривожлантириш соҳасида ҳал қилиниши лозим бўлган вазифалар

Электрон ҳукуматлар халқаро рейтингида 2020 йили Ўзбекистон мавқеининг пасайиши билан боғлиқ вазият (мамлакатимиз электрон ҳукуматнинг ривожланиш даражаси бўйича дунё рейтингида 6 поғонага пастлаб, 193 давлат орасида 87-ўринни эгаллади) ушбу салбий динамика сабабларини ҳамда Ўзбекистонда электрон ҳукумат ривожига ва унинг электрон ҳукуматлар глобал индексидаги мавқеини яхшилашга ёрдам берадиган омилларни чуқур ўрганишни тақозо этади.

Aсосий саволлар қуйидагилар: Мамлакатимиз электрон ҳукумат ривожланиш индексидаги дунёнинг етакчи мамлакатлари билан ўртадаги фарқни қисқартириши учун қайси муаммоларни бартараф этиши керак? Электрон ҳукуматни давлат хизматлари сифатини оширишда етакчи омилга айлантириш учун қандай чоралар кўриш зарур?

Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун тадқиқотлар, кенг таҳлиллар талаб этилади, хусусан:

  • БМТнинг электрон ҳукумат бўйича индекс кўрсаткчилари ва уларнинг методологияси;
  • Дания, Эстония, Жанубий Корея, AҚШ каби электрон ҳукуматни ривожлантириш халқаро рейтинги етакчилари, шунингдек, МДҲнинг ушбу соҳада яхши ривожланаётган мамлакатлари тажрибасини ўрганиш.

Электрон ҳукуматни ривожлантириш халқаро индекси методологиясини ва ушбу соҳадаги етакчи мамлакатларнинг тажрибасини ўрганиш бўйича таҳлил-тадқиқотлар аллақачон бошлаб юборилган. Тадқиқот режасида белгиланган вазифаларнинг пухта ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш учун четдан эксперт жалб қилинди, электрон ҳукумат соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш учун Жанубий Корея билан мунтазам алоқалар йўлга қўйилган.

Aхборот технологиялари олами жадал ўзгариб бормоқда. Хусусан, булутли технологиялар, катта маълумотлар, мобил ва ижтимоий коммуникациялар, нарсалар интернетининг пайдо бўлиши ва кенг жорий этилиши, шунингдек маълумотлар хавфсизлиги талабларининг кучайтирилиши узоқ муддатли глобал лойиҳаларни таҳрирлашни тақозо этади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон электрон ҳукумати жорий тараққиётининг кейинги босқичи Рақамли ҳукуматни ривожлантириш ҳисобланади. Унинг концепцияси аллақачон амалга оширила бошланган ва биринчи навбатда, фуқаролар ва бизнес учун қулай давлат хизматлари тизимини, давлат билан ўзаро алоқаларни юқори даражада автоматлаштиришни, керакли маълумотларга кириш учун ягона порталларни, рўйхатдан ўтиш жараёнлари юқори тезлигини таъминлаган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларга керакли ҳужжатлар тақдим этилиши кабиларни кўзда тутади.

Бу жараёнлар «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегияси билан мутаҳкамлаб қўйилган. Стратегиядан асосий мақсад республикамизда рақамли саноатни жадал ривожлантириш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардош афзалликларини ошириш, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурида белгиланган вазифалар бажарилишини таъминлашдир.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, давлат секторида IТ-воситалардан оқилона фойдаланиш давлат хизматларининг шаффофлиги, тезкорлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш билан бир қаторда, фуқароларимизнинг муаммоларини тезкор ва самарали ҳал қилиш имконини беради. Мамлакатимизда электрон ҳукуматни ривожлантириш учун барча жабҳаларда жамоавий ишлаш зарурлигини ёдда тутишимиз лозим. Фақат биргаликда қилинган саъй-ҳаракатларгина Ўзбекистон электрон ҳукуматини жаҳон мамлакатлари электрон ҳукуматлари рейтинги етакчилари қаторига олиб чиқиши мумкин.

М.Жалолов,
Тошкентдаги ИНҲА университети ректори в.б.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг