Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Водий вилоятларида 2 та қуёш электр станцияси ва 100 та кичик ГЭС қурилади

Водий вилоятларида 2 та қуёш электр станцияси ва 100 та кичик ГЭС қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда Андижон вилоятида бўлиб турибди. Давлат раҳбари фаоллар йиғилишида қайта тикланувчи энергия манбаларини оммалаштириш ва энергия ресурсларини иқтисод қилиш масаласини кўтарди.

– Ҳозир Янги Андижон массивида учрашиб турибмиз. Қисқа муддатдан кейин бу ерда ҳамма шароитларга эга хонадонларга одамларимиз кўчиб киради. Албатта бу уйлар ҳар-хил замонавий маиший техникалар билан жиҳозланади. Демак, шунинг ўзига қўшимча 25 Мегаватт электр қувватлари керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилиш давомида таъкидланишича, юртимизда сўнгги беш йилда хонадонлар сони 6,1 миллиондан 7,3 миллионга, корхоналар сони эса 265 мингдан 527 мингга ошган. Натижада электр энергиясига бўлган талаб 35 фоизга ошган.

Шу сабабли энергетикада узоқ йиллар давомида амалга оширилмаган ислоҳотлар ва лойиҳалар бошланди. Охирги беш йилда 14 та электр станцияси ишга туширилди ва йиллик электр ишлаб чиқариш қўшимча 16 миллиард киловатт соатга кўпайди.
Шунга қарамай, бу йил жуда совуқ келган қиш кунларида республикада 3,1 миллиард киловатт соат (водий вилоятларида 1,1 млрд кВт соат) электр етишмовчилиги юзага келди.

Давлат раҳбари ушбу ҳолатда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича маълумот бериб ўтди. Таъкидланишича, бу йил Поп ва Фарғона туманларида 600 Мегаваттли иккита қуёш станцияси қурилади.

Шунингдек, Янги Андижондаги 192 та кўп қаватли уйлар ва 6 та ижтимоий объектларни кафолатли иссиқлик билан таъминлаш учун 20 Мегаватт қувватли кўмирда ишлайдиган когенерация лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу станция иссиқлик билан бирга йилига 80 млн кВт соат электр энергия ишлаб чиқаради. Унинг 1-босқичи жорий йил декабрда ишга тушади.

Водий вилоятларида 160 Мегаваттли қуёш панеллари ва 100 та микро ГЭС қурилади. Соҳага 1 июлга қадар тадбиркорлар жалб этилиб, Андижонда 41 та, Наманганда 32 та ва Фарғонада 27 та микро ГЭС қурилиши бошланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг