Президент виртуал қабулхонасига юборилган мурожаат сабабсиз тугатилиши мумкинми?
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилганимиздан кейин мурожаатни кўриб чиқаётган мансабдор шахс биздан тушунтириш хати олади. Мана шундай вазиятда мансабдор шахс тушунтириш хати ёзиб кетишни айтиб, чақирса, биз ишда бўлсак ёки бирор сабаб билан ушбу хатни ёзолмай қолсак, тушунтириш беришни рад этди деб, мурожаатни ёпиб юбориши мумкинми?»
Мазкур саволга ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев қуйидагича жавоб берди:
Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги (янги таҳрири) қонуни 30-моддасида қандай ҳолларда мурожаатларни кўриб чиқишни тугатиш мумкинлиги санаб ўтилган.
Хусусан, мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти мавжуд эмаслиги сабабли давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахси томонидан чақирилган мурожаат қилувчи келмай қолган тақдирда ҳам мурожаатни кўриб чиқишни тугатиш мумкинлиги белгиланган.
Лекин бу ерда эътибор бериладиган асосий жиҳат — «мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти мавжуд эмаслиги» жумласида.
Яъни агар муаллиф иштирок этмаса ва ҳеч қанақасига ўша мурожаатни муаллифсиз кўриб чиқиш имкони бўлмасагина, тугатилиши мумкин.
Агар шахс иштирок этмаса ҳам, мурожаатда сўралган важни ўрганиб чиқиш имконияти бўлса, у ҳолда “муаллиф келмади”, деб мурожаатни кўриб чиқишни тугатиш мумкин эмас.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter