Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Вертолётда бир кунда 30 тагача парвозлар амалга оширилмоқда – Мудофаа вазирлиги

Вертолётда бир кунда 30 тагача парвозлар амалга оширилмоқда – Мудофаа вазирлиги

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Сардоба» сув омборида юз берган фалокат тафсилотлари юзасидан брифинг бўлиб ўтгани ҳақида хабар бергандик.

Брифингда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Баҳром Зулфиқоров қуйидагиларни маълум қилди:

– Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси ўпирилиши туфайли талафот кўрган ҳудудларда тошқин оқибатларини бартараф этишга Мудофаа вазирлиги ҳарбий округлари ҳамда марказга бўйсунувчи ҳарбий қисм ва муассасалардан шахсий таркиб, ҳарбий ва махсус техникалар жалб қилинди.

Хусусан, бартараф этиш ишларига ҳарбий хизматчилар, 1000 дан ортиқ ҳарбий ва махсус техникалар жалб қилинган.

Вилоятнинг тошқиндан талафот кўрган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида ҳарбий хизматчилар томонидан қуйидаги бартараф этиш ишлари, яъни:

  • туманлардаги аҳоли яшаш уйлари, маҳаллалар, ижтимоий объектлар, автомобиль йўллари ва ҳудудларни тўлиқ тозалаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, бир кунда ўртача 800 тадан ортиқ хонадонлар ободонлаштириляпти. Тозаланган ва ободонлаштирилган хонадонлар бўйича далолатнома тузилиб, ўз эгаларига топшириляпти;
  • махсус отрядларнинг 300 та дезинфекторлари ва 30 та махсус техникалар кучи билан барча тозалаш ва ободонлаштириш ишлари тугатилган объектларда, маҳаллалар ва автомобиль йўлларида, шу жумладан уй ҳайвонлари нобуд бўлган жойларда дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур дезинфекция ишлари тизимли равишда ҳар куни барча  хонадонлар ва объектларни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек аҳоли эвакуация қилинган ҳудудларларда ҳам ўтказилиши йўлга қўйилган;
  • олиб борилаётган тозалаш ишлари жараёнида топилган қаровсиз чорва моллари ва аҳолининг моддий қимматли буюмлари ўз эгаларига топширилмоқда;
  • жойларда тошқинда ўлган уй ҳайвонларининг топилган жасадлари дезинфекция қилиниб, уларни кўмиш ишлари ташкил қилинган;
  • тошқин оқибатида ювиб кетган ва бузилган кўприкларни тиклаш ишлари олиб бориляпти, айни пайтгача Навбаҳор ва Баҳористон аҳоли яшаш пунктларини бир-бири билан боғлаш учун 50 метрли кўприк йўлини тиклаш учун вақтинчалик 7 та понтон кўприк йўли ётқизилди. Худди шундай ишлар бошқа ҳудудларда ҳам давом эттириляпти;
  • тозаланган ва аҳоли кўчиб кириши учун тайёр бўлган ҳудудларда электр токи трансформаторлари таъмирланиб, хонадонларга электр токини узатиш ишлари олиб бориляпти.

Ҳудудларда олиб борилаётган эвакуация ва қидирув ишларига Мудофаа вазирлигининг ҲҲМ ва ҲҲК вертолётлари жалб этилган бўлиб, улар томонидан бир кунда ўртача 30 тагача парвозлар амалга оширилмоқда. Таъкидлаш жоизки, 1 майдан бориш қийин бўлган нуқталарга вертолётлар ёрдамида жами 200 га яқин фуқаро эвакуация қилинди. Шунингдек, қайиқлар орқали ҳам 182 нафар фуқаролар эвакуация қилинди.

Талафот кўрган ҳудудларда тошқин оқибатларини бартараф этиш учун жалб қилинган Мудофаа вазирлиги тиббиёт мутахассисларидан томонидан 400 дан ортиқ фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилди ҳамда оғир аҳволдаги фуқаролар шифохонага ётқизилди.

Мудофаа вазирлигининг 11 та психологик гуруҳи томонидан шу кунгача жами 40 тага яқин объектларда 2190 фуқароларнинг руҳиятларини мустаҳкамлаш, уларнинг тушкунликка тушмаслик, йўқотилган барча зарарларнинг қопланиб берилиши ҳамда мазкур талофат билан боғлиқ барча масалалар шахсан давлат раҳбарининг эътиборида экани ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг