Велосипедчиларнинг ёзилмаган қонунлари
Республика блогерлар чемпионати ўтказилганда Мақсуд Саломов японларнинг велосипедларга бўлган муносабати ҳақида блогпост ёзган эди. Ўшанда бизнинг туманимиз ҳам уларникидан қолишмайди деб айтгандим ва бу ҳақда ёзишни ният қилиб қўйгандим. Ўша ниятим эсимда турса-да, мана бугун фурсати экан, нима бўлса бўлди деб ёзвордим.
Фарғона вилояти, хусусан яйпанликлар ҳаётида дунёдаги энг камхарж транспортнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Велосипед бизнинг урф-одатларимизнинг катта бўлаги десам, муболаға бўлмайди.
Давронбек Тожиалиев (фарғоналик машҳур блогеримиз, «ziyouz.cоm» сайти раҳбари) Тошкентда яшаб, ишига велосипедда қатнайди. Бир куни велосипеди бузилиб қолиб, велосипед таъмирлаш устахонасини сўраб қолди, мен унга «фарғоналикларнинг ҳаммаси ўзи таъмирлаб кетаверади-ку» дея ҳазил аралаш маслаҳат қилдим.
Ҳақиқатан ҳам фарғоналиклар бу транспортни беш қўлдай билишади, бузилса ўзлари тузатиб кетаверишади. Ҳар бир уйда машинаси бор-йўқлигидан қатъи назар камида битта велосипед мавжуд. Кўп уйда эркаклар жон бошига биттадан ҳам.
Биз томонда ҳар қадамда велосипед минган одамни учратасиз, бири бозорга кетаётган бўлса, бири бозорлик қилиб қайтаяпти, бири боласини боғчага олиб кетаяпти, бири эса ишига йўл олган.
Камина ҳам бундан қуруқ қолмаган, ишхонам икки-уч километр узоқда, эрталаб чиқиб машина кутсам тўлиб келаверади, кўпинча ишга кеч қоламан, шунинг учун бечиқим тулпоримга бир минсам олти-етти дақиқада ишхонада бўламан. Яна бир нарсани айтиш эсдан чиқиб қолай дебди: Соғлиқни сақлаш вазирларининг ўша гаплари тўғри: совуқ кунлари велосипед миниш соғлиқ учун зарар!
Йўлда ҳамроҳларим кўп бўлади, бири олдинда, бири орқада, велосипедда кўп юрганингиздан кейин унинг ёзилмаган қонунларига риоя қилишга ўрганиб қоласиз. Буларни катта ёшли велосипедчилардан эшитганмиз, улар қулоқдан қулоққа ўтиб келади ва велосипед миниш маданиятининг бир бўлаги деса бўлади. Мана айримлари:
- Велосипедни йўлда кўпчилик бўлиб минганда машиналарга халақит бермайдиган даражада, орқама-орқа ёки йўлнинг четида ҳайдаш керак.
- Бирон катта ёшли велосипедчини қувиб ўтиш пайтида албатта салом-алик қилиб, вақтинг зиқлигини бирон ишора билан билдириб, кейин ўтиб кет.
- Болалар миниб кетаётган велосипедни иложинг бўлса олдинга ўтказиб юбор, чунки унинг кучи сеники билан тенг эмас, сенга етаман деб чарчаб қолиши мумкин, олдинга ўтказиб юбориш билан унинг ўз кучига бўлган ишончини орттирган бўласан.
- Ҳеч қачон аёли ёки қизини миндириб кетаётган одамни қувиб ўтиб кетма, ё анча узоқда қолиб юр, ё йўлнинг бошқа четидан секинроқ ўтиб кет, чунки бу билан ўша эркакни яқинлари олдида хижолатдан қутқарган бўласан.
- Йўлда учраган пиёда болани йўлинг бир бўлса миндириб кетишни одат қилгин.
- Қўшнинг велосипедни сўраса албатта бер.
- Йўлда велосипеди бузилиб қолган инсонга албатта ёрдам бер.
Йўлда юрганимда турли ҳолатларни кўраман, имконим бўлганда суратга олиб қўярдим, аввал айтганимдек бирон кун шу ҳақда ёзсам фойдаланаман дея... Мана, мавриди келди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter