Инновация вазирлигида Колумбия университети талабалари билан учрашув ўтказилди
Инновацион ривожланиш вазирлигида 31 май куни Колумбия университети (АҚШ, Нью-Йорк шаҳри) талабалари ва битирувчилари билан учрашув ўтказилди. Вазирликнинг бошқарма бошлиғи ўринбосари Тимур Аллаяров меҳмонларни вазирлик фаолияти ва амалга оширилаётган лойиҳалари билан таништирди.
Аллаяровнинг таъкидлашича, вазирлик олдида турган асосий масалалардан бири фан ва иқтисодиётнинг реал сектори ўртасида сермаҳсул ҳамкорлик учун замин яратиш бўлиб, бу Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини таъминашга хизмат қилади.
Меҳмонлар бу мақсадларни амалга оширишда олий таълим муассасалари таълим жараёнига янгиликлар киритиши лозимлигига урғу беришди. Стартаплар, венчур молиялаштириш ва инновацион экотизимни ривожлантириш бўйича халқаро тажриба ҳам учрашувда муҳокама марказида бўлди. Айниқса, Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш стратегиясини шакллантириш мавзуси қизғин муҳокама қилинди.
Учрашув якунларига кўра, томонлар мамлакатимизни тараққий эттириш жараёнларига ёшларни фаол жалб этиш керак деган тўхтамга келишди ва келгусида ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ўз таклифларини билдиришди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter