Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров ўртасида учрашув ўтказилди

Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров ўртасида учрашув ўтказилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Хўжанд шаҳрида ўтаётган уч томонлама саммит доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Суҳбат аввалида етакчилар баҳор айёми Наврўз ва муборак Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, биродар халқларимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

Бугун бўлиб ўтган уч томонлама музокаралар якунлари, уларнинг асосий натижаси сифатида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзолангани юксак баҳоланди.

Олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишдаги ютуқлар мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми йил бошидан буён 70 фоизга ошди. Иқтисодиётнинг турли тармоқларида, шу жумладан қўшма Инвестиция жамғармаси кўмагида саноат кооперацияси муваффақиятли ривожланмоқда.

Энергетика ва транспорт коммуникациялари соҳасидаги йирик минтақавий лойиҳаларни, шу жумладан «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли қурилишини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбарлари ҳудудлар ўртасидаги фаол алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш муҳимлигини қайд этдилар.

Президентлар бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси ва кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг