Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳиндистонда яна юзлаб одамларни чақмоқ урди

Ҳиндистонда яна юзлаб одамларни чақмоқ урди

Фото: «Moderator.az»

4 июль куни Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатининг турли жойларида чақмоқ уриши натижасида 23 киши ҳалок бўлди, 29 киши жароҳатланди, дея хабар берди «NDTV» телеканали.

Штат бош вазири Йоги Адитьянатх ҳалок бўлганларнинг оиласига 400 минг рупия (5,36 минг доллар) миқдорида компенсация тўлашга топшириқ берди. Шунингдек, у расмийлардан жабр кўрганларга тиббий ёрдам кўрсатишни сўраган.

Жума куни Уттар-Прадешда чақмоқ уришидан 15 киши ҳалок бўлганди. Шанба куни Бихар штатида яна 20 киши яшин қурбони бўлди, қарийб 40 дан ортиқ одам жароҳатланган.

Жабр кўрганларнинг аксарияти — фермерлар ва далаларда қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланувчи ишчилар. Таъкидланишича, кучли ёмғир янада кўплаб фермерларнинг далага чиқишига мажбур қилган. Улар гуруч ҳосилини кўпайтириш учун муссон мавсумидан имкон қадар фойдаланиб қолишга уринишади. Лекин фермерларнинг ҳаммаси ҳам чақмоқ хавфини тўғри баҳоламайди.

Табиий офатларга қарши кураш миллий бошқарма маълумотларига кўра, май ойининг ўрталаридан буён Ҳиндистонда 253 киши чақмоқ зарбидан ҳалок бўлган, 49 киши жароҳатланган. 90% ўлим Уттар-Прадеш ва Бихар штатларида қайд этилган.

Ҳар йили Ҳиндистонда чақмоқ уришидан 2-3 минг киши ҳаётдан кўз юмади. Бироқ бу йил минтақада момақалдироқлар кўп кузатилмоқда. Фавқулодда кучли ёмғирлар эса июнь учун хос эмас. Метеорологларнинг маълум қилишича, ёғингарчиликлар Бихар штатида 66%, Уттар-Прадеш штатида 72% га кўпайган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг