«Ўзмиллийбанк» АЖ ва «LBBW» банки100 миллион евролик келишув имзолади
Жорий йилнинг 2 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига юқори даражадаги ташрифи арафасида Германиянинг етакчи компаниялари ва икки мамлакат молия институтлари иштирокида Ўзбекистон-Германия бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Бизнес-форум доирасида Ўзбекистон ва Германия ишбилармон доиралари ўртасида келишувланинг катта тўплами имзоланди. Форум давомида ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари ва янги ўсиш нуқталарини амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Бизнес-форум майдонида тузилган муҳим шартномалар қаторида «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ (кейинги ўринларда – «Ўзмиллийбанк») ва Landesbank Baden-Württemberg (кейинги ўринларда - LBBW) ўртасида имзоланган 100 миллион евро миқдорида кредит линиясини жалб қилиш бўйича ҳамкорлик келишуви ҳам бор.
Битим «Ўзмиллийбанк» эксклюзив шартларда инвестиция лойиҳаларини, шу жумладан тўқимачилик саноати ва муқобил энергетика соҳасидаги «Euler Hermes» экспорт-кредит агентлиги қопламаси остида узоқ муддатли ва имтиёзли молиялаштиришни жалб қилиш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 январдаги ПҚ-2-сонли қарорини бажариш мақсадида Германия томони билан LBBW кредит линияси орқали лойиҳа қиймати 143 миллион евро бўлган тўқимачилик саноати лойиҳаларини молиялаштириш бўйича келишувларга эришилди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш 2000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига ва бу тармоқнинг экспорт салоҳиятини 100 миллион евродан ортиқ миқдорга оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқоридаги Фармонига мувофиқ тўқимачилик соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш, тўқимачилик маҳсулотларини юқори технологияли ишлаб чиқариш даражасида ташкил этишни, юқори қўшимча қийматга эга тайёр ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2,1 баробар ва экспорт кўрсаткичи 2,6 баробар оширишни, шунингдек, мавжуд корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришни таъминлайди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси тўқимачилик саноати юқори суръатларда ривожланмоқда, бунга кенг хомашё базасининг мавжудлиги ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талабнинг тобора ортиб бораётгани ҳамда қулай инвестиция сиёсати мамлакатга хорижий инвестициялар оқимини рағбатлантиради.
Маълумот учун: LBBW 1818 йилда ташкил этилган бўлиб, активлари 324,1 миллиард евро, капитали – 15,4 миллиард евро ва фойдаси – 1,5 миллиард еврони ташкил этади ва Германиянинг федерал ерларида (Баден-Вюртемберг, Рейнланд-Пфалз, Саксония) йирик универсал банк ҳисобланади. LBBW бизнес-модели корпоратив ва хусусий мижозларга, жамғарма кассаларига хизмат кўрсатишга қаратилган. Банк, шунингдек, Баден-Вюртемберг, Рейнланд-Пфалз ва Саксониядаги омонат кассалари учун марказий банк вазифасини бажаради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter