«UzAuto Motors»дан ташаббус: компания журналистларни ишлаб чиқариш жараёни билан таништирди
Йилнинг энг кўп муҳокама қилинган мавзуларидан бири «UzAuto Motors» компанияси ва унинг атрофида бўлди десак адашмаймиз.
Албатта ҳар қандай муаммо ёки масаланинг ичига кириб бориш, уни ўрганиш журналистлар учун муҳим. Буни автосаноат вакиллари ҳам ҳис этишган шекилли, журналист ва блогерларни диалогга чақириб, ишлаб чиқариш жараёни билан танишиш учун Анжидон вилоятига таклиф этишди.
Биринчи куни Асака туманида жойлашган ишлаб чиқариш заводида бевосита машина ишлаб чиқариш жараёни ўрганилди.
Бу ерда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар ва режадаги русумлар ҳам намойиш этилди. Жумладан, «Chevrolet Onix» автомобилини мисол сифатида келтириш мумкин. 2022 йил 4-чорак якунида локализация қилиниши кутилаётган ушбу автомобил нархи 9-12 минг доллар атрофида баҳоланмоқда.
Автомобиллар ишлаб чиқариш билан танишувдан сўнг, «UzAuto Motors» раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда қатор саволларга жавоб берилди. Жумладан, «Шапка» муаммоси қандай бартараф этилди?» деган саволга «Uzavto Motors» компанияси директори в.б. Рустам Ражабов қуйидагича жавоб берди:
— Ишлаб чиқаришдаги дефицитни йўқотдик, тизимни компютерлаштирдик, инсон омили чиқариб ташланди. Мана шу сабаблар «шапка» муаммосига қарши курашда ёрдам берди.
Шунингдек, компания раҳбарига кўра, пандемия автомобилллар савдосига деярли таъсир қилмаган. 2021 йил автомобил ишлаб чиқариш кескин ўсиши кутилмоқда.
Яна бир журналистнинг «Нега «Uzavto Motors» машиналарини сотиб олгандан сўнг баллонларини тўлиқ алмаштириш керак?» деган саволига компания расмийсининг жавоби шундай бўлди:
—Ҳар бир автомобилни яратишга йиллар керак бўлади. Onix номли автомобилни олайлик, баллонини қаранг. Мана шу машина ихтиро бўлиши учун 5 йил вақт кетган. Тормоз олиш йўналиши, оғирликка дош бериши инобатга олинади. Автомобиллар оғирлиги, тезлик олиши ва бошқа масалар турлича бўлади. Баллон алмаштириш нотўғри амалиёт.
Агар нотўғри ғилдирак қўйилса бу хавфсизликка таъсир этади.
«Uzavto Motors» фақат йиғувчи компаниями?
Пресс-тур қатнашчиларида албатта, мазкур савол бор эди. Компания вакиллари бу масалага амалий ёндашишни таклиф этиб пресс-тур иштирокчиларини бутловчи қисмлар корхонасига таклиф этишди.
Пресс-турнинг иккинчи куни бутунлай автомобиль саноатида маҳаллийлаштириш мавзусига бағишланди.
Дастлабки манзил бўлган «Ўзавтокомпонентс» АЖ директори Шафқатбек Алимовнинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистонда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмлар етказиб берувчи 170 дан зиёд корхона мавжуд. Ушбу корхоналар базасида 200 дан зиёд технологиялар ўзлаштирилган ва 4 000 дан зиёд деталлар маҳаллийлаштирилган.
Айтиш жоизки, «Uzavto Motors» ишлаб чиқарувчи автомобилларда жами 7 мингдан зиёд деталлар бор.
— Маҳаллийлаштиришдан кўзланган асосий мақсад — ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархини ва хорижий валютага боғлиқликни камайтириш, — дейди Шафқатбек Алимов. — Шунга қарамай, автомобиль саноати импорт хом ашё ва бутловчи деталларга боғлиқ бўлиб қолмоқда, бу кўпинча маҳаллийлаштиришнинг имконсиз эканлиги билан боғлиқ. Масалан, енгил автомобиль учун кузовлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилса-да, пўлат Россиядан келтирилади (яқинда у 35-60 фоизга қимматлашди), чунки автомобиллар учун пўлат ишлаб чиқариш саноати бизда мутлақо йўқ. Шунингдек, валюта курсларига боғлиқлик корхоналар олган кредитларга таъсир кўрсатади, улар бўйича фоизлар миллий валютада 20-24 фоиз ва АҚШ долларида 7-8 фоиз оралиғида белгиланган, ҳолбуки бошқа мамлакатларда бу фақат 2-3фоизни ташкил этади. Фақат мана шу кредитлар фоизларини тўлашнинг ўзига 75 млрд. сўмдан ошиқ пул сарфланган.
Пресс-тур иштирокчилари шунингдек, деталлар яратувчи уч корхона фаолияти билан танишдилар:
«Ўз-Донг Янг Ко» - 1997 йилда таъсис этилган бўлиб, ҳозирги кунда «UzAuto Motors» ишлаб чиқарадиган автомобилларнинг ички безак деталларини таъминлайди. Ускуналар панели, эшик қопламаси, ғилофлар, шифт панели, юкхона бўлмаси – бу корхона ишлаб чиқарадиган маҳсулотнинг асосий рўйхати. Корхонанинг ўртача йиллик товар айланмаси 35,6 млн. долларни ташкил этади. Корхонада 1 000 дан зиёд ходим ишлайди.
«Ўз-Сэ Мюнг Ко» – 1996 йилда асос солинган, «UzAuto Motors» ишлаб чиқарадиган автомобиллар учун ёқилғи баклари ва насослар ишлаб чиқарувчи Андижон вилоятидаги энг йирик қўшма корхоналардан бири. Шунингдек, корхонада металл ўтампланган деталлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Корхонанинг ўртача йиллик товар айланмаси 50 млн. долларни ташкил қилади. Корхонада тақрибан 1 200 нафар ходим ишлайди.
«O`zERAE Climate Control» – 2010 йилда асос солинган, иситиш, совитиш, вентиляция ва кондиционерлаш тизимларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхонада «UzAuto Motors» ишлаб чиқарадиган автомобиллар учун иситиш, кондиционерлар ва совитиш тизимлари боғламалари ишлаб чиқарилади. Корхонанинг ўртача йиллик товар айланмаси 40 млн. долларга ташкил қилади. Корхонада 300 дан зиёд ходим ишлайди.
Уч йирик корхона фаолияти ўрганилгач, «UzAuto Motors» ташаббуси билан Андижонга уюштирилган пресс-тур якунланди. Журналист ва блогерлар бевосита ишлаб чиқариш ва деталлаш жараёни билан танишиб, автомобилсозлик ҳақида кенгроқ тасаввурга эга бўлдилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter