Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

USAID Ўзбекистонда 10 миллион долларлик дастурни ишга туширди

USAID Ўзбекистонда 10 миллион долларлик дастурни ишга туширди

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ёшларнинг ишга жойлашиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган 10 миллион долларлик дастурни («YES») ишга туширди. АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, беш йиллик дастур 8−11-синф мактаб ўқувчилар малакали ходим, тадбиркор сифатида ишлаш учун зарур кўникмаларга эга бўлишига кўмаклашади ва ёшлар бандлигини оширади.

Дастурнинг тақдимот маросимида ҳукумат ва хусусий сектор вакиллари, халқаро ташкилотлар, маҳаллий нодавлат ташкилотлари ва турли манфаатдор томонлар иштирок этди. Ўзбекистонлик икки ёш тадбиркор –  Дилмурод Юсупов ва Малика Шаропова эса тадбиркорлик йўлидаги тўсиқларни енгиб, муваффақиятга эришиш бўйича шахсий тажрибаси билан ўртоқлашди.

«АҚШ ҳукумати ёшларга мартаба йўлларини танлаш имкониятини бериш ва Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муваффақиятли ҳисса қўшишлари учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни тақдим этиш бўйича саъй-ҳаракатларида халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорлик қилишдан фахрланади», – дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги муваққат ишлари вакили Пол Политис.

Йирик лойиҳа мактаб ва мактабдан кейинги дастурларни ўз ичига олиб, қизлар ва имконияти чекланган ёшларнинг ҳам бандликдаги ролини оширишга қаратилган. USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередитга кўра, аёллар ва имконияти чекланган ёшларнинг бандлик кўрсаткичи юқори эмаслиги сабабли улар мамлакатда фойдаланилмаган ресурс бўлиб қолмоқда.

Дастур доирасида амалий ўрганишга устувор аҳамият берилиб, тадбиркорлик, иқтисодиёт ўқув дастурлари ҳамда ўқитиш амалиёти ишлаб чиқилади ва такомиллаштирилади. Лойиҳа ёшларнинг билим ва кўникмаларини Ўзбекистон меҳнат бозорига мос бўлишини таъминлаш учун хусусий сектор билан яқин ҳамкорликни кўзда тутади.

USAID, шунингдек, амалий машғулотлар, жумладан, иш тажрибаси, мураббийлик ва мутахассислар фаолиятини кузатиш имкониятларини тақдим этади. Дастур халқаро таълим бўйича Америка Кенгашлари ва маҳаллий ва халқаро шериклар консорциуми томонидан амалга оширилади.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги жорий йил август ойида Ўзбекистондаги ижтимоий заиф ва ногиронлиги бўлган аёлларни рақамли иқтисодиётга жалб қилишга қаратилган дастурни амалга ошира бошлади.

2022 йил май ойида эса халқаро агентлик Ўзбекистон қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 2,4 миллион доллар ажратди. Бу борада ҳунармандчилик корхоналари ва якка тартибдаги ҳунарманд аёллар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида бизнес ғоялар танлови ҳам эълон қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг