«Улли ҳовли» – туркманларнинг даврлар оша ўтиб келаётган қадимий қалъаси
Хоразм вилояти Урганч туманининг Ғайбу қишлоғида жойлашган «Улли ҳовли» тарихий мажмуаси қарийб 4 асрлик тарихга эга.
XVII аср бошлари туркманларнинг Солер уруғи қийин вазиятга тушиб қолади. Улар турган манзил сувсизланиб, тирикчилик ўтказиш оғирлашади. Мана шундай ҳолатда уруғ оқсоқоллари Хўжамберди ва Шермаматбой Хоразм хонлигидан мадад сўрайди. Давлатни бошқариб турган Абулғозихон туркманларнинг чорловига жавоб беради ва уларга хонлик ҳудудидаги сувли жойлардан бирини ажратади.
Шу тариқа туркман қабиласи хонлик ҳудудига кўчиб ўтади. Олдинга ўтиб айтиш лозим, бу ҳамкорлик ҳар икки томон учун манфаатли бўлган. Жангари туркман йигитлари лозим бўлган вақтда хон қўшинлари сафига қўшилишлари, бошқа вақтда эса савдо йўлларини қўриқлашлари лозим бўлади.
Улли ҳовли айнан шу йигитлар учун қуриб берилади. Қўрғонда 15 та оила истиқомат қилгани учун «Улли ҳовли», яъни «катта ҳовли» деб аталади.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирга даврга келиб ҳовлининг сақланиб қолган катта-кичик хоналари сони 35 тани ташкил қилади.
Хива шаҳри 2024 йилда Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти туризм шаҳри сифатида эълон қилиниши муносабати билан халқаро тадбирларни ёритаётган маҳаллий ва хорижий журналистлар учун Туризм қўмитаси томонидан тарихий мажмуага пресс-тур ташкил этилди.
Урганчдан бир неча километр узоқликда жойлашган Улли Ҳовли қадимий қалъаси бугунги кунда сайёҳлик мажмуасига айланди. Мажмуада туялар, отлар ва паррандалар сақланади. Объектда ҳозиргача эски тегирмон ва қадимий қудуқлар ҳам сақлаб қолинган.
Маълумотларга кўра, бу иморатлар пойдеворсиз қурилган, яъни деворларнинг ости бир метр қазилиб, қум солинган ва устига қамиш тўшалиб, сўнг пахса урилган. Мажмуа салкам 1 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, ҳовлида ўтовлар тикилган. Бундан ташқари, ҳунармандчиликнинг еттидан ортиқ тури билан шуғулланиш учун устахоналар ташкил этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter