Турсунали Акбаров Судьялар Олий кенгаши матбуот котиби этиб тайинланди
Журналист Турсунали Акбаров Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди.
Тайинлов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хулосасига асосан амалга оширилди.
Турсунали Адахамжанович Акбаров — таниқли ва тажрибали журналистлардан.
У 1973 йили Ўш вилоятининг (Қирғизистон) Ўзган шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетида таҳсил олган.
Меҳнат фаолиятини туман газетасида бошлаган Т. Акбаров қатор оммавий ахборот воситалари, хусусан, «Хабар», «Ҳуррият» нашрларида, «Туркистон-пресс» ахборот агентлиги, шунингдек, «Мовароуннаҳр» нашриётида турли лавозимларда ишлаган.
Тайинловга қадар «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталининг ҳуқуқ ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими муҳаррири вазифасида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги ПҚ-4366-сонли қарорига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари матбуот котиби бир вақтнинг ўзида раҳбарнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланиб, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра, раҳбар ўринбосарига тенглаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter