Туркияда вафот этган 4 киши ҳақидаги хабарга ўзбекистонликларнинг сурати қўйиб тарқатилди
Жорий йил 18 июнь куни Туркиянинг Измир шаҳрида 4 нафар Туркманистон фуқароларининг жасади топилгани ҳақида хабар тарқалган эди. Туркия ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ушбу хабарларга Ўзбекистон фуқароларининг расмлари илова қилиниб тарқатилгани маълум бўлди.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консулхонаси мазкур ҳолатга эътибор қаратиб, Туркманистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси, хабарни биринчи бўлиб тарқатган ОАВ раҳбарияти, ижтимоий тармоқ фаоллари ва расми эълон қилинган Ўзбекистон фуқаролари билан боғланган ва ҳолатга ойдинлик киритган.
Маълум бўлишича, жасадлар Туркманистон фуқаролари Гулкамар Ҳанимова, қизлари Лейла Гелдиазова ва Лачин Гелдиазова ҳамда Руслан Керимов исмли шахсларга тегишли бўлган. Лекин илова қилинган суратдаги Ўзбекистон фуқаролари вафот этмаган. Ҳозирда расмлар қандай алмашиб қолганлиги ўрганилмоқда.
Расмдаги фуқаролар 6 йил аввал Истанбулда бирга тушган бўлиб, вафот этган туркманлар билан алоқаси бўлмаган ва Измирда ҳам бўлишмаган.
Суриштирувларда нотўғри маълумот тарқатган ОАВ мутасаддиси расмни Измир полициясидан олганлигини таъкидлаган. Туркманистонлик дипломатлардан суриштирилганида вафот этган шахсларнинг ҳақиқий расмлари йўқлиги аниқланган.
Айни пайтда Измир полицияси ва хабарни тарқатган ОАВ вакилларига маълумотларни тўғрилаш бўйича Бош консулхона ўз расмий талабини йўллаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter