Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тўйхонада 50дан ортиқ одам заҳарланди. Улар орасида болалар ҳам бор

Тўйхонада 50дан ортиқ одам заҳарланди. Улар орасида болалар ҳам бор

Фото: Xabar.uz

Заҳарланганларнинг соғлиғи айни пайтда яхшиланган ва 43 нафарига уйига кетишга рухсат берилган. Бу ҳақда Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумот берди.

Қайд этилишича, 2024 йил 12 апрель куни, кечки соат 22 лар атрофида Бухоро туман марказий шифохонасига қоринда оғриқ, кўнгил айниш, қусиш ва умумий ҳолсизликка шикоят қилиб беморлар мурожаат қила бошлаган. Анамнезда барча беморлар Бухоро тумани маркази, Гала Осиё шаҳрида жойлашган «Оқшом» тўйхонасида овқат истеъмол қилиш натижасида ушбу шикоятлар келиб чиққанини билдиришган. Зудлик билан Бухоро туман марказий шифохонасига барча шифокорлар сафарбар этилган.

«Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан ҳам тегишли мутахассислар жалб этилди ва мурожаат қилганлар тўлиқ кўрикдан ўтказилди. Барча беморларга «Ўткир диарея, Гастритик ва гастроэнтеритик шакли, ўрта оғирликда кечиши. Овқатдан заҳарланиш?» ташхиси қўйилди ва тегишли инфузион терапия бошланди. Бухоро туман марказий шифохонасига кеч соат 03.00 га қадар жами 16 нафар бемор (4 нафар болалар, 12 нафар катта ёшдагилар) мурожаат қилди.

Бундан ташқари, Вобкент туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонага ҳам худди юқоридаги шикоятлар билан жами 37 нафар беморлар (9 нафар бола ва 28 нафар катталар) мурожаат қилди. Уларга ҳам «Ўткир диарея, Гастритик ва гастроэнтеритик шакли, ўрта оғирликда кечиши. Овқатдан заҳарланиш?» ташхиси қўйилиб, юқори малакали мутахассислар томонидан консультация ўтказилиб, инфузион терапия бошланди. Дори-дармон воситалари етарли миқдорда таъминланди.

13 апрель эрталаб соат 09.00 ҳолатида Бухоро туманида даволанаётган 11 нафар бемор ва Вобкент туманидан даволанаётган 32 нафар беморларнинг аҳволи яхшиланиб, қониқарли аҳволда уйига жавоб берилди», дейилади хабарда.

Кун давомида қолган беморлар ҳам аҳволи яхшилангач уйига жавоб берилади. Тиббиёт бригадалари томонидан тўйда қатнашган меҳмонлар аҳволи ҳудудлар кесимида назоратга олинган.   

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг