Товарларни олиб ўтишнинг янги нормаси божхона органларида коррупцияни авж олдирадими?
2018 йилнинг 1 июлидан эътиборан мамлакатимиз ҳудудига маиший техника буюмлари, офис техникалари ва айрим турдаги товарларни олиб ўтиш тартиби янада такомиллашгани ҳақида хабар берган эдик.
Ижтимоий тармоқларда ушбу мавзу кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Кимдир бунга маъмурий чеклов сифатида қараса, яна кимдир мамлакат иқтисодий тараққиёти учун фойдали эканлигини таъкидламоқда. Чунки ҳар бир фуқаро ўз хонадони эҳтиёжлари учун зарур буюмлар ва техникаларни харид қилишни истайди.
Қўшни давлатлар ёки хориждан қайтаётган юртдошларимиз темир йўл ёки автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистонга кириб келар экан, ушбу товарларнинг рўйхати билан қизиқиши табиий, албатта.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 463-сон қарорига асосан, эндиликда темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда — 1000 АҚШ доллари миқдорида ҳамда автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда эса — 300 АҚШ доллари миқдоридаги қуйидаги товарларни 1 календарь ой давомида 1 донадан божхона тўловларисиз олиб кириш мумкин.
Булар ҳар бир хонадон учун зарур бўлган совутгич, музлатгич, кондиционер, кир ювиш машинаси, чангютгич, газ плитаси, электр плита, телевизор, микротўлқинли печь, духовкали печь, электр гўшт қиймалагич, дазмол, фен, ошхона комбайни, телефон аппарати, шу жумладан, қўл телефони, компьютер техникаси, принтер ва кўп функцияли офис қурилмаси, планшет, ноутбук, ошхона идиши (бир тўплам) каби товарлардир.
Шунингдек, бошқа ҳар бир номдаги товар (масалан, озиқ-овқат, кийим кечак, канцелярия, хўжалик моллари)дан 2 кг., аммо умумий оғирлиги 10 кг.дан ошмайдиган товарлардан божхона тўловлари ундирилмайди.
Жисмоний шахслар товарларни божхона тўловлари тўламасдан олиб ўтишнинг миқдорий нормалари жисмоний шахс Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасидаги ўтказиш пунктларидан белгиланган даврда биринчи марта ўтишида қўлланилади. Бунда божхоначилар чегара хизматлари органлари томонидан жисмоний шахснинг паспортига қўйиладиган белгидаги санага асосланишади. Рўйхатда қайд этилган ҳар қандай товар белгиланган норма ва даврийликдан ортиқ олиб ўтилганда эса ўрнатилган тартибда божхона тўловлари ундирилади.
«Агар ушбу рўйхатга эътибор қаратадиган бўлсак, рўзғор учун зарур бўлган маиший техника буюмларини ҳар куни харид қилмаймиз. Табиийки, бу турдаги сифатли маҳсулотлар хонадонимизга йиллар давомида беминнат хизмат қилади. Хўш шундай экан, жорий қилинган бу тартибдан ким безовта бўляпти, деган ҳақли савол туғилади. Бунинг жавоби ҳам ҳеч кимга сир эмас аслида», дейилади Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабарида.
Юртимизга асосан автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали кириб келаётган айрим шахслар давлатимиз томонидан яратиб берилаётган қулайликларни суиистеъмол қилган ҳолда 300 АҚШ доллари қийматидаги ҳар хил турдаги товарларни қўштирноқ ичидаги олибсотарларнинг буюртмаси асосида ўтказиб беришни ўзига касб қилиб олди. Натижада, ўз оиласи эҳтиёжи учун эмас, балки кимларнингдир чўнтагини қаппайтиришни кўзлаб қилинган бу ҳаракатлардан охир-оқибат ким зиён кўради? Ахир кунига бир неча маротаба ташилаётган маиший техника буюмлари, офис техникалари учун тўланиши лозим бўлган бож тўловлари давлат бюджети орқали қайта тақсимланиб, ойлик иш ҳақи, пенсия, стипендия кўринишида яна халқимизнинг ўзига қайтиши сир эмас.
Аммо айрим шахслар томонидан ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда, товарларни олиб ўтишнинг янги нормаси гўёки божхона органларида коррупцияни авж олдиради қабилидаги даъволар ҳам ўртага ташланмоқда.
Шуни унутмаслик керакки, бугунги кунда божхона назорати жараёни инсон омили аралашувисиз амалга оширилиши, соҳага кенг жорий этилган замонавий информацион технологиялар ҳамда видеокузатув тизими нафақат божхоначилар балки айрим қонунбузарликка мойил шахсларнинг ножўя хатти-ҳаракатларини эрта аниқлаш имконини бермоқда.
Энг асосийси, жорий йилнинг 1 июлидан мамлакатимиз чегара ўтказиш пунктларида жорий қилинган ушбу тартиб ўз хонадони эҳтиёжлари учун ушбу турдаги товарларни олиб кирмоқчи бўлган фуқароларга ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, 2019 йил 1 январдан эътиборан республикамизга олиб кириладиган 3410 турдаги маҳсулот позициялари бўйича божхона тўловлари ставкалари туширилди. Булар сирасига озиқ-овқат, гўшт ва сут маҳсулотлари, кийим-кечаклар, пластмасса маҳсулотлари, электрон машиналар ва ускуналар киритилган. Шунингдек, 790 турдаги маҳсулотлар позицияси бўйича акциз ставкалари ҳам туширилди.
«Шундай экан, четдан ноқонуний йўллар билан маҳсулот олиб киришни ўзига касб қилиб олиб, мўмай даромад орттиришга кўникиб қолган айрим шахслар ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга берилмасдан ўз фаолиятларини қонуний асосда олиб бориши, ҳалол тадбиркорлик ортидан даромад топишлари айни муддао бўлар эди», дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter