Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда «Қорабоғда янги туғилган қуёш» номли фотолар кўргазмаси ташкил этилди.

Тошкентда «Қорабоғда янги туғилган қуёш» номли фотолар кўргазмаси ташкил этилди.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказининг ташкилотчилиги асосида «Қорабоғда янги туғилган қуёш» номли фотолар кўргазмаси ташкил қилинди.

Тошкентдаги Абдулла Қодирий Хотира музейида бўлиб ўтган кўргазмада Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳусайн Гулиев, Озарбайжон ва Туркия элчихоналарининг дипломатлари, Ўзбекистоннинг маданият, фан ва санъат ходимлари, олимлар, университетларнинг профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этдилар.

Озарбайжон Маданият Марказининг директори Самир Аббасов кўргазманинг очилишида чиқиш қилиб, 2020 йилда 44 кунлик Ватан уруши натижасида 30 йилга яқин Арманистон ишғоли остида қолган тупроқлар Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг муваффақиятли сиёсати ва армиянинг жасорати билан озод қилингани ҳамда Арманистон ишғолининг оғир аҳволдаги натижаларини гапириб, булар ҳақида маълумот берди. Дипломат ҳар йили Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Марказининг ташкилотчилиги билан ўзбек журналистлари, операторлари учун Озарбайжонга, унинг ишғолдан озод этилган минтақаларига медиа-турлар ташкил қилинганини қайд этиб, ўтган йиллар мобайнида Озарбайжонда бўлган журналистлар ўлкамиз ҳақида ўнлаб телевидения кўрсатувлари ва радио эшиттиришлари, газета ва сайтлар учун мақолалар тайёрлаганини гапирди.

Самир Аббасов «Қорабоғда янги туғилган қуёш» номли фотолар кўргазмасида Ўзбекистоннинг таниқли фотографи Ҳусниддин Ато босқиндан озод бўлган ҳудудларимизни кезиб, уникал суратлар олгани, ҳудудларни тасвирга муҳрлагани ва ушбу суратлар кўргазмадан жой олганини билдириб ўтди.

Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳусайн Гулиев ўлкаларимиз орасида бўлган тарихий дўстлик алоқалари ҳақида гапириб, сўнгги йилларда ҳамкорлик янада юксалиб бораётганини таъкидлади. Элчи Арманистоннинг тарихан истилочилик сиёсатидан сўз очиб, Кавказ билан бирга, Марказий Осиёда ҳам арман дашноқлари қилган қатли бедодлар, қирғинлар ҳақида маълумотлар берди.

Кўргазмада намойиш этилган фотолар муаллифи, таниқли ўзбек фотооператори Ҳусниддин Ато Озарбайжонга ташкил этилган медиа-тур ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди. Фотомухбир Озарбайжоннинг Арманистон ишғолидан озод этилган минтақаларини зиёрат қилиб, ҳайратланганини ва дахшатга тушганини сўзлаб берди. Ағдам, Фузулий ва Шуша туманларида бўлган Ҳусниддин Ато бу ерда худдики кучли даражада вайрон қилгувчи зилзила содир бўлганини, Озарбайжон халқи минг йиллар давомида яратган шаҳар ва қишлоқларининг вайрон қилинганини таъкидлаб ўтди. Унинг қайд этиши бўйича, хорижлик журналистлар Ағдамни «Озарбайжоннинг Хиросимаси» деб бежизга аташмаган.

Фотооператор Ҳусниддин Ато кўргазмага қўйилган суратлар умумий суратларнинг танланган бир қисми эканини айтиб, келажакда у Озарбайжон Маданият Маркази билан биргаликда Озарбайжонга ва Қорабоғ мавзусига доир тасвирга муҳрланган суратлардан иборат янги-янги кўргазмаларнинг ташкил этилиши режалаштирилаётгани ҳақида гапирди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентдаги тарихий музейда «Қорабоғда янги туғилган қуёш» номли фотолар кўргазмасининг намойиши жорий йилнинг 27 февралига қадар давом этади.

Тадбир давомида иштирокчилар 2020 йилда Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази томонидан тайёрланган Қорабоғ бурчаги билан яқиндан танишдилар.

Ушбу бурчакка 5 тилда нашр этилган «Шуша - турк дунёсининг маданият пойтахти» номли энциклопедик китоб ва Ўзбекистонда тайёрланган почта маркаси ҳадя қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг