Тошкентда бир ой давомида соғлом турмуш тарғиботи бўйича акция ўтказилади
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда шу йилнинг 25 январидан 25 февралигача Тошкент шаҳрида «Соғлом ҳаётга қадам ташла!» акциясини ўтказмоқда. Ундан кўзланган мақсад аҳолининг тиббий билимини ошириш, ўз соғлиғига бўлган эътиборини кучайтириш, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ҳамда тамакидан воз кечиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришдир. Бу ҳақда мазкур ақция олдидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Бир ой давомида ўтказилиши режалаштирилган мазкур акция Тошкент шаҳрининг Миробод, Яшнабод, Юнусобод ва Шайхантоҳур туманларининг жамоат жойларида бўлиб ўтади. Ҳудудлардаги «Корзинка» супермаркетлари, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда – «Саломатлик майдончалари», ҳудудларда «Саломатлик дарслари», таълим муассасаларида «Тамакисиз ҳудуд учун овоз берамиз» акциялари, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш қоидаларига риоя қилиш, тамаки маҳсулотлари сотувини рағбатлантирилишини олдини олиш ҳамда иш ва жамоат жойларида ҳамда жамоат транспортларида тамакисиз ҳудуд яратиш бўйича оммавий рейдлар олиб борилади. Шунингдек, бу ерда шифокорлар фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиб, жойлардаги ўқув муассасалари ва маҳаллалардаги ёшларга тамаки чекишнинг зарарли оқибатлари ҳақида маърузалар қилади.
Анжуманда айтилишича, камҳаракатлилик ва нотўғри овқатланиш оқибатида Ўзбекистон аҳолисининг ярми ортиқча вазнга эга, одамларимизнинг 46 фоизида қон таркибида меъёридан ортиқ холестерин мавжуд, 31 фоизида қон босими юқори. Юртимизда деҳқончилик маҳсулотлари мўл-кўл етиштирилса-да, аҳоли кундалик овқат рационида мева-сабзавот истеъмоли етарли эмас. Ушбу муаммолар туфайли Ўзбекистонда йиллик ўлим ҳолатларининг 78 фоизи айнан юқумсиз касалликлар улушига тўғри келади. Кўриниб турибдики, соғлом турмуш тарзига риоя этиш ҳар қачонгиданда долзарб аҳамият касб этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter