Тошкент телеминорасини чақмоқ ургани рад этилди
Интернет саҳифалари ва ижтимоий тармоқларда 8 май куни баландлиги 375 метр бўлган Тошкент телеминорасини чақмоқ ургани ҳақида хабарлар ва чақмоқ уриши жараёни акс этган видео тарқалган эди.
«Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» давлат унитар корхонаси, ушбу ҳодиса бўйича расмий изоҳ берди.
«Тошкент шаҳридаги кузатилган ноқулай об-ҳаво шароити вақтида Тошкент телеминорасига тўғридан-тўғри чақмоқ уриш ҳодисаси содир бўлмаган, яъни видео олинган ракурсдан чақмоқ урганлиги қайд этилган бўлсада, аслида чақмоқ содир бўлиши Телеминорадан маълум бир масофада бўлиб ўтганлигини билдирамиз», — дейилади изоҳда.
Қайд этилишича, Тошкент телеминорасида бугунги кунда барча техник қурилмалар барқарор ишламоқда ва аҳолига рақамли телевидение ҳамда радиоэшиттириш дастурлари узлуксиз тарқатиб келинмоқда.
Таъкидланишича, Республикамизнинг ноёб архитектура иншооти бўлмиш Тошкент телеминораси кучли чақмоқ уришига қарши ҳимоя тизими ва ерга уланиш контурлари билан таъминланган. Шу сабабли, чақмоқ урган тақдирда ҳам, ҳеч қандай хавф ва хавотирга асос йўқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter