Тошкент – Самарқанд: таксида йўловчи қанчалик ҳимояланган?
Ишим Тошкентда, уйим Самарқандда. Ойда бир-икки марта уйга бориб-қайтаман. Мен кабилар камми? Нафақат иш, балки даволаниш, тижорат, қариндошчилик ва бошқа жиҳатлар баҳонасида икки шаҳар ортасида қатнов азалдан бўлган, бор ва бўлади. Ва нафақат Самарқанд, балки, республиканинг барча вилоятлари билан пойтахт ўртасида траспорт серқатновлиги табиий ҳол.
Менга таксида қатнаш қулайдек туюлади. Лекин яқинларим ҳар сафар зорлангандек гапиришади: «Поездлар ҳам кўп-ку...» Ҳа, учоқ ҳам бор, автобуслар қатор тизилиб туради. Аммо аниқ вақтда етишолмай қолиш хавотиридан таксига ўрганиб қолганман. Истаган вақтингда сумкангни елкага осиб чиқиб кетаверасан. Қулай деяпману, қулайлиги қанчалик кўп бўлса, ноқулайлигига ҳам шунча, деб ўйлайман гоҳида.
Олмазор метроси яқинида ҳар бир ўз манзилини айтиб бақириб-чақираётганлардан сўрашади. «Қаерга?» Самарқандлигини билган 3-4 ҳайдовчи ўзининг қулай жиҳатларини айтаверади. «Менинг учта одамим бор», «Кондиционер ишлайди», «Ҳеч қаерда тўхтамаймиз». Шунақа вазиятда сиз ҳам бўлсангиз, биринчи жўнайдиганини танлардингиз. Хўб, қайси машина? Ҳайдовчининг ортидан эргашиб борасиз. Қуёш тиғида қизиб турган машинани кўриб аста ортга қайтасиз. Саратонда соат 10 гача қуёш тиғида турган (газ баллонли), кондиционер ишламайдиган ва ўртада ўтиришингиз керак бўлган машинани узоқ йўлларга юриб-кўриб келайтган одам ҳеч қачон танламайди
Бошқа бир ҳайдовчининг сояда сақлаётган машинасида бормоқчи бўлиб келишасиз. Йўл сумкангиз багажга жойланади. «Ичкарида ўтириб туринг». Машина салони шунчалар бадбўй... Бироздан кейин ташқарига, тоза ҳавога чиқасиз. Яна 3 йўловчи топилиб келгунча ташқарида туришга қарор қиласиз. Нарироқда Самарқандга жўнайдиган бошқа машиналарнинг бирида иккита, бошқасида 3 нафар йўловчи тўпланиб бўлган экан. Кейингисига чиқиб жўнаб қолгим келади. Лекин сумкам багаждалигини билиб ҳайдовчи «ўтирган экансиз-ку, ўтирмаганингизда олардим» дейди. Сабр билан кутаман. Ҳар замонда «менинг» ҳайдовчим айланиб келиб «ана келаяпти, мана келаяпти. Телефон қилди» деб кетади. Бир соат, тағин ярим соат ўтди. Эътибор берсам, ҳайдовчи карахтроқдек туюлди.
«Чарчаганмисиз, нега йўловчини олишда чаққонлик қилмаяпсиз» сўрайман. Маълум бўлишича, тонгга яқин Тошкентга кириб келган экан. Демак, уйқусираб турибди. Машина ичида мизғиб олган бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Лекин йўл ҳайдовчини ҳам, йўловчиларни ҳам бирдек «аллалайди». Шу гаплар кўнглимдан кечар экан, «Сизни бошқа шеригим олиб кетади» деб қолди ҳаёдовчи бир айланиб келиб. Сумкам гараждан чиққанига хурсанд бўлдим. Лекин кейинги машинага айни ўтирганимда «фақат Булунғурдан сизни бошқа машинага ўтқазиб юбораман» демайдими? Машинадан тушдим. Кейинги машина чиқсангиз кетамиз, дегани учун таваккал қилдим. Лекин шофёр олдиндан айтди: «мана бу оилани уйигача олиб боришга келишганман». Ноилож кўндим. Катта йўлдан ичкарига кириб, тош-чақир йўллар билан қайсидир қишлоққа кириб-чиққунча қарийб бир соатча вақт йўқотдим, йўлнинг носозлиги ҳам чарчатди... Тошкент – Самарқанд йўлида таксида қатнаш ҳамма вақт ҳам саргузаштли бўлавермаса-да, бундан-да дилни хира қиладиган ҳолатлар ҳам учрайди.
Қайсидир байрам олдидан вилоятларга жўнайдиган йўловчилар кўпайган оқшом эди. Бу гал Тошкент автовокзали ёнида такси бекатига бордим. Бир шофёр йўловчилари аёллар, уларнинг ёнларига фақат аёл киши кераклигини айтди. Самимий қишлоқ аёллари экан. Мени уларнинг ёнига ўтқазиб, ҳайдовчи бир зумлик иши борлигини айтиб кетди. Одатда машина тўлганда почта ҳам олишларини билардим. Кўп ўтмай машина йўлга тушди ҳам. Секин ҳаракатланаётгани пойтахт ичкарисидаги тиғизлик билан боғлиқ деб ўйладим. Кейин белим оғрий бошлади. «Нексия-3» худди «Тико» каби одамни чарчатаётган эди. Сирдарёга етганимизда, қайсидир дўкон олдида тўхтаб сув олиш учун тушсак, автомобилга тиркама ўрнатилганини кўрдим... Нимаям қила оламиз, байрам олди, ярим йўлда жанжаллашамизми?
«Сиз бунга эътибор берманг, 4 соатда етиб борамиз» катта гапирди ҳайдовчи. Кейин Жиззахда қайсидир кафеда тўхтади. Одатда Тошкентдан Самарқандгача 3 ярим 4 соатлик йўл бўлгани учун йўлда овқатланишга тўхтамас эдик. Аёллар столдан қўзғалдик ҳам ҳайдовчи ҳеч ўрнидан турмаса-чи. «Ярим соат мизғимасам бўлмайди, сизларни соғ-саломат етказишим керак» дегандан кейин жим қолдик. Хуллас, Самарқандга тонгда кириб бордик...
Яна бошқа серияси: йўловчилар уч киши эдик. Бир киши Жиззахда тушиб қолди. Олдинги ўриндиқдаги ширакайфроқ эркак эса хуриллаб ухлаб келарди. Шофёр бир неча марта унинг маза қилиб ухлаётганлигини такрорлади. Гап топмай гапираяпти-да деб эътибор бермадим. Охири у илтимос қилди: «Гапириб келинг опа, мени уйқу босаяпти». Табиатан яхши танимаган кишилар билан кўпам гаплаша олмайман. Ишдан чарчаб чиққанман, эртага бир кун дам олиш кунидаги ишларимни режалаштирмоқчи эдим. Лекин укам қатори болага бўлган-бўлмаган нарсалар ҳақида лақиллаб келишга мажбур бўлдим. Мен-ку шаҳарда тушиб қолдим. Ширакайф йўловчи ва уйқусираган ҳайдовчи туманга боришлари керак эди. Қандай етиб боришди, менга қоронғу.
Тўғри, ўзини билган, йўловчиларини ҳурмат қилган ҳайдовчилар ҳам кам эмас. Лекин худди юқорида қилиқлари айтилган ҳайдовчилар Самарқанддан қайтишда ҳам ўзларини ғалати тутадилар. Биттаси бор, эрталаб катта йўлда телефонини олиб кимгадир икки қўллаб СМС ёзаверади. «Бориб ёзарсиз» десак, «йўл бўм-бўш-ку» дейди. Бир гал ана шундай мунозара пайтида йўл ўртасидаги тўсиқ – оғир бетон машинамиз олдига силжиб келди, қаршидан келаётган машина ҳайдовчиси ухлаб қолиб бетонга келиб урилган эди. Ҳайдовчини шу лаҳзада йўлга қаратган эканмиз, чаққонлик билан рулни буриб, касофатдан узоқ бўлдик. «Кўрдингизми, йўл бўшлигини» дедим аччиғим чиқиб...
Ҳар гал йўлда бир неча йўл ҳаракат ҳалокатига гувоҳ бўламан. Турли даражадаги ҳодисалар. Асфальтда қолган қон доғлари ичингни тирнайди. Буларга сабаб деб ҳайдовчининг фақат уйқудан қолгани ёки телефон уйнагани эмас, ким ўзарлар, автомобилларнинг носоз тарзда йўлга чиқиши ва ҳоказолар кўрсатилиб келинади. Қолаверса, фақат автомобиль ҳаракати билан боғлиқ эмас, балки йўлкирадаги ғирромликлар, узоқ сафардан қайтиб келаётгани чамадонидан кўриниб турган ҳамюртимиз, боласини Ўзбекистонда даволатаётган қўшни давлат ватандоши, ўзлари мустақил саёҳат қилмоқчи бўлган хорижий сайёҳлардан уч, тўрт ҳиссага кўп пул олинишини кўриб-билиб, ярим йўлда нима дейишни билмай ҳам қоламиз.
Шаҳарлараро такси ҳаракат йўловчиларга ҳам ҳайдовчига ҳам керак экан, уни тартибга солишни нега ўйламаймиз? Дейлик, автомобилнинг ҳолати, ҳайдовчининг ҳолати, худди шаҳар ичкарисидаги такси хизмати каби «комфорт», «тежамли хизмат» каби категорияларга ажратилиб ўртача нархлар ошкора тарзда эълон қилинса яхши бўларди. Аммо бу янги коррупция тизими учун йўл бўлмаслиги керак албатта.
Шаҳноза Жўрақулова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter