Тошкент давлат юридик университети Халқаро ассоциациялар аъзолигига қабул қилинди
Куни кеча Тошкент давлат юридик университети Халқаро университетлар ассоциацияси (International Association of Universities – IAU), Халқаро юридик мактаблар ассоциацияси (International Association of Law Schools – IALS) ва Европа ҳуқуқ факультетлари ассоциацияси (European Law Faculties Association – ELFA) тўлақонли аъзолигига қабул қилинди.
Халқаро университетлар ассоциацияси жаҳондаги университетларни бирлаштирувчи ва уларнинг манфаатларини ифодаловчи етакчи халқаро ташкилот ҳисобланади. Ушбу ассоциацияга дунёнинг 130 мамлакатидаги 650 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари аъзо бўлган. ЮНЕСКОнинг расмий ҳамкори ҳисобланадиган ушбу ассоциация ўз аъзолари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда таълим жараёнида янги билимлар ва инновацияларни қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратади. Тошкент давлат юридик университети мамлакатимиздаги олийгоҳлар орасида ушбу ташкилот аъзолигига қабул қилинган ягона университетдир.
Халқаро юридик мактаблар ассоциацияси дунёнинг 55 мамлакатидан 155 дан ортиқ юридик олийгоҳлар ва ҳуқуқ мактабларини ўзида жамлаган ташкилот ҳисобланади. Ассоциациянинг бош вазифаси дунёда юридик мактаблар фаолиятини такомиллаштириш ва юридик таълим тизимини яхшилашдан иборат. Ташкилот жаҳон бўйлаб, 4 500 дан ортиқ ҳуқуқ соҳасида фаолият юритувчи педагогларнинг манфаатларини ҳимоя қилади.
Европа юридик факультетлар ассоциацияси 150 дан ортиқ аъзоларга эга бўлган Европада юридик таълим сифатини ошириш мақсадида муҳокама ва алмашинув майдончасини тақдим этиш учун ташкил этилган нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади. Ассоциациянинг асосий фаолияти юридик таълимни ислоҳ қилиш жараёнини мувофиқлаштириш, янги стандартарни ишлаб чиқиш, университетлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳуқуқшунослар учун иш берувчи ҳисобланган ташкилотлар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.
Ушбу ассоциацияларга аъзолик Тошкент давлат юридик университетида юридик таълим ва фанни халқаро даражага олиб чиқиш, жаҳоннинг илғор тажрибаларини қўллаш, Европа кредит тизимини (European Credit Transfer and Accumulation System – ECTS) самарали жорий этиш, ўқув дастурларини такомиллаштириш, илмий-инновацион тадқиқотларни фаоллаштириш имконини яратади, шунингдек университетни дунёнинг энг яхши университетлар халқаро рейтингига киришига хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter