Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент чорраҳаларида янги қоида. «Вафли чизмалари» нима учун керак?

Тошкент чорраҳаларида янги қоида. «Вафли чизмалари» нима учун керак?

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Пойтахтда кун сайин автомобиллар сони ортиб бориши сабабли тирбандликлар ҳам кўп учрамоқда. Ушбу муаммо кўпинча чорраҳаларда сабрсиз ҳайдовчилар светофорнинг яшил чироғи ўчиб-ёнаётганида ўтиб кетмоқчи бўлишлари сабабли юзага келади, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

Ушбу муаммони ҳал қилиш учун Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари пойтахт ҳокимияти билан ҳамкорликда халқаро тажрибага асосланган ҳолда, синов тариқасида шаҳар йўлларида тирбандлик билан курашишнинг янги услубини жорий қилишмоқда.

Ўтган ҳафтанинг охирида пойтахдаги бир неча чорраҳаларда ётқизилган янги йўл чизмаси ташқи кўриниши сабабли халқ тилида «вафли чизмаси» деб номланади. Чизма ёрдамида ҳаракат йўналишида тирбандлик юзага чиққан ҳолатда чиқиш мумкин бўлмаган ҳудуд белгилаб олинади ва ҳайдовчи тўхташга мажбур бўлади. «Вафли чизмаси» ЙҲҚ билан белгиланган баъзи ҳолатларда ўнг ёки чап томонга бурилишни таъқиқламайди.

Чизма параллел кесишадиган сариқ рангли диагонал чизиқлардан ҳосил бўлган катаклар кўринишига эга. «Вафли чизмаси» мустақил тарзда ҳамда чорраҳага яқинлашиш ҳақида огоҳлантирувчи йўл белгиси билан бирга қўлланилиши мумкин. 

Ҳозирги вақтда сариқ рангли катаклар Нукус кўчасининг Бобур, Абдулла Қаҳҳор, Глинка, Бешёғоч, Миробод, Авлиё-Ота, Афросиёб кўчалари билан кесишмасида – жами еттита чорраҳаларда чизилган. 

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Синов тариқасида чизилаётган чизма тирбандликлар кўп учраб турадиган бошқариладиган чорраҳаларда қўлланилади.

Яқин кунларда пойтахтнинг яна 18 та чорраҳаларида, яъни қуйидаги кўчалар кесишмаларида «вафли чизмалари»ни ташкил этиш режалаштирилмоқдаНукус – Тарас Шевченко, Нукус – Амир Темур, Нукус – Истиқбол, Мустақиллик – Оққўрғон, Мустақиллик – Сайрам (7-йўл), Мирзо-Улуғбек – Дўрмон йўли, Дўрмон йўли – Мингбулоқ, Дўрмон йўли – Ғазалкент, Дўрмон йўли – Темур Малик, Мустақиллик – Шастри, Мустақиллик – Шаҳрисабз, Шаҳрисабз – Амир Темур, Алишер Навои – Зарафшон, Шароф Рашидов – Алишер Навои, Шараф Рашидов – Матбуотчилар, Шараф Рашидов – Афросиёб, Фидоилар – Афросиёб, Шаҳрисабз – Афросиёб.

Режалаштирилган ишлар якунлангач, Тошкентдаги қамралган чорраҳаларнинг умумий сони 25 тани ташкил этади.

Эслатилишича, (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарори) «Чорраҳада ҳаракатланиш» бобидаги 97-бандга мувофиқ, «Ҳайдовчи тирбандлик туфайли мажбурий тўхтаб, кўндаланг йўналишдаги транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсқинлик туғдирадиган бўлса, чорраҳа ёки қатнов қисмлари кесишмасига кириши тақиқланади».

Шунингдек, Йўл ҳаракати қоидаларининг 103-бандини эслатиб ўтилган: «Светофорнинг рухсат этувчи ишораси ёнганда ҳайдовчи чорраҳа орқали ҳаракатланишни тугаллаётган транспорт воситалари ва қатнов қисмидан тегишли йўналишда ўтишни тугаллаётган пиёда(лар)га йўл бериши шарт».

Аммо ҳозирги вақтда баённомаларни расмийлаштириш кўзда тутилмаяпти: ҳайдовчиларга чизманинг талабларини ўрганиб чиқиш учун вақт ва унга кўникиш учун имконият берилади. 

Қайд этилишича, мазкур чизмани қўллаш қарори қабул қилинишига Сингапурдаги муваффақиятли тажриба сабаб бўлган: ушбу янгилик сабабли Сингапур ҳукумати йўллардаги ҳолат яхшиланишига эришган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг