Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Каримберди Тўрамурод

Қўрқсанг – ёзма! Ёздингми – қўрқма!

Топганинг тўйга кетсин! Бу дуоми, қарғишми?

Топганинг тўйга кетсин! Бу дуоми, қарғишми?

Йилига ўртача ўттиз минг никоҳ бекор қилинаяпти экан...

Фото: «Sputnik»

Кунлар исиб қолди... Кунлар исиса, ўзбек нима қилади? Энг аввал тўй қилишни ўйлайди. Бу ёғи қор тушгунча кеееетди! «Хабар.уз» сайтида устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Бундай ҳолат эр киши учун ор» номли мақоласини ўқиб, олдинроқ мен ҳам тўйлар хусусида мақола ёзганим эсимга тушди. Сизларнинг эътиборингизга ўша мақоламни ҳавола қилмоқчиман.

Бу сафар ҳаммаси жиддий

Тўй ҳақида, тўйлардаги исрофгарчилик ҳақида, тўйдаги дабадабабозлик ҳақида кўп ва хўб ёзилди. Қарорлар қабул қилинди, тавсиялар ишлаб чиқилиб, оммалаштирилди. Аммо натижаси сезилмаётгандек. Ҳаммаси аввалгидек, ҳатто аввалгидан ҳам ошиб тушмоқда.

Яна  тўй ҳақида ёзмоқчиман. Аммо шунчаки мақола эмас, бир босилиб, унутилиб кетадиган мақола эмас, Ўзбекистондаги ҳар бир юртдошимизнинг қалбига етиб борадиган, тафаккурини уйғотадиган, фикрлашга ундайдиган шундай мақола ёзмоқчиманки, натижа сезилсин! Мақолани эл ўқиб, муҳокама қилсин! Мақола оммани ғафлатдан уйғотиб, тўй ҳақида бир тўхтамга келсин!

Яқинда Тожикистонга борганимизда шу мавзуда гаплашиб, очиғи, уларга тан бердим. Ҳукумат қонун билан тўйлардаги одам сонини ҳам, вақтини ҳам, никоҳдаги машина сонини ҳам чеклаб қўйибди. Қоидани бузган одам авлиё бўлса ҳам отнинг калласидек жаримани тўлар экан.

Нега бу ишга бел боғлаганимизнинг сабабларини ва бизнинг энг катта мақсадимизни эса мақолани ўқигач, билиб оласиз.

Дуоми бу?

Ўзбек азалдан болажон халқ. Тўй-томошани севади. Тўй қилса, яқин-йироқдан барча қариндошларини, таниган-танимаганини чақиради. Тўйда кексалар дуо қилади:

− Топганинг тўйга кетсин!

Ана шу дуо қабул бўлди. Йиллар давомида тирноқлаб йиққанимиз бир кунлик тўйда кетаяпти.

Ана шу дуо аслида, дуоми, қарғишми?

Ўзбекнинг топган-тутгани фақат тўйга кетмаяптими? Тўйдан бошқа ишга пул орттиролмаётган ўзбек, минг кишига ош берган ўзбек тўйдан кейин арзимаган битта шамоллашини даволатишга пул тополмай, ўлиб кетмаяптими?

Тўй ўзбек миллатининг фожеасига айланиб кетмаяптими?

Арифметика дарси

Гапни ўзимизнинг ўзбеклар қилаётган Майамида, Дубайда, Ялтада ўтаётган, бутун бошли меҳмонхоналар, қимматбаҳо яхталар банд қилинадиган, бир неча юз минг АҚШ доллари сарфланадиган тўйлари ҳақидаги гаплар билан бошламоқчи эмасмиз. Гапни ОАВ ходими сифатида, миллионлаб оддий Ўзбекистон фуқаролари қилаётган ўртамиёна тўйлардан бошлаймиз.

Тўғрисини айтинг, ҳозир қўлингизда ўн минг доллар пулингиз бўлмаса, тўй бошлайсизми? Баракалла!

Ўзбекистон адлия вазирлиги берган маълумотга кўра, бир йилда уч юз минг атрофида никоҳ қайд қилинмоқда. Бу 300.000 никоҳ тўйи дегани!

Энди озгина арифметика билан шуғулланамиз: 300.000 х 10.000 = 3.000.000.000.

Демак, Ўзбекистонда фақат никоҳ тўйларига бир йилда ўртача УЧ МИЛЛИАРД АҚШ доллари сарфланаяпти экан. Келинг, буни сўмга айлантириб кўрайлик. Табиийки, «қора бозор» нархида: 3.000.000.000 х 8.000 = 24. 000.000.000.000.

Демак, юртимизда никоҳ тўйлари учун йилига ўртача ЙИГИРМА ТЎРТ триллион сўм сарфланаётган экан!

Уч юз мингта тўйдан кейин тенг ярми «чарлар» қилиб, унга икки минг доллардан сарф қилди, дейлик. Натижа салкам ИККИ ТРИЛЛИОН СЎМ.

Ўртача ЎН ТРИЛЛИОН СЎМга суннат тўйлари бўлаётган бўлсин, дейлик.

Демак, Ўзбекистонда бир йилда никоҳ тўйи, «чарлар» ва суннат тўйларига ЎТТИЗ ОЛТИ ТРИЛЛИОН СЎМ сарфланаяпти экан. Фотиҳа тўйларини, «Нон синдирди», «Сомса келди», «Либос кийди» маросимларини санамадик. «Келин салом», «Куёв салом»ларни ҳисобга ҳам қўшмадик. Бир ой Рамазонда тўйдан кўп бўладиган, бир тўйнинг пули ишлатиладиган ифторликларни бу ҳисобга қўшмадик. Қўшсак, ЭЛЛИК ТРИЛЛИОН СЎМ пулни Ўзбекистон аҳолиси фақатгина ўйин-кулгуга сарфлаётганига амин бўлардингиз.

Ана шу харажатни беш баравар камайтирсак, нима бўлади?

Ўзбекистон халқи йилига ҚИРҚ ТРИЛЛИОН СЎМ пулни ЎЗИДА сақлаб қолган бўлади. Йилига халқимиз қирқ триллион сўмга бой бўлаверади. Бу пул давлат бюджетидан олинмайди, чет элларнинг банкидан қарзга олинмайди, бировга сарғаймасдан, бор-йўғи тўйлардаги сарф-харажат ва дабдабани беш марта камайтириш билан бунга эришилади.

Энди тасаввур қилинг, Ўзбекистон халқи йилига ўша, иқтисод қилинган ҚИРҚ ТРИЛЛИОН СЎМ пулни ўз фарзандларининг билим олишларига, даволанишларига, дам олишларига сарфлашса, нима бўлади? Ўзбекистон дунёда тенги йўқ мамлакат, дунёда энг илғор давлат бўлиб кетади!

Аммо ўзбеклар ҳозирча, наҳорда ош, саҳарда ош, куни билан, туни билан тўй еяпти, ўйин-кулгу қилаяпти!

Ватандошимизнинг эътирофи

Ўзбекистон мустақил бўлгач, турли сабаблар билан Ватандан чиқиб кетган юртдошларимиз Ватанга кела бошладилар. Жидда шаҳрида истиқомат қилаётган ватандошимиз Самарқандга ташриф буюрди. Жума намозида микрофонни олиб, юртдошларимизни Ватанимиз мустақил бўлгани билан табриклади.

Бир ой ўтиб, сафари ниҳоясига етган ватандошимиз яна микрофонни сўраб олиб, шундай деди:

− Ватандошларим, мустақил бўлибсизлар, ҳур бўлибсизлар, муборак бўлсин! Аммо бир гапни айтиб кетай, сизлар яқин орада бой бўлмайсизлар! Нега? Мана, бир ойдан бери Ўзбекистонда юрибман. Ҳар куни саҳардан тўй, кундузи тўй, кечаси тўй. Минг кишилик тўйларни кўрдим. Ахир бу очиқдан-очиқ исроф, ношукурчилик-ку? Минг кишига ош берганинг билан эртага ўша минг киши «Фалончи зўр тўй берди», дея овқат емаса экан. Яна ейди. Биз ҳам тўй қиламиз. Суннат тўйларимизда ўттиз кишини чақирамиз. Никоҳ тўйларимиз каттароқ бўлади. Чунки унда икки оила қариндош бўлади. Шунинг учун никоҳ тўйларимизда қирқ киши иштирок этади. Минг кишига ош бериш Фиръавнга ўхшаб Худоликни даъво қилган сингари, ширк ва ношукурчиликдан бошқа нарса эмас. Одамларнинг ризқини сиз эмас, Аллоҳ беради.

Ўша ватандошимиз мустақилликнинг илк йилларида келган эди. Бугун келса, нималарни кўрарди? Нима дер эди?

Билмадим, балки юраги ёрилиб ўларди!

Бугунги никоҳ тўйлари

Бугун никоҳ тўйлари тўй эмас, шоу, фестиваль.

Уч йилча олдин Самарқанддаги никоҳ тўйларида дабдабабозлик ҳаддан ортиб кетаётганлиги учун вилоят ҳокими махсус йиғилиш чақириб, тўйлардан олинган суратлар, видеотасвирларни кўрсатиб, тўйларда нималар бўлаётганини таҳлил қилди. Бу йиғилиш вилоят телевидениеси орқали намойиш этилди. Унда тўйларда ниҳоятда кўп одам иштирок этаётгани, минг кишилик, ҳатто бир ярим минг кишилик тўйхоналар одамлар билан тўлаётгани, келин билан куёв тушган қимматбаҳо машиналар шаҳарда ҳаммага халақит бериб, кўчаларни бутунлай эгаллаб олиб, баланд сиреналар чалдириб, халқнинг тинчини бузаётгани, йўлда фалокат рўй беришига сабаб бўлаётганликларини, айрим ҳаддидан ошган тўйчилар мислсиз катта фейерверклар қилаётганини, бир неча миллион сўмлик тўй альбомлари, видеофильмлар қилаётганини, тўйхоналардаги шовқиннинг зўрлигидан ўтириш амримаҳол эканини айтиб ўтди. Йиғилиш сўнгида тегишли идораларнинг раҳбарларига тўйларда одам сони уч юздан ошмаслигини, келин-куёвлар минадиган машиналар сонини, тўйхонадаги овоз кучайтириш мосламаларининг баландлигини назорат қилишларини вазифа қилиб топширди. Тўйхоналарда шовқин ўлчагич асбоблар ўрнатилишини шарт қилиб қўйди.

Афсуски, ҳоким вазир бўлиб кетди-ю, ўрнига келган бирор ҳоким ўша қарорнинг натижаси билан қизиқмади ҳам. Дабдабалар эса, ундан ҳам баттар давом этмоқда.

Кошки эди, бунақа ҳаддидан ошишлар фақат пойтахтда ёки Самарқандда бўлса. Ҳамма шаҳарларда, ҳатто қишлоқларда ҳам аҳвол бундан яхши эмас.

Бугунги никоҳ тўйларида ҳар биримиз кўз кўриб, қулоқ эшитмаган антиқа ишларга гувоҳ бўлаяпмиз. Қаранг, келин билан куёвни тўйхона ташқарисидан то келин-куёв ўтирадиган «тахт»гача қуллар, ҳа-ҳа, ишонаверинг, тўрттадан қул тахтиравонда кўтариб, олиб боришмоқда! Бунақасини қадимги подшоҳлар ҳақидаги киноларда кўрар эдик. Келиннинг «қадамига гуллар сочилмоқда», ён-атрофларида оловли фавворалар отилмоқда.

Тўйга авваллари ният қилиб, машҳур ҳофизларни чақиришарди. Улар тўй эгаси кўнглидан чиқариб берган пулни олиб кетишарди. Кўпинча ўртадан тушган пулга қаноат қилишарди. Бугунги тўйларга айтилган, айтилмаган ўнлаб ҳофизу, ҳофизалар ташриф буюришмоқда. Уларнинг бахтига фонограмма деган нарса бор. Концертлар, телевидениеда чиқишлар, катта байрамлар майли эди, энди тўйларда ҳам бирорта хонанда жонли қўшиқ айтмай қўйган. Яқинда Самарқанддаги тўйга бир «жуфтлик» келди. Келин кириб келаётганда «Келибдиё-келибди» деган қўшиқни бошлаб юборишди. Ажабландим, йигитнинг ҳам, қизнинг ҳам овози худди Фаррух Зокировнинг овозига ўхшар эди. Суриштирсам, улар уялмай-нетмай, Ф.Зокировнинг фонограммасига оғиз қимирлатиб туришган экан. Юзсизликнинг ҳам чегараси бўлсин экан. Яна «фонандалар»нинг ҳар бирининг «бирров» ташрифи фалон доллар!

Ҳозир биргина Самарқанднинг ўзида «Ўзбекнаво», «Муҳаббат наволари», «Регистон наволари», «Тўй наволари» каби антиқа номдаги ўнга яқин тўйингизни артистлар билан таъминловчи ва фақат шу иш билангина бой бўлаётган фирмалар бор. Уларнинг рекламаларини кўрсангиз, ҳайратдан ёқа ушлайсиз: «Тўйингизга Юлдуз Усмоновадан тортиб, Алла Пугачёва-ю, Женефер Лопасгача, Шерали Жўраевдан тортиб, Филлип Киркоров-у, Тото Кутуниогача олиб келиб берамиз. Сизнинг пулингизга сизнинг тўйингизни бетакрор қилиб берамиз!»

Тўйларда рақс гуруҳларнинг табриклари анъана бўлиб қолди. Бу тўйчининг ихтиёридан ташқари. Тўйхона ҳисобидан дейишади, баъзилари. Аммо уларнинг ҳам хизмат ҳақи олинади. Ўша рақс табрикларининг аксариятини шайтон кўрса, шайтон бўлиб юрганидан уялиб кетарди. Бир тўйда саккиз қиз шунақа табрикка чиқди. Саккиз қиз чиқдими, саккиз сув париси чиқдими, саккиз балиқчи чиқдими, билолмадим. Уларнинг эгниларида фақатгина балиқчиларнинг тўри бор эди, холос! Тўр ҳам катта балиқларнигина тутадиган хилидан!

Тошкентга тўйга бордим. Ўшанақа раққосалар тўрт марта чиқиш қилди. Учтаси ҳиндча, биттаси лўлича. Тошкентда неча фоиз одам ҳинд, неча фоизи лўли эканини ҳисоблай олмадим...

Яқинда бир тўйга гувоҳ бўлдик. Катта бассейн атрофида ўтган тўй давомида сувда синхрон сузиш усталари бўлган қизлар «табрик» қилиб туришди. Сувдан гоҳ бошлар чиқади, гоҳ оёқлар, гоҳ ...

Нима дейсиз, тўй эгаси шунақасини яхши кўрар экан-да!

Қурилишда ғишт, цемент каби ашёларни ҳов, тепага чиқариб берадиган «кўтарма кран»да тўйхонага «туширилган» келин-куёвни кўрганмисиз? Ана шу келин-куёвлар бизга ўн икки қаватли уйнинг баландлигидан юз дона чиннигул отишди. Пастдагилар эса улар тарафга қарата юзта мушак отишди. Шунақа қилишса, юз йил бахтли умр кўришармиш. Кўришсин, аммо техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилишни ҳам унутишмасин!

Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёевнинг нутқидан – Тошкентда «Келин навкар» чиққанини ҳам эшитдик. «Олдин куёв навкарлар бўларди, энди бунақаси ҳам чиқибди. Келин 10 нафарча дугоналарини бир хил кийинтириб, келин навкар бўлар экан», деди президент. Шу йиғилишда давлат раҳбари тўйларни ортиқча ҳашамларсиз ўтказиш учун бош вазир А.Арипов ва бош вазир ўринбосари Т.Норбоевага тегишли қарор лойиҳасини тайёрлаш бўйича вазифа ҳам топширди.

Аммо у йиғилиш ўтганига анча бўлди...

Тўй бизнеси

Бугун тўй Ўзбекистонда энг зўр бизнесга айланди. Тўйни бугун тўй эгалари, келин ё куёв ёки, қадимдагидек, совчилар белгилашмайди. Тўйни, унинг кунини, тартибини, ундаги сарф-харажатларни тўйни ташкил этувчилар белгилайди. «Йўқ, мен ўзим ҳал қиламан!» деб борган мардлар ҳам тўйхонага боргач, қандай қилиб уларнинг домига илинганини билмай қолади.

− Акажон, ҳаммасини бизга қўйиб беринг, тўйингизни бир умр эсда қоладиган қилиб ўтказиб берамиз, хурсанд бўласиз! – дейди улар. – Тўйга иккита карнайчи, иккита сурнайчи, ноғорачи, доирачи чақирамиз. Тўйхона ташқарисидан то келин-куёвнинг тахтигача гуллардан пояндоз тўшаймиз. Тўйни видеофильм қилиб берамиз. Бор-йўғи минг долларга тушадиган бу фильм бир умрга эсдалик бўлиб қолади. Келиннинг бўянишидан бошланадиган бу фильм унинг ётоғига куёвнинг кириб келиши, келинни тўшакка ётқизиши билан ниҳоясига етади. Фильмда сиз, ота-оналарни ҳам кўрсатамиз. Сизлар ҳовлида «Ҳаммаси яхши ўтсин!» деб дуо қилиб юрган бўласизлар. Беш юз долларгинага шундай фотоальбом қилиб берамизки, кўрган дўсту-душманингиз ҳасаддан куйиб ўлади. Унинг биринчи бетига янгам билан тушган сизнинг суратингизни қўямиз. Минг кишига мана бунақа тўрт хил, истасангиз, беш хил таомлар тортамиз. Охирида йогурт ва музқаймоқ ҳам берамиз. Меҳмонларингиз маза қилиб еб-ичиб, яйраб, сизни мақтаб кетишади.

− Йўқ, мен камроқ одамга, камчиқим қилиб, тўй қилмоқчи эдим, − дейсиз.

Аммо тўй ташкилотчилари «қитиқ патингиз»га тегишади.

− Яхши, унақа вариантимиз ҳам бор, аммо нариги ҳафта қўшнингиз (маҳалладошингиз, ҳамкасбингиз, ...) Фалончи минг кишилик тўйни бизда худди мана шундай қилиб ўтказди. Ана, ҳамманинг оғзида ўша тўйнинг таърифи-да, акажон.

Ана шунда «ўзбекона ориятингиз» қўзийди-да.

− Менинг Фалончидан кам жойим борми? – дейсиз. – Нима қилсанг, қил, Фалончиникидан зўр бўлсин!

− Э, яшанг! – дейди ташкилотчи ўзини сизга яқин олиб. – Бу томонини бизга қўйиб беринг! Тошкентдан зўр артистларни чақирамиз. Раққосаларнинг «ёндираман» дейдиганларини чақирамиз. Тўйхонани энди очилган атиргуллар билан, замонавий шарлар билан безатамиз. Фейерверкнинг зўри сизнинг тўйингизда бўлади. Келин-куёвга шунқанги кортеж юборамиз-ки, ҳали бунақаси шаҳарда бўлмаган. Келинга янги чиққан кўйлак бор, унга қадалган мунчоқнинг ўзи нақд етти кило. Исроилдан олиб келганмиз. Бир кеча кийиши бор-йўғи минг доллар бўлади. Сизнинг тўйингизга антиқа таклифномаларни тавсия қиламан. Донаси бор-йўғи эллик минг сўм турадиган бу таклифномаларни меҳмонларингиз узоқ йиллар эсдалик сифатида сақлаб қўйишади.

Уёғи нималар бўлишини тасаввур қилаётгандирсиз?

Яқинда ана шундай тўй ташкилотчиларининг бири билан суҳбатлашиб қолдим. Минг кишилик тўйхона қурган бу йигит ярим миллион долларга тўйларда келин-куёвлар минадиган машиналар сотиб олганини айтди. Битта узун қора машинасининг ўзи юз минг доллардан ортиқ турар экан. Бу машинани бир соат «катайса» қилиш куёвга икки минг долларга тушаркан. «Тинчлик бўлиб турса, ярим йилда харажатим қопланади», дейди.

Ишқилиб, тинчлик бўлсин! «Тинчлик бўлса», бу йигит машиналарнинг ўзидан бир йилда бир миллион доллар (Олтмиш миллиард сўм) топар экан-да! Бахтингга шу машиналарингга минадиган аҳмоқлар бор экан, қандингни ур!

Яна бир хизмат йўлга қўйилди: келин-куёвларга, энди уларнинг ота-оналарига ҳам тўйда вальс тушишни ўргатишаяпти. Бор-йўғи юз доллар эвазига! Ана, ҳунари ўтмай қолган раққосаларга ҳам бу бизнесда иш топилди.

Самарқандда янгича савдо нуқталари очилган. Уларда кечаси, тўйдан кейин то куёвнинг уйигача ёқиб бориладиган юрак шаклидаги катта-катта машъалалар сотилади. Пиротехника воситалари, мушаклар сотилади. Уларни сотиб олган куёв ва куёвнавкарлар тунги соат бир-иккиларда ўша машъалаларни ёқиб, мушакларни отиб, айни эл ухлайдиган соатларда маҳалла аҳлининг, кексаларнинг тинчини бузиб, ўзларича шўхлик, аслида, қип-қизил жинниликлар қилишади. Уларнинг тунги соат иккида бақириб айтган алмойи-алжойи «Ёр-ёр»ларидан ўша соатда эндигина ором олаётган беморлар, оғир хасталик билан курашиб ётганлар қанчалик безовта бўлишини, озор топишини хаёлларига ҳам келтирмайдилар.

Энди айтинг, тўй бизнесичалик жадал ривожланаётган, ютқизмайдиган, ўтган йилгидан кам даромад қилмайдиган бирор соҳа борми? Йўқ! На қишлоқ хўжалиги, на саноат, бирор соҳа, ақалли савдо, тижорат соҳаси ҳам бунчалик ривожланмайди. Ана шунинг учун ҳам бу бизнеснинг бошида кичик одамлар тургани йўқ. Ақлли, қўли узун, пулдор, ўзбекларнинг психологиясини яхши билган одамлар бу соҳани монополистик индустрияга айлантириб олишди!

Тўйдан кейин

Яширмасдан, тан олиб айтинг, «Отдан қолма, эшагим», деб, «Эл қатори тўй қиламан», деб, «Фалончиникидан кам қилмайман», деб бир кунлик тўйни дабдаба билан ўтказиб, тўйдан бир ой ўтиб ё ўтмасдан куёв ҳам, баъзан куёвнинг отаси ҳам бўйнига илинган миллионлаб қарзини тўлаш учун пул топиб келиш мақсадида Россияга кетаётганини кўрмаяпсизми?

Мен кўраяпман, эшитаяпман. Бизга келаётган юзлаб мактубларда ана шундай оилалар бузилиб кетаётгани афсус ва надоматлар билан баён этилмоқда. Уйда қолиб, бир ойгина келинлик гаштини сурган келин эрини йиллар давомида қайтиб кўрмаса, устига қайнона, қайинсингилларнинг фитнаси билан юзма-юз қолса, ким кафолат беради, унинг остона ҳатлаб, кўчага чиқмаслигига? «Келин бўлиб нима кўрдинг? Ёшлигинг ўтиб кетаяпти, кел, ўйнаб қол, яйраб қол!» деб имлаётганларнинг даъватига «кўниб қўймаслиги»га?

Адлия вазирлигидан олган маълумотимизга кўра, йилига ўртача ўттиз минг никоҳ бекор қилинаяпти экан. Бу ҳар ўнта оиладан биттаси барбод бўлаяпти, дегани! Биз юқорида таърифлаган дабдабали тўйларнинг ЎН ФОИЗИ бекор бўлаяпти, уларга сарфланган миллиардлар ҳавога учиб кетаяпти, дегани!

Охирги олган маълумотимиз ундан ҳам хавотирли: ҳар уч никоҳдан бири, яъни 30 фоиз никоҳ бузилаяпти экан!

Бузилаётган никоҳларнинг акасариятига куёвларнинг бўйнига тўйда илинган қарз сабаб бўлмоқда.

Пайғамбаримизни тўйига айтмаган саҳоба

Бир саҳоба ёнларидан ўтиб кетаётганида ундан келаётган хушбўй ҳидни сезган Пайғамбар алайҳиссалом уни тўхтатдилар.

− Сендан хушбўй ҳид келаяпти, уйландингми? – деб сўрадилар.

− Ҳа, Расулуллоҳ (сав), уйландим, − деди саҳоба.

− Зиёфат қилмадингми? – сўрадилар Расулуллоҳ (сав).

− Қилдим, − деди саҳоба. – Кичикроқ зиёфат қилиб, энг яқин қариндошларимизни чақирдик.

Англаяпсизми? Пайғамбаримиз (сав) билан бир вақтда, бир шаҳарда яшаган, у зот (сав)га эргашган саҳоба уйланибди-ю, яқинларини чақириб, зиёфат, қилибди-ю, Пайғамбаримиз (сав)ни тўйга айтмабди!

Биз-чи? Ўзини мусулмон санаб, Пайғамбар (сав) умматиман, деб юрганлар-чи? Яқинларимиз қолиб, шаҳарнинг, вилоятнинг энг кўзга кўринган казо-казолари, оғзи полвонларини чақириб, тўй қиламиз. Ўз ҳудудининг биринчи раҳбарлари келмагунча бошланмай турган тўйларни, вақти ўтиб кетган ифторликларни кўрмадикми? «Фалончи Писмадоночиевич келмасалар, келин машинадан тушмас экан», деган гапларни эшитмадикми?

Бой мамлакатларнинг тўйларида

Арабларнинг тўйида иштирок этдик. Биздаги асъаса-ю, васвасани кўрмадик. 30-40 киши келин-куёвни табриклашди, ширинлик еб, сув ичиб, ёшларнинг ҳақига дуо қилишди. Куёв келинни ўз уйига олиб кетди. Биз, Ўзбекистондан борганлар тўй қизишини, арабларнинг Озодбеги келишини, тўрт-беш хил таомлар келишини кутиб ўтиргандик, тўй тугагани айтишди.

Истанбулда тўйда қатнашдик. Ўттизтача киши ташриф буюрган тўйда битта каттароқ торт ва шарбатлар бор эди, холос. Келин-куёвни табриклаган меҳмонлар бир бўлакдан торт еб, бир финжондан шарбат ичиб, кетавердилар. Истаганлар келин-куёв билан суратга тушди. Бойнинг тўйи бўлгани учун Иброҳим Татлисас, Мустафо Сандал, Сардар Ўртач, Таркан деганларининг ҳаммаси «бирров»га келса керак, деб умид қилгандим. Магнитофондан тўртта мусиқа янгради, холос!

Хитойда яшаётган диндошларимизнинг тўйи каттароқ бўлди. Эллик кишига дастурхон тузалди. Ҳаммага бир косадан лағмон тортилди. Шундан кейин келин-куёвнинг ҳақига дуо қилинди.

Нима қилмоқ керак?

Тўй қилишдан мақсад нима эди?

Икки ёшнинг никоҳини билдириш эди. Буни икки оила ва уларнинг энг яқин қариндошларига билдириш етарли. Бутун дунёга жар солиш шарт эмас! Минг кишини йиғиб, ўзини, бойлигини, қўли узунлигини кўз-кўз қилишнинг асло ҳожати йўқ!

Биз барча юртдошларимиз мушоҳада қилиб кўришлари учун қуйидаги тавсияларни тақдим этамиз:

  1. Тўйлар оилавий байрам бўлсин, унга оиланинг энг яқин қариндошларигина таклиф этилсин;
  2. Тўйларга юз кишидан ортиқ одам чақирилмасин;
  3. Минг, икки минг кишилик тўйхона қурганларнинг кошоналари давлат ихтиёрига сотиб олиниб, улар музей, кутубхона, ўқув марказларига айлантирилсин;
  4. Тўйларда БИТТА санъаткор РАҚҚОСАЛАРСИЗ хизмат қилсин;
  5. Тўйларда бир хил таом берилсин;
  6. Тўйларда ароқ қўйилмасин;
  7. Тўйлар бир соатдан ортиқ чўзилмасин!

Буни ким қилади?

Бу тавсиялар кўп берилди, айтилди, ёзилди, кўрсатувлар қилинди, катта йиғилишлар қилинди ва ҳоказо. Демак, айтган билан, ёзган билан бўлмас экан. Бу муаммони йиғилишда ҳал қилиб бўлмас экан.

Демак, юқоридаги тавсияларни давлат қонун билан тасдиқлашига, шу талаблар бажарилишини назорат қилишига, бу талабларни бажармаганларни жазолашига эришмоғимиз керак!

Бунинг учун ҳар сафар бундай мақолани ўқиганда, «Тўғри ёзибди, раҳмат!» дейдиган, эшиттиришни эшитганда, кўрсатувни кўрганда «Баракалла, отангга раҳмат!» дейдиган миллионлаб одамлар, яъни халқимиз ана шу нарсани давлат раҳбарларидан, қонун қабул қилувчи парламентдан талаб қилиши керак.

Мен шу масалада, керак бўлса, умумхалқ РЕФЕРЕНДУМини ўтказишга чақираман!

Ҳозир менинг талабларим кўпчиликка кулгули туюлаётгандир, балки хомхаёл, амалга ошириб бўлмаётган иш туюлаётгандир, аммо, билиб қўйинг, «ХАЛҚ КУЧДИР, ХАЛҚ ДЕНГИЗДИР»! Халқ бирлашиб, биз кўзлаётган мақсадга эришсак, Ўзбек халқининг келажаги, ёш авлод келажаги учун энг буюк хизматни қилган бўламиз!

Мен ХАЛҚни шунга даъват қиламан!

Азиз юртдошларим! Ўз фарзандларимиз келажаги учун шу ишни қилайлик! Бир кунлик тўй учун сарфлаб юбораётган миллионлаб маблағимизни уларни БУЮК қилиш учун сарфлаш мақсадида тўйларни ОИЛАВИЙ БАЙРАМ даражасига олиб келайлик! Унда фақат икки оила вакилларигина иштирок этишига эришайлик!

Ана шунда биз бой бўламиз! Ўзбекистон бой бўлади!

Фарзандларимиз яна дунёни лол қиладиган фарзандлар бўлади!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг