Тожикистон қамоқхонасида навбатдаги исён. Уч назоратчи ва 29 маҳбус ҳалок бўлди
Кеча, 19 май куни Душанбе шаҳридан 15 километр узоқликда жойлашган Вахдат шаҳридаги қаттиқ тартибдаги колонияда юз берган исён оқибатида уч нафар қўриқчи ва 29 нафар маҳбус ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тожикистон адлия вазири ўринбосари, Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Мансуржон Умаров «РИА Новости»га маълум қилган.
«Исён давомида колониянинг уч нафар назоратчиси ва 29 нафар маҳбус ҳалок бўлди. Уларнинг саккиз нафари маҳбусларнинг ўзи томонидан ўлдирилган», — деган у.
Тожикистон Адлия вазирлиги хабар беришича, 19 май куни соат 20:30да Жиноий жазоларни ижро этиш бош бошқармасига қарашли, Вахдат шаҳридаги 3/2-сонли ахлоқ тузатиш колониясида 30 нафар ўта хавфли маҳбус пичоқ ва тиғли буюмлар билан қуролланиб, колониянинг 3 нафар ходимини гаровга олишган ва уларни ўлдиришган. Сўнги улар қамоқхонадан қочишга уринишган.
Ушбу колония Тожикистон Адлия вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси тасарруфига киради, унда қарийб 1500 маҳбус сақланади.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг ноябрида Тожикистон шимолидаги Хўжанд шаҳрида жойлашган 3-сонли қаттиқ тартибдаги ахлоқ-тузатиш колониясида кўтарилган исён оқибатида 21 маҳбус ва икки нозир ҳалок бўлганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter