Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Тоғ уруши» ва Македонский қурган шаҳар. Зомин тарихига бир назар

«Тоғ уруши» ва Македонский қурган шаҳар. Зомин тарихига бир назар

Ҳамма билса керак, Александр Македонскийнинг Ўрта Осиёга қилган юриши тарихчилар томонидан «Тоғ уруши» деб номланади. Қандайдир қисқа муддатда Эронни забт этган буюк истилочи Бақтрия ва Сўғдиёнани ҳам дарҳол босиб олиш учун келади, аммо кўп йўқотишларга учраб, икки йил қолиб кетади.

Зоминга келсангиз, Македонский нима учун қийналганини тушунасиз. Бу тоғларни забт этиш осон эканми?..

Куни кеча Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорликда ОАВ учун Зомин туманига инфотур ташкил қилди. Xabar.uz ахборот таҳлилий портали ушбу турда иштирок этди.

Зомин тоғларига келсангиз, илк эътибор қилганингиз — унинг беҳад тоза ҳавоси бўлади. Асрларни кўрган арчалар орасида олинган ҳар бир нафас сизга янги энергия бераётганини ҳис қиласиз.

Яна бир эътибор қилишга арзийдиган ҳолат, кўчалар тоза, ҳар ерда сочилиб ётадиган пластик идишлар ва турфа пакетлардан иборат чиқиндиларни жуда кам кўрасиз. Балки бунга йўл бўйлаб қўйилган мана бундай эълонлар ҳам сабабчидир.

Юртимизда туризмни ривожлантириш учун охирги йилларда кўп ишлар қилинди. Алоҳида эътироф этмасак бўлмас, ички туризм ҳам шунга монанд аста-секин оммалашмоқда. Яққол мисол — Зомин. Бу ерда исталган вилоятга тегишли енгил машинага кўзингиз тушади. Биз сафаримиз давомида яқин вилоятлар тугул Қорақалпоғистон ва Хоразмдан келган зиёратчиларни ҳам кўрдик.

Умуман олганда, Зомин тарихи чуқур ўрганишни талаб қиладиган ҳудудлардан. Гарчи туман тарихи ҳақида маълумотлар учраб турса-да, тадқиқ қиладиган жиҳатлари ҳали жуда кўп. Масалан, машҳур археологлар — франциялик Клод Рапэн ва россиялик Павел Лурьеларнинг ишонишича, Александр Македонский қурдирган Александрия Эсхата шаҳри айнан Зоминда жойлашган.

«Тадқиқотчилар анъанавий тарзда Александрия Эсхата (Узоқдаги Александрия) шаҳри Сирдарё бўйида, Хўжандда бўлган, деб келди. Аммо филолог ва археолог Павел Лурье томонидан ўрта аср манбалари ўрганилиб, маълум қилинишича, Зомин шаҳри яқинида Салсанда Булис (Salsanda Bulīs) деб номланадиган жой бўлган. Бу эса «Александрополис» атамасига яққол ишорадан иборат. Демак, айнан шу ерда, Самарқанддан бор йўғи 150 километр узоқликда Александрия Эсхата шаҳри бўлган. Бу шаҳар Уструшона ёки «ички Скифия» деб аталувчи ҳудуднинг пойтахти бўлган.

Птоломей берган маълумотларга кўра ҳам Александрия Эсхата шаҳри Сирдарё бўйида эмас, балки дарёдан бирмунча узоқроқда жойлашган эди. Арриан эса ўз навбатида Мароқанд (Самарқанд) ва Эсхата ўртасидаги масофа 270 км бўлганини таъкидлайди. Шу билан биргаликда Арриан ҳам, Квинт Курций Руф ҳам Македонский бу масофани уч ёки тўрт кунда босиб ўтганини таъкидлайди. Аслини олганда, Самарқанддан чиққан одам уч кун йўл юрган тақдирда айнан Зоминга етиб олгулик масофага келиши мумкин», — дейди Клод Рапэн.

Яхши биламиз, икки йил муқаддам Сурхондарё вилоятидаги Кампиртепа манзилгоҳи ўрнида Александрия Оксиана топилгани расман маълум қилинган эди. Клод Рапэннинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳудудида бир эмас, иккита Александрия шаҳри бўлиши мумкин.

«Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда катта эҳтимол билан иккита Александрия бўлган: бири Сўғдиёнада, Шерободда (Оксиана), иккинчиси эса «Ички Скифия»да, Зомин ҳудудида (Эсхата, ёки узоқдаги Александрия)», дейди ўз интервьюсида машҳур археолог.

Ўзбекистон тарихи жуда бой ва ҳали очилмаган жиҳатлари қанчадан-қанча. Масалан, Клод Рапэн Александрия Эсхата Зоминда жойлашганига ишонади, аммо айнан қаерда бўлганини ҳали аниқлаш кераклигини таъкидлайди. «Ҳозирча биз Зомин яқинидаги айнан қайси шаҳарча Александрия Эсхатага мос келишини билмаймиз», — деган франциялик тадқиқотчи.

Демак, ишлаш керак, қидириш лозим. Масалан, Зомин шаҳарчаси марказида «Қўрғонтепа» номи билан машҳур ёдгорлик бор. Бу ерда кўҳна Зомин шаҳри ўрдаси қолдиғи кўмилган ва унинг тарихи эрамиздан аввалги даврга бориб тақалади. Ҳозир Қўрғонтепа устида иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ватандошларимизга бағишланган ёдгорлик ўрнатилган. Балки мана шу тепаликни қайта ўрганиб чиқиш керакдир? Машҳур археолог Эдвард Ртвеладзе ҳам Кампиртепа ўрнида Александрия Оксиана жойлашганини аниқлаш учун ўн йиллаб вақтини сарфлаган.

Хуллас, шунақа гаплар. Инфотурдан олинган таассуротлар жуда катта. Халқимизда «юрган дарё, ўтирган бўйра», деган нақл бор. Яъни, ота боболаримиз айтмоқчи бўлганки, юрган одам дарё сингари кўпдан-кўп нарсаларни кўради, ўтирган одам эса бўйра каби фақат ён-веридагиларга назари тушиши мумкин.

Бўйра бўлманг, дарё бўлинг. Юринг!

Зафар ҚОСИМОВ
Тошкент - Зомин

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг