Тириклайин кўмилган маҳрам
Жаллодлардан бири салом берганича Раҳмонберган маҳрамга пешвоз чиқди. Иккинчи жаллод эса отнинг жиловини тортиб, ҳайрат ила боқаётган маҳрамга деди:
– Тақсир, отдан тушсангиз, хон ҳазратларининг фармоний олийсини бажаришга келдик.
Маҳрам сарой аъёни эмасми, ҳар иккала хон жаллодини яқиндан танир, бироқ бир кун келиб айнан ўзининг ҳаёти улар қўлида якун топажагини ўйлаб ҳам кўрмаган эди...
Раҳмонберган маҳрам Хива хонлигидаги энг обрўли давлат амалдори бўлиб, бош вазир Исломхўжанинг ёрдамчиси ҳисобланар, ХХ аср бошларида Хива хонлигида ўтказилган ислоҳотларнинг бунёдкорларидан эди.
Унга Хоразмда фақат Исфандиёрхон (1910–1918 йилларда хон бўлган) ва бош вазир Исломхўжа (1872–1913 йилларда яшаган) буйруқ бера оларди.
Хонликдаги ана шундай энг обрўли маҳрам бугун хон жаллодлари олдида индамай турарди. Табиийки, маҳрам жаллодларнинг хон топшириғини бажаришини билар, бироқ хон уни ўлимга ҳукм қилади, деб сира ўйлаб кўрмаган эди.
– Сизни Исфандиёрхон ҳазратлари тириклайин кўмишга амр этдилар, тушинг отдан! – деди дароз жаллод хаёл суриб қолган маҳрамга.
Раҳмонберган отдан тушди:
– Хон Аллоҳнинг ердаги соясидир. Пешонасига Аллоҳ ҳукмдорликни ёзгангина хон бўла олади. Агарки хонимиз шундай дебдими, Исфандиёрхоннинг амри вожибдир, – деди маҳрам.
Маҳрамнинг оти эса эгаси тушганиданоқ Ичан қаъладаги Ота дарвоза томон чопқиллаб кетди.
Айни кузнинг сокин тонг маҳалида Ичан қалъада жимжитлик эди.
Дўсти Юсуф печкачиникидан саҳарлик қилиб келаётган маҳрам эгнидан зарбоф тўнини ечиб, чўнтакларидан тиллаларини олди-да, жаллодларга берди.
– Бошлангиз, қаерга борурмиз? – деб сўради маҳрам.
Раҳмонбергандан зарбоф тўн ва бир ҳовуч тилла олган жаллодлар:
– Қочмоқчи бўлсангиз, шошилинг. Ҳали тонг маҳали, ҳеч ким йўқ. Биз сизни тополмадик, деб қўя қоламиз, – дедилар.
– Ёлғон сўзламак, хон фармонидан қочмоқ гуноҳдир. Пешонамга ёзилган Аллоҳ ҳукмидан қочиб қаерга борурман?! Йўл бошланг, ҳукмни ижро этинглар, – деди исломий эътиқодли маҳрам жаллодларга.
– Уйдагилар билан хайрлашсангиз бўлармиди,– дея жаллодлардан бири маҳрамга сўнгги имкониятни берди.
– Йўқ, фақат намоз ўқиб олай, – Раҳмонберганнинг жавоби шу бўлди.
Шу тарзда Ичан Қалъадаги Қўша дарвозанинг чап томонида тайёрлаб қўйилган хандақ ёнига келдилар. Намозини ўқиб бўлган маҳрам юзига фотиҳа тортиб, аста ҳандаққа тушди-да, қибла томонга қараб бошини тиззалари орасига олиб, ўрнашиб ўтирди.
Жаллодлар белкурак билан тупроқ ташлай бошладилар...
Шу тариқа 1913 йилнинг сентябрь ойида Хива хони маҳрами Раҳмонберган Исфандиёрхон фармонига кўра тириклайин ерга кўмилди.
Хўш, нега шундай бўлди?
Хива хонлиги бош вазири Исломхўжа Хоразм тарихида буюк ислоҳотчи сифатида ном қолдирган. У ўз ёрдамчиси Раҳмонберган маҳрам билан ХХ асрнинг бошларида кўплаб бунёдкорлик ишларини амалга оширган.
Ичан Қалъанинг шимолий томонидаги вайрона ерларнинг обод қилиниши, Россия билан алоқалар яхшиланиб, Хивада почта ва телеграф биноси, 1912 йилда эса замонавий рус тиббиётчилари ишлайдиган шифохона қурилишига ҳам айнан Раҳмонберган маҳрам бошчилик қилганди.
У устози Исломхўжа билан 1911–1913 йилларда Нуриллабой боғидаги оврўпача шаклдаги сарой қурилишида ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Ўша вақтдаги Москва шаҳри губернатори Н.И.Гучков билан Исломхўжа ва Раҳмонберган маҳрам маслаҳатлашиб, рус архитектори А.М.Роопни Хивага чақиртирди.
Шунингдек, Волгабўйидан чақиртирилган Мусо Сабанович Янгиўрозов хонликда биринчи марта электр чироғини айнан юқоридаги Нуриллабойдаги саройга ўрнатганди.
Шу каби ўша давр учун замонавий иншоотлар барпо этаётган, қолаверса, 1910 йилда хон тасдиқлаган 10 бандлик ислоҳот дастурини ҳаётга татбиқ қилаётган Исломхўжа билан Раҳмонберган маҳрамнинг Хоразмда обрўси ғоят баланд эди. Улар ислоҳот дастурига кўра, хонликка темир йўл келтириш, ёп ва каналлар қазиш, уларга темир кўприклар ўрнатиш, солиқларни камайтириш каби ишларни ҳам эндигина бошлаганди.
Аммо 1913 йил 9 августда Исломхўжанинг ўлдирилиши, сентябрь ойида эса Раҳмонберган маҳрамнинг...тириклай ерга кўмилиши билан хонликда ислоҳотлар тўхтаб қолди.
Ғоятда хушсурат, илму маърифатли, рус тилини биладиган Раҳмонберганни ҳасадгўй Матвафо Баққолов, Ашур маҳрам, Ҳусайнбек, Шийхназарбой каби сарой аъёнлари хонга ёмонлагандилар. Улар Исфандиёрхонга «маҳрам руслар билан тил бириктирган кофир, оқ подшоҳга яхши кўриниб, Исломхўжа билан тахтингизга эгалламоқчи» деб иғво қилгандилар.
Қолаверса, 1913 йил 9 августида саройдаги гуруҳбозлар, чор жандармериясининг фитна қурбони бўлган Исломхўжанинг ўлимидан сўнг Матвафо Баққоловларнинг навбатдаги қурбони Раҳмонберган маҳрам бўлди. Бу пайтда Исфандиёрхон гуруҳбозлар таъсирига тушиб қолган эди.
Гарчи ғийбатчилар маҳрамни тириклайин ерга кўмдирган бўлсалар-да, Раҳмонберган Хивада қурилишига бошчилик қилган шифохона, почта-телеграф биноси, Нуриллабой саройи каби ёдгорликлар ер юзида боқийдир.
Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter