Тест синовлари натижасидан норози абитуриентлар апелляция шикоятини бериш муддати маълум бўлди
Бу ҳақда ДТМ Ахборот хизмати маълум қилди. Қонунчиликка кўра, тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар апелляция комиссиясига апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга.
Тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар 27 сентябрдан шахсий кабинетлари (abitur.dtm.uz сайти) орқали апелляция шикояти беришлари мумкин.
Апелляция шикоятларини кўриб чиқиш апелляция комиссияси томонидан 2020 йил 28 сентябрдан бошланади.
Апелляция шикоятини берган абитуриентларга уни кўриб чиқиш санаси ва вақти кўрсатилган хабарнома берилади. Абитуриент хабарномада белгиланган вақтда ўзининг паспорти ва абитуриент рухсатномаси билан Давлат тест марказига келиши шарт.
Апелляция шикояти кўрилаётган абитуриентга унинг жавоблар варақаси нусхаси, тест топшириқлари нотўғри бажарилган жавоблар рўйхати ҳамда тест синовларида абитуриентга тақдим этилган тест топшириқлари китоби берилади.
Тақдим этилган ҳужжатлар асосида абитуриент ўзининг ҳар бир нотўғри деб ҳисобланган тест топшириғига жавобларини ёзма равишда баён қилади ва қабул қилиб олган барча тест материаллари билан бирга апелляция комиссиясига тақдим этади.
Апелляция шикояти апелляция комиссияси томонидан фақат абитуриент иштирокида, унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади.
Абитуриентнинг ёзма жавоблари ўз тасдиғини топмаган бўлса, апелляция комиссияси тест синовлари натижаларини ўзгаришсиз қолдириш ва апелляция шикоятини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Абитуриент мурожаат қилганда унга апелляция шикояти бўйича қабул қилинган қарордан кўчирма берилади.
Абитуриентнинг жавоблар варақаси, тест топшириқлари китоби Давлат тест марказига белгиланган тартибда етказилмаган, йиртилган бўлса, шунингдек, тест синовларидан четлаштирилган ёки ўзининг жавобларини ёзма равишда баён қилмаган абитуриентнинг апелляция шикояти кўриб чиқилмайди.
Апелляция комиссиясининг қарори бўйича маълумот Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига апелляция шикоятларини кўриб чиқиш тўлиқ якунланганидан сўнг, беш иш куни ичида тақдим этилади.
Апелляция комиссиясининг қарори Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқлангандан сўнг кучга киради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter