Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Миллионга яқин абитуриентнинг шахсий маълумотлари «пулланган» бўлиши мумкин

Миллионга яқин абитуриентнинг шахсий маълумотлари «пулланган» бўлиши мумкин

Телефон рақамимга бир нечта хусусий университетлардан «ўқишга кирдингиз» деган СМС хабарлар келмоқда. Хабарда ҳаттоки исмимни ҳам ёзишган. Бундай хабарларни сиз ҳам олган бўлсангиз керак, деб ёзмоқда ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев.

У барча хабарлар my.uzbmb.uz сайтидан абитуриент сифатида рўйхатдан ўтган рақамига келаётганига урғу берган.

«Демак, менинг телефон рақамим ва бошқа шахсий маълумотларим учинчи шахслар қўлига бориб тушган. Бўлиб ҳам битта университетда эмас, бир нечтасида бундай маълумот бор. Вазият жиддий ва қўрқинчли.

Эътиборли жиҳати, бундай хабарлар фақат жорий йилдан келишни бошлагани йўқ. Аввалги йилларда ҳам келган, лекин ҳеч ким бунга қизиқмаган ва чора кўрмаган», дейди блогер.

Хушнудбек Худойбердиев ўзининг икки тахминини билдиради:

1) Ёки уддабурон хакерлар UzBMB сайтини бузиб киришган ва абитуриентларнинг шахсий маълумотларини ўзлаштиришган ҳамда уни кўчада пулламоқда;

2) Ёки сайт бузилмаган, аммо UzBMBдаги қайсидир ходимларнинг ўзи абитуриентларнинг шахсий маълумотларини кўчада пулламоқда.

«Шахсан мен 1-вариантга унча ишонмайман, 2-вариант ҳақиқатга яқинроқ. Иккаласидан қайси бири бўлишидан қатъи назар, киберхавфсизликка масъул органлар албатта буни ўрганиши шарт. Ахир давлат ташкилотининг базасидан шахсий маълумотлар сизиб чиқиши ҳазил нарса эмас.

Менинг ўзим тегишли органларга номимдан расман ариза ҳам юбориб қўяман, албатта. Бунинг тагига етишимиз керак», қайд этади у.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг