Термиз собиқ ҳокими ва унинг шерикларига ҳукм ўқилди
Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими 11 йил муддатга қамалди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Бугун жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида И. Худайбердиев (1981 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган, Термиз шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган) ва бошқалар (жами 18 нафар судланувчи) га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.
Эълон қилинган ҳукмга кўра И. Худайбердиев Жиноят кодекснинг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 1-қисми, 2-қисми «а» банди, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми «а» банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми, 2-қисми «а» банди, 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми «а» банди, 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми «а», «б» бандлари ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга ўташ учун узил-кесил 2 йил 6 ой муддатга давлат ташкилотларида мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўтаттирилиш белгиланди.
Қолган 17 нафар судланувчи Жиноят кодексининг 25,167, 167, 168, 184, 28,205, 205, 206, 28,209, 209 ва 229-4-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга тегишлилиги бўйича жарима, 1 йил 9 ой 15 кундан 2 йил 3 ойгача ахлоқ тузатиш ишлари ва 3 йил 6 ойдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.
Ушбу ҳукмдан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Сурхондарё вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади, дейилади Олий суд хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter