«Терминал» филми бош қаҳрамонининг прототипи аэропортда вафот этди
Париждаги Шарл-де-Голл аэропортида эронлик қочқин Меҳрон Каримий Носирий вафот этди. У Стивен Спилберг суратга олган «Терминал» (2004) филмидаги бош қаҳрамон (Том Ҳэнкс ўйнаган) прототипи ҳисобланади.
Франция пойтахти бош аэропорти маъмурияти кеча, шанба куни ўзининг ғайриихтиёрий мижози оламдан ўтганини тасдиқлади. Носирий сўнгги бир неча ҳафтадан буён аэропортнинг 2F терминалида яшаб келган. Аэропорт ходимлари уни «Сэр Алфред», деб чақиришган.
Носирий, «Терминал»даги бош қаҳрамондан фарқли равишда, ташқи дунёдан бутунлай узилмаганди: Францияда яшаш ҳуқуқи ва қочоқ мақомига эгалиги боис аэропортни бемалол тарк этса бўларди. Филм чиққанидан сўнг муаллифлардан келиб тушган пуллар тирикчилигига бемалол етган. Премьерадан сўнг «Сэр Алфред» 250 минг доллар қалам ҳақи олган.
Қолаверса, аэропорт ходимлари унга доим яхши муносабатда бўлишган, қўлларидан келгунича ёрдам кўрсатишган. Носирий аэропортни тарк этмаслиги унинг руҳиятидаги бузилишлар билан боғлиқ, аллақачон ҳал бўлган ҳужжатлари бўйича муаммолар унга ҳалиям давом этаётгандек туюлаверган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter