Тошкент халқаро аэропортида янги юк терминали қурилади
Тошкентдаги халқаро аэропортда 5,2 гектар майдонга жойлашадиган йилига қарийб 120 минг тонна юк ўтказиш қувватига эга янги мажмуа қурилади. Айни пайтда қурилиши икки босқичда амалга ошириладиган юк терминалини лойиҳалаш ишлари якунланган.
Маълум қилинишича, биринчи босқичда жорий йил охирига қадар умумий майдони 8 минг кв.м бўлган янги юк терминали, жумладан, маълум бир ҳарорат режимини сақлашни талаб қиладиган юклар учун 500 кв.м майдонда музлаткич камералари фойдаланишга топширилади. Шунингдек, импорт/экспорт қилувчи компаниялар ходимлари ва вакиллари учун майдони 3 минг кв.м бўлган янги маъмурий бино қурилади.
Иккинчи босқичда эса 2025 йил охирига қадар 12 минг кв.м майдонга эга янги юк омборини қуриш ва фойдаланишга топшириш, шу жумладан умумий майдони 1 минг кв.м бўлган ҳар хил ҳарорат шароитларига эга янги замонавий совитиш ва музлатиш хоналарини қуриш режалаштирилган.
«Ҳозирда 1994-2000 йилларда қурилган юк терминали умумий майдони 3 гектарга яқин бўлган 20 га яқин эскирган кичик ва ўрта омбор ва маъмурий бинолардан иборат. Юк терминалининг ўтказиш қуввати ҳозирда йилига 30 минг тоннани ташкил этади. Бироқ, 2024 йилда тахминан 67 минг тонна юк ва почта жўнатмалари кутилмоқда. Буларнинг барчаси юк терминалини кенгайтириш ва модернизация қилиш заруратидан далолат беради.
Янги терминал замонавий ускуналар билан жиҳозланади, бу эса юкларга ишлов бериш вақтини қисқартиради ва ҳаво ташувчиларга умумеътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ сифатли хизмат кўрсатишни таъминлайди», — дея таъкидлади «Uzbekistan Airports Cargo» МЧЖ масъул ходими.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter