Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Телеграм қоидаларни бузган фойдаланувчилар маълумотларини махсус хизматларга бериши мумкин

Телеграм қоидаларни бузган фойдаланувчилар маълумотларини махсус хизматларга бериши мумкин

Телеграм қоидаларини бузган фойдаланувчиларининг IP-манзиллари ва телефон рақамлари асосли сўровларга жавобан расмий органларга берилиши мумкин, деди мессенжер асосчиси Павел Дуров ўзининг каналида.

Дуров август ойида Францияда ҳибсга олинган ва мамлакатдан чиқиб кетиш тақиқланган. Франция оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, Телеграм Дуров ҳибсга олинганидан кейин Франциядаги терговчиларнинг сўровларига жавоб бера бошлаган.

Дуров ёзганидек, мессенжер ўзининг хизмат кўрсатиш шартлари ва махфийлик сиёсатини янгилаб, «бутун дунё бўйлаб уларнинг бир хиллигини таъминлади».

«Биз қоидаларимизни бузганларнинг IP манзиллари ва телефон рақамлари қонуний талабларга жавобан тегишли органларга ошкор этилиши мумкинлигини аниқ айтдик», деди Дуров.

У Телеграмнинг қидирув функциясидан айрим шахслар хизмат кўрсатиш шартларини бузган ҳолда ноқонуний товарларни сотиш учун фойдаланаётганини тан олди. Дуровнинг таъкидлашича, сўнгги бир неча ҳафта ичида «махсус модераторлар жамоаси» Телеграмда қидирувни хавфсизроқ қилиб қўйган ва барча аниқланган «муаммоли контент»га кириш имкони йўқ.

«Бу чора-тадбирлар жиноятчиларнинг олдини олиши керак. Телеграмда қидирув ноқонуний маҳсулотларни тарғиб қилиш учун эмас, балки дўстлар ва янгиликларни топиш учун мўлжалланган. Биз тажовузкорларга деярли бир миллиард фойдаланувчи учун платформамизнинг яхлитлигини хавф остига қўйишига йўл қўймаймиз», — дея хулоса қилди Телеграм асосчиси.

6 сентябрь куни Дуров ҳибсга олинганидан сўнг ўзининг биринчи постини ёзди ва Францияда ўзига қўйилган айбловларни рад этди. Унинг ёзишича, агар бирор мамлакат мессенжер хизматидан норози бўлса, компания раҳбарини жиноий жавобгарликка тортмасдан, уни судга бериши керак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг