Тазйиқ ва зўравонликнинг 27 мингдан ортиғи оилада содир этилган
— Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 32 783 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилди, — деди Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Озода Парпибоева АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида. — Ҳимоя ордери бериш натижасида 16 мингдан ортиқ оила яраштирилган, 14 мингдан ортиқ низо бартараф этилган.
Яна қайд этилишича, расмийлаштирилган 2862 та ҳимоя ордери натижасида маъмурий-жиноий жавобгарлик белгиланиб, хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Ушбу тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг энг катта қисми — 27 мингдан ортиғи оилада содир этилган. Саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ Андижон, Самарқанд, Қашқадарё, Навоийда тазйиқ ва зўравонлик ҳолати камайгани аниқланди.
Зўравонликнинг энг кўп аниқлангани бу сисмоний зўравонлик — 9155 тани ташкил этган, ундан кейин жинсий зўравонлик — 68 та, иқтисодий зўравонлик — 340 та, руҳий зўравонлик — 18 мингдан ортиқ, тазйиқ — 6 мингдан ортиқ қайд этилган.
Бош прокуратура бўлим бошлиғи Ўктам Ўтаев, ИИВ ҲПХ бошлиғи ўринбосари Умида Абдуллаева, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Исломиддин Холиқов иштирок этган ушбу тадбирда 9 та вазирлик ва идоралар билан биргаликда хорижий давлатларга узоқ муддатга чиқиб кетган шахслар, вояга етмаганлар орасида салбий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш, профилактик ҳисобда турган хотин-қизлар билан манзилли ишлаш бўйича ҳамкорликдаги чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, ижрога йўналтирилганлиги алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи аёллар учун ижтимоий реабилитация қилиш хизматини кенгайтириш мақсадида 28 та ҳудудий ва намунали туманлараро марказлар қошида 135 та ижтимоий маслаҳатхона ташкил этилган. Ушбу марказлар орқали 5000 дан ортиқ хотин-қизларга маслаҳат ва тавсиялар берилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter