Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Tashkent Indeks»даги талабалар мажбуран чиқарилмайди — вазирлик

«Tashkent Indeks»даги талабалар мажбуран чиқарилмайди — вазирлик

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Tashkent Indeks»даги талабаларнинг айрим олий таълим муассасалари томонидан ётоқхоналарга кўчирилаётгани ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинмоқда, деб хабар берди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги.

Жорий ўқув йили бошида Янгиҳаёт туманида «Tashkent Indeks» савдо мажмуасида талабалар вақтинча туришлари учун шароит яратилган эди.

«Ўтган давр мобайнида аксарият олий таълим муассасалари томонидан талабалар тураржойларида қўшимча ётоқ ўринлари яратилиб, кўчиш истагини билдирган талабалар кўчириб ўтказилди. Шу кунларда эса совуқ ҳаво ҳароратида мажмуа етарли шароитга эга эмаслиги боис, кўчириш ишлари олий ўқув юртлари талабалар тураржойларида кўпроқ қўшимча бўш ўринлари яратилиши, аксариятида янги ётоқхоналар барпо этилиши ҳисобига янада жадаллашди», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, «Tashkent Indeks»да қолишни хоҳловчи талабаларнинг мажбуран чиқариб юборилишига йўл қўйилмайди.

Маълумот берилишича, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида икки қаватли ётоқ ўрни ташкил этиш ҳисобига қўшимча 139 ўринли, Тошкент давлат педагогика университети томонидан Оқтепа педагогика коллежи талабалар тураржойида янги 300 ўринли жой яратилган. Шу каби бошқа ОТМларда ҳам ҳозирда ички имкониятдан келиб чиқиб, қўшимча ўринлар ҳозирланган. Бундан ташқари, Тошкент давлат стоматология институтида 400 ўринга мўлжалланган янги ётоқхона қуриб, фойдаланишга топширилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг